11 825.400 so‘m

decrease

-5.470

13 483.320 so‘m

increase

32.800

140.340 so‘m

increase

1.070

11 825.400 so‘m

decrease

-5.470

5 соат аввал
Иқтисодиёт
98

ЕТТБ Ўзбекистон иқтисодиёти бўйича прогнозини 7,5%гача оширди

Европа тикланиш ва тараққиёт банки (ЕТТБ) Ўзбекистон иқтисодиётининг 2026 йилдаги ўсиши бўйича прогнозини 6,5%дан 7,5%гача оширди. Прогноз уч ой ичида 1 фоиз пунктга яхшиланди, бунга йилнинг биринчи ярмидаги 8,5%лик иқтисодий ўсиш ва кучли ички талаб сабаб бўлган. 2027 йилда эса ўсиш 6%гача секинлашиши кутилмоқда.

ЕТТБ Ўзбекистон иқтисодиёти бўйича прогнозини 7,5%гача оширди

ЕТТБ Ўзбекистон бўйича 2026 йилги иқтисодий ўсиш прогнозини сезиларли даражада юқорига қайта кўриб чиқди.

Банкнинг сентябрдаги “Regional Economic Prospects” ҳисоботига кўра, Ўзбекистон реал ялпи ички маҳсулоти жорий йилда 7,5%га ўсиши кутилмоқда. Июнь ойидаги прогнозда бу кўрсаткич 6,5% эди. Шу тариқа, уч ой ичида баҳо 1 фоиз пунктга оширилган.

Бу ЕТТБ ўзи фаолият юритадиган мамлакатлар бўйича умумий прогнозини пасайтираётган бир пайтда юз бермоқда. Банк ушбу давлатларда 2026 йилги иқтисодий ўсиш прогнозини июндаги 3,1%дан 2,5%гача туширган. Ўзбекистон бўйича баҳо эса аксинча юқорига қайта кўриб чиқилди.

Прогнознинг яхшиланишига йилнинг биринчи ярмидаги юқори иқтисодий фаоллик асос бўлган. Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, Ўзбекистон ЯИМи 2026 йил январь–июнда реал ҳисобда 8,5%га ўсиб, жорий нархларда 1 072,7 трлн сўмни ташкил қилган.

ЕТТБ иқтисодий ўсишни, аввало, хизматлар ва ишлаб чиқариш секторидаги юқори фаоллик, шунингдек кучли ички талаб билан боғламоқда.

Хизматлар сектори Ўзбекистон иқтисодиётининг энг катта қисмини ташкил қилмоқда. Йилнинг биринчи ярмида ушбу соҳада яратилган ялпи қўшилган қиймат 521,6 трлн сўмга етган. Унинг иқтисодиёт тармоқлари томонидан яратилган жами қўшилган қийматдаги улуши 50,8%ни ташкил қилган.

Саноатнинг улуши 26,5%, қишлоқ хўжалигиники 15%, қурилишники эса 7,7% бўлган.

Инвестицион фаоллик ҳам юқори даражада сақланиб қолмоқда. 2026 йил январь–июнда асосий капиталга инвестициялар 338,9 трлн сўмни ташкил қилиб, реал ҳисобда 17,5%га ошган.

Шундан 235,6 трлн сўми хорижий инвестициялар ва давлат кафолатисиз жалб қилинган хорижий кредитлар ҳиссасига тўғри келган.

Янги прогноз билан Ўзбекистоннинг кутилаётган иқтисодий ўсиши Марказий Осиё ва Мўғулистон бўйича ўртача кўрсаткичдан ҳам юқори бўлмоқда. ЕТТБ минтақа иқтисодиётлари 2026 йилда ўртача 5,8%га ўсишини кутмоқда.

Шу тариқа, Ўзбекистон учун 7,5%лик прогноз минтақавий ўртача кўрсаткичдан 1,7 фоиз пункт юқори.

Бироқ ЕТТБ 2027 йилда Ўзбекистон иқтисодий ўсиши 6%гача секинлашишини кутмоқда. Банк Россия иқтисодиётининг секинлашиши ҳамда Россиядан ёқилғи етказиб беришдаги узоқ муддатли узилишларни асосий ташқи хатарлар қаторига киритган.

Pinkod.uz сайтида эълон қилинган материаллардан нусха кўчириш, тарқатиш ва бошқа шаклларда фойдаланиш фақат таҳририят ёзма розилиги билан амалга оширилиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 15.10.2024 санасида №440126 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.

© 2026 Pinkod.uz.
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.

18+