Ер 2025 йилда тарихдаги энг қисқа кунни бошдан кечириши мумкин
1973 йилдан бери мутахассислар Ернинг айланишини аниқлик билан кузатиб боришмоқда. Тахминларга кўра, 2025 йилнинг 5 июль, 9 июль, 22 июль ёки 5 август кунларидан бири Ернинг энг қисқа куни бўлиши мумкин.

Сўнгги йилларда Ернинг айланиш тезлиги олимлар учун кутилмаган ҳолат сифатида қайд этилмоқда.
1973 йилдан бери мутахассислар Ернинг айланишини аниқлик билан кузатиб боришмоқда. 2020 йилдан бошлаб эса Ернинг ўз ўқи атрофида айланиши борган сари тезлашаётганини аниқлашган. Ҳар йили Ернинг энг қисқа куни қайд этилмоқда.
Мутахассисларнинг фикрича, 2025 йилда ҳам бу ҳолат такрорланади.
Тахминларга кўра, 2025 йилнинг 5 июль, 9 июль, 22 июль ёки 5 август кунларидан бири Ернинг энг қисқа куни бўлиши мумкин. Бунда Ойнинг ўша кундаги орбитадаги ҳолати ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлади.
Ер ҳар куни ўз ўқи атрофида айланиши одатда 24 соатни, яъни 86 400 сонияни ташкил этади. Бироқ бу рақам ҳар доим ҳам аниқ бўлмайди. Баъзида айланиш вақти бироз қисқаради ёки чўзилади. Ернинг айнан қанча вақтда айланаётгани “кун узунлиги” (ЛОД) орқали ўлчанади. Бу кўрсаткичлар атом соатлари орқали аниқланади ва ҳатто миллисония даражасида ўзгаришлар ҳам қайд этилади.
Ернинг бундай тез айланиши илм-фан оламида кўплаб саволларни туғдирмоқда. Чунки ўнлаб йиллар давомида Ернинг айланиши секинлашиб келаётган эди. Бу секинлашув Ой тортиш кучи, музликларнинг мавжудлиги, сув оқимлари ва бошқа омиллар билан боғлиқ бўлган. Шунинг учун вақт тизимларига “сакраш сонияси” қўшилиб, мослаштириш ишлари олиб борилади. Эндиликда эса мутахассислар кун қисқаргани сабабли соатдан бир сонияни олиб ташлаш — яъни “орқага сакраш сонияси” киритиш ҳақида ўйлашмоқда.
Ернинг айланишига Ой кучли таъсир кўрсатади. Ойнинг Ерга нисбатан ҳолати ва тортиш кучи айланиш тезлигига тўғридан-тўғри таъсир қилади. Олимларнинг фикрича, 2025 йилда энг қисқа кун айнан Ой тортиш кучининг энг заиф бўлган вақтига тўғри келади. Бу эса юқорида тилга олинган тўрт санадан бирида содир бўлиши мумкин.
Ернинг тезлашуви ҳозирча аниқ бир сабаб билан боғланмаган. Зилзилалар, музликларнинг эриб кетиши, Ер ядросидаги ҳаракатлар ёки океан оқимларининг ўзгариши каби кўплаб эҳтимоллар илгари сурилган. Бироқ ҳозирги илмий асбоб-ускуналар бундай нозик ўзгаришларни тўлиқ аниқлашга имкон бермаяпти.