Йил бошидан буён учинчи маротаба: “Ўзбекнефтгаз” фаолияти танқидий кўриб чиқилди
23 февраль куни Президент Шавкат Мирзиёев “Ўзбекнефтгаз” АЖ фаолияти бўйича йил бошидан буён учинчи йиғилишни ўтказди. Унда 30 январдаги топшириқлар ижроси, харажатларни оптималлаштириш чоралари, кредит портфелини тартибга солиш ва 2026–2027 йилларга мўлжалланган геология-қидирув режалари юзасидан ахборот берилди.

23 февраль куни Шавкат Мирзиёев аввал берилган топшириқлар ижроси, хусусан, “Ўзбекнефтгаз” акциядорлик жамияти фаолияти самарадорлигини ошириш борасидаги ишлар билан танишди. Бу йил давлат компанияси бўйича учинчи йиғилиш ўтказилмоқда.
Бугун давлат раҳбарига ушбу вазифалар ижроси юзасидан маълумот берилди. Аввало, харажатларни оптималлаштириш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар ҳақида ҳисобот тақдим этилди.
Улар қуйидагиларни ўз ичига олади:
- компания марказий аппаратининг ташкилий тузилмасини қайта кўриб чиқиш ва оптималлаштириш;
- ишлаб чиқариш хизматлари, товарлар ва материаллар, шунингдек, пудрат ишлари нархларини қайта кўриб чиқиш ишларини бошлаш;
- кредит портфелини тартибга солиш;
- асосий фаолиятга дахлдор бўлмаган активларни бошқарувдан чиқариш;
- дебиторлик қарздорлигини қисқартириш бўйича тизимли ишларни йўлга қўйиш.
Йиғилишда геология-қидирув ишларини кенгайтириш ва углеводород захираларини ошириш масалалари ҳам муҳокама қилинди.
Хусусан, 2026–2027 йилларга мўлжалланган режага кўра, қатор ҳудудларда янги участкаларда қидирув ишларини кучайтириш, 3Д-сейсмик разведка ҳажмини кенгайтириш ва қудуқлар қурилишини якунлаш кўзда тутилган. Январь–февраль ойларида иккита янги газ-конденсат кони очилган.
Компаниянинг стратегик ривожланиши доирасида форензик-аудитни жадаллаштириш, харид жараёнларини такомиллаштириш, ESG тамойилларини жорий этиш ҳамда халқаро стандартлар асосида ҳисобот тайёрлаш режалаштирилган.
Президент масъул шахсларга белгиланган вазифа ва тадбирларни аниқ ҳисоб-китоблар, қатъий интизом ҳамда шахсий масъулият асосида амалга оширишни топширди.
30 январь куни ўтказилган тақдимотда компаниянинг операцион самарадорлигини ошириш, молиявий барқарорлигини таъминлаш, геология-қидирув ишларини кенгайтириш ва углеводород захираларини кўпайтириш бўйича вазифалар белгиланган эди.
Аввалроқ “Ўзбекнефтегаз” АЖ ўз тасарруфидаги “Насаф”, “Бухоро” ва “Бунёдкор” футбол клубларига кўрсатиб келинаётган ҳомийликни тўхтатаётгани ҳақида хабар қилинган эди.
Қарор президентнинг 59-сонли фармойиши асосида, соҳага алоқадор бўлмаган харажатларни қисқартириш доирасида қабул қилинган.









