12 093.350 so‘m

increase

4.370

13 867.440 so‘m

increase

65.450

155.220 so‘m

increase

0.750

12 093.350 so‘m

increase

4.370

11 соат аввал
Иқтисодиёт
126

Ерларни аукционга чиқаришдан янги молиявий имкониятларгача: маҳаллаларни ривожлантириш бўйича янги чоралар белгиланди

Маҳалла раисларига хусусий боғча, мактаб, клиника ва спорт иншоотлари қуриш учун бўш ерларни аукционга чиқариш, “маҳалла еттилиги” иш режаларини тасдиқлаш ва ҳудуднинг иқтисодий буюртмасини шакллантириш ваколати берилади. 

Ҳар бир “еттилик”ка 10 миллион сўмдан грант ажратилади ва энг фаол 200 та маҳаллага 2 миллиард сўмдан мукофот берилади. Шунингдек, нотурар объектлардан тушадиган ер ҳамда мол-мулк солиғининг 5 фоизи маҳалланинг ўзида қолдирилади. 

Ерларни аукционга чиқаришдан янги молиявий имкониятларгача: маҳаллаларни ривожлантириш бўйича янги чоралар белгиланди

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 16 июль куни маҳаллаларга янги муҳит олиб кириш ҳамда “маҳалла еттилиги” фаолиятини янгича ташкил қилиш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилиши ўтказилди.

Йиғилишда маҳаллаларга ажратилаётган маблағлар ва берилган ваколатлар амалий натижага айлантирилмаётгани танқид қилинди. Давлат раҳбарининг таъкидлашича, жорий йилда инфратузилмани яхшилаш ҳамда аҳоли ва тадбиркорлар учун шароит яратиш мақсадида туманларга ўртача 250 миллиард сўмдан, маҳаллаларга эса 5,5 миллиард сўмдан маблағ ажратилган.

Туман ҳокимлари ва маҳалла раисларининг тушум бўйича ваколатлари кенгайтирилиши натижасида ҳудудларда қоладиган қўшимча даромад икки баробаргача ошган. Туманларда ўртача 22 миллиард сўмдан қўшимча маблағ, маҳалла бюджетларида эса ўртача 150–200 миллион сўмдан маблағ қолган.

Президент мавжуд ресурс ва ваколатларга қарамай, айрим ҳудудларда масъулият ҳамда ташаббускорлик етишмаётганини қайд этди.

2 мингдан ортиқ маҳаллада бирорта лойиҳа ғолиб бўлмаган

Таҳлилларга кўра, жорий йилнинг ўзида 87 та маҳалланинг ҳар биридан Халқ қабулхоналарига 200 тадан ортиқ мурожаат келиб тушган.

“Ташаббусли бюджет” дастурига бу йил 7,5 триллион сўм ажратилганига қарамай, 2 минг 136 та маҳаллада бирорта ҳам лойиҳа ғолиб бўлмаган.

Бундан ташқари, олти ой давомида банклар томонидан кичик лойиҳалар учун 18,5 триллион сўм ресурс ажратилган. Ушбу маблағлар ҳисобидан 110 мингта микролойиҳа амалга оширилиб, 259 минг нафар фуқаронинг бандлиги таъминланган. Бироқ 47 та маҳаллада атиги иккитадан микролойиҳа ишга туширилган.

960 та камбағал оила яшайдиган 32 та маҳаллада бирорта ҳам эҳтиёжманд фуқаро доимий ишга жойлаштирилмаган. Шунингдек, 883 та маҳаллада банкирлар хонадонбай юриб лойиҳа шакллантирмагани ва тадбиркорлар билан учрашмагани маълум қилинди.

Йил бошидан буён маҳалладаги ишларни тўғри ташкил қилмаган 152 нафар раҳбар лавозимидан озод қилинган, яна 700 нафар мансабдор шахсга интизомий чора қўлланган.

