12 920.000 so‘m

decrease

-11.940

14 102.180 so‘m

decrease

-5.270

149.520 so‘m

decrease

-0.660

12 920.000 so‘m

decrease

-11.940

14 февраль, 22:00
Иқтисодиёт

Ёшларга оид давлат сиёсатида қандай янгиликлар бўлиши кутилмоқда?

Президентнинг ёшлар билан учрашувида камбағал оила фарзандларига фоизсиз таълим кредити берилиши, шунингдек, “Алоқабанк” ёшлар банкига айланиши ва бошқа бир қатор таълим, иш ҳамда тадбиркорликка оид имкониятлар эълон қилинди.

Ёшларга оид давлат сиёсатида қандай янгиликлар бўлиши кутилмоқда?
Фото: Президент матбуот котиби

14 февраль куни президент Шавкат Мирзиёев Кўксарой қароргоҳида ёшлар билан учрашиб, улар билан мулоқот қилди. Унда ёшларга оид бир қатор ижобий янгиликлар эълон қилинди.

Ёшлар тадбиркорлиги учун янги имкониятлар

Президент ёшлар тадбиркорлигини ривожлантириш мақсадида 3 та муҳим ҳужжатга имзо чекди. Биринчи ҳужжатга кўра, Ёшлар ишлари агентлиги ҳузурида янги жамғарма ташкил қилиниб, унга 100 миллион доллар ажратилади. Ёш тадбиркорларга 2,5 миллиард сўмгача имтиёзли кредитлар берилади ва стартап лойиҳаларига 2 миллиард сўмгача инвестиция киритилади.

Иккинчи ҳужжатга кўра эса, олийгоҳ битирувчиларининг бандлигини таъминлаш учун янги тизим жорий этилиб, Миллий банк томонидан 100 миллион доллар ресурс ажратилади. Банк, Олий таълим вазирлиги ва Савдо-саноат палатаси битирувчиларга янги банк хизматларини таклиф қилади. Шунингдек, ҳокимлар, банк ва корхона раҳбарларидан иборат комиссия иш ўринлари яратиш ва ёшларни жойлаштириш билан шуғулланади.

Бундан ташқари, кейинги ҳужжат билан, “Алоқабанк” ёшлар бизнес лойиҳаларини қўллаб-қувватловчи махсус банкка айлантирилади ва унга 200 миллион доллар ажратилади. Ўзини ўзи банд қилган ёшлар лойиҳалари учун 100 миллион сўмгача 7 йил муддатга имтиёзли микроқарз берилади. Камида 20 ёшни иш билан таъминлай олган тадбиркорларга 5 миллиард сўмгача кредит ажратилиб, кредитларнинг 30 фоизи хотин-қизлар тадбиркорлиги учун йўналтирилади.

Ҳудудларда “Ёшлар бизнес инкубатори” ташкил этилиб, ёшларнинг ғоялари стартапга айлантирилади, шунингдек, "Алоқа венчур" жамғармаси орқали стартапларга 50 мингдан 1 миллион долларгача инвестиция киритилади.

Ёшлар учун рақамли таълим ва стартаплар

Рақамли технологиялар ва сунъий интеллект соҳасида ҳам катта ўзгаришлар кутилмоқда. “Бир миллион дастурчи” лойиҳасига яна 300 минг ёш жалб қилинади, Coursera платформасида 3 мингдан ортиқ курслар сунъий интеллект орқали ўзбек тилида тақдим этилади.

Мулоқотда 2025 йил IT соҳаси экспортини $1 млрдга етказиш мақсад қилингани таъкидланди. Шунингдек, бу йил “Муҳаммад Хоразмий ворислари” лойиҳаси Қорақалпоғистонда ҳам жорий этилиб, яна 1 минг нафар ёшлар қамраб олиниши маълум қилинди. Бундан ташқари Бирлашган Араб Амирликлари билан ҳамкорликда “Бир миллион сунъий интеллект фойдаланувчилари” лойиҳаси йўлга қўйилади.

Кам таъминланган ёшларга қўшимча имтиёзлар

Таълим соҳасида эса кам таъминланган оилалар фарзандларига фоизсиз таълим кредити берилади, контракт тўловининг бир қисми давлат томонидан қоплаб берилади.

“Ёрқин Истеъдод” лойиҳаси орқали иқтидорли ёшлар хорижда ўқитилиб, ҳар бир маҳалладан истеъдодли, аммо имконияти чекланган ёшлар танлаб олинади ва уларга чет эл олийгоҳларига кириш учун тайёргарлик курслари тақдим этилади.

Хорижда таҳсил олган ёшлар Миллий кадрлар захирасига киритилиб, давлат органларига танловсиз ишга қабул қилинади. Ҳар йили сараланган 1 000 нафар ёш дунёнинг ТОП-100 олийгоҳларига юборилиб, уларнинг ўқиш ва яшаш харажатлари қоплаб берилади.

Бундан ташқари, дунёнинг нуфузли “топ-100” олийгоҳларида илмий даража олган 35 ёшгача бўлган ёш олимларга уй-жой учун 10 йил муддатга 800 миллион сўмгача фоизсиз ссуда ажратилади.

Pinkod.uz сайтида эълон қилинган материаллардан нусха кўчириш, тарқатиш ва бошқа шаклларда фойдаланиш фақат таҳририят ёзма розилиги билан амалга оширилиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 15.10.2024 санасида №440126 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.

© 2025 Pinkod.uz.
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.

18+