Маҳалла раиси ҳудуднинг “иқтисодий буюртмачиси” бўлади

Янги тизимга кўра, маҳалла раиси фақат ижтимоий муаммоларни қайд этувчи шахс эмас, балки ўз ҳудудининг “иқтисодий буюртмачиси”га айланиши керак.

Ҳар бир раис маҳалланинг иқтисодий ва ижтимоий буюртмасини шакллантиради. Бунда ҳудуддаги муаммо ҳисоб-китоб қилинади, уни ҳал этиш бўйича лойиҳа тайёрланади ва тегишли ташкилотларга аниқ вазифа қўйилади.

Маҳаллаларда хусусий боғча, мактаб, клиника ва спорт иншоотлари қуриш учун бўш ерларни аукционга чиқариш ваколати ҳам маҳалла раисларига берилади.

Маҳалла раиси ҳоким ёрдамчиси, хотин-қизлар фаоли, ёшлар етакчиси, ижтимоий ходим, профилактика инспектори, солиқчи ва маҳалла банкирининг ҳафталик ҳамда ойлик иш режаларини тасдиқлайди. Шунингдек, “еттилик” аъзоларига вазифа бериб, унинг бажарилиши юзасидан сўров олиб боради.

Маҳалладаги ижтимоий муаммоларни ҳал қилиш, тозаликни яхшилаш ва аҳоли даромадини оширишга қаратилган лойиҳалар учун “маҳалла еттилиги”га 10 миллион сўмдан грант ажратилади. Ушбу мақсадлар учун жами 240 миллиард сўмлик ресурс шакллантирилади.

“Маҳалла еттилиги”ни ўқитиш, унинг фаолиятини методик қўллаб-қувватлаш ҳамда маҳаллалардаги муаммоларга илмий ечим ишлаб чиқиш учун Маҳаллани ривожлантириш миллий институти ташкил этилади.

“Оғир” маҳаллаларда кредит ставкаси 12 фоизгача туширилди

Маҳалла банкирларининг фаолияти ҳам қайта ташкил этилади. Эндиликда банклар ҳар бир маҳалланинг “ўсиш нуқтаси”ни аниқлаши, ташаббускор фуқароларни топиши ва даромадли лойиҳаларни кўпайтириши керак.

Битта маҳалла банкирига кўпи билан учта маҳалла бириктирилади. Банкирлар ҳудуддаги корхоналарнинг қандай ишчиларга эҳтиёжи борлигини аниқлаб, ишсиз фуқароларни ушбу касбларга ўқитиш бўйича бандлик органларига буюртма беради. Ўқишни тугатган фуқароларни ишга жойлаштириш ҳам банкирларнинг вазифаларидан бири бўлади.

Жорий йилда оилавий тадбиркорлик лойиҳалари учун қўшимча 2 триллион сўм имтиёзли маблағ ажратилган. “Оғир” маҳаллаларда ушбу кредитлар бўйича фоиз ставкаси 17,5 фоиздан 12 фоизга туширилган.

Давлат банкларига бир ой ичида мингта маҳаллада иш бошлаш ва ҳар бир маҳаллада камида учтадан “локомотив” лойиҳани амалга ошириш вазифаси қўйилди. Бунда “етиштириш — қайта ишлаш — сақлаш — қадоқлаш — сотиш” занжирини яратишга алоҳида эътибор қаратилади.

Энг фаол 200 та маҳаллага 2 миллиард сўмдан берилади

Маҳаллалар бюджетини мустаҳкамлаш бўйича ҳам янги тартиблар жорий этилади. Эндиликда маҳалладаги нотурар объектлардан тушадиган ер ва мол-мулк солиғининг 5 фоизи маҳалланинг ўзида қолади. Бунинг ҳисобидан маҳаллалар ихтиёрида йилига қўшимча 400 миллиард сўм шаклланиши кутилмоқда.

Йил давомида энг кўп тадбиркорлик субъектини рўйхатдан ўтказган, кўп иш ўрни яратган, тушум кўрсаткичи юқори бўлган ва янги солиқ базаларини аниқлаган 200 та маҳалланинг ҳар бирига 2 миллиард сўмдан мукофот берилади.

Янги ташаббуслар ҳисобидан маҳаллалар бюджетига тушум 2026 йилда 1,6 триллион сўмга, 2027 йилдан эса йилига 2 триллион сўмга етиши кутилмоқда.

Давлат хизматлари босқичма-босқич маҳаллага туширилади

Ҳозирда «маҳалла еттилиги» орқали аҳолига 100 га яқин хизмат кўрсатилмоқда. Йиғилишда барча давлат хизматларини босқичма-босқич маҳаллага тушириш вазифаси қўйилди.

Масалан, Норин туманидаги Янги Наманган маҳалласида ташкил этилган Ахборот ва хизмат маркази орқали саккизта олис маҳалла аҳолисига бир жойнинг ўзида 980 турдаги давлат хизмати кўрсатилмоқда.

Йил якунигача ушбу тажрибани Қўнғирот, Конимех, Бойсун, Қамаши, Қўшработ, Тупроққалъа, Ғиждувон, Фориш, Бешариқ, Жалақудуқ ва Оҳангарон туманларида жорий этиш топширилди. Урганч шаҳридаги “ақлли маҳалла” тажрибаси эса ҳар бир вилоятнинг ўнтадан маҳалласида татбиқ қилинади.

Йил якунигача ногиронликни эрта аниқлаш, хонадонларни ногиронлиги бўлган шахслар эҳтиёжига мослаштириш ва ижтимоий уйга жойлаштириш каби 25 турдаги ижтимоий хизмат ҳам маҳаллаларга туширилади.

Шунингдек, уч ой ичида деменция ва ақлий заифлиги бўлган фуқаролар учун 250 та маҳаллада кундузги ҳамда уйда парвариш хизматлари ва “Мадад” уйлари ташкил этилади. Яна 75 та маҳаллада ўзгалар парваришига муҳтож кексалар учун “Фаол ҳаёт” дастури ишга туширилади.

Йиғилишда ижтимоий реестр билан боғлиқ камчиликлар ҳам танқид қилинди. Бир ой давомида 184 та маҳаллада келиб тушган 2 мингта аризанинг барчаси асоссиз рад этилган. Натижада реестрга киритилиш масаласида Президентга юборилган мурожаатлар йил бошидан 30 мингтадан 46 мингтага кўпайган.

Бош прокуратурага ижтимоий реестрнинг тўғри юритилишини қатъий назорат қилиш топширилди.

Намунавий хонадонларга солиқ имтиёзи берилади

Мустақилликнинг 35 йиллиги муносабати билан маҳаллаларда “Ободлик ва меҳр-саховат ойлиги” ўтказилади. Ободонлаштириш ишларини мувофиқлаштириш учун Бош вазир раҳбарлигида республика штаби, ҳокимлар бошчилигида эса ҳудудий штаблар тузилади.

Йил якунида “Энг ораста хонадон”, “Энг файзли ҳовли”, “Энг обод кўча” ва “Энг намунали маҳалла” номинациялари бўйича танловлар ўтказилади.

Ғолиб бўлган кўп қаватли уйлардаги квартираларга мол-мулк солиғи, ҳовли-жойларга эса ер солиғи бўйича имтиёз берилади. Яхши натижа кўрсатган “маҳалла еттилиги” вакиллари ҳам мукофотланади ва уларнинг тажрибаси бошқа ҳудудларда оммалаштирилади.

Pinkod.uz сайтида эълон қилинган материаллардан нусха кўчириш, тарқатиш ва бошқа шаклларда фойдаланиш фақат таҳририят ёзма розилиги билан амалга оширилиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 15.10.2024 санасида №440126 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.

© 2026 Pinkod.uz.
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.

18+