Энди кредит олишда телефон рақами ҳам шахс номида бўлиши шарт
Ўзбекистонда 22 апрелдан банк карталарини мобил иловаларга улаш ва кредит расмийлаштириш учун телефон рақамининг фойдаланувчи номида бўлиши шарт қилиб белгиланди. Марказий банкнинг янги қарори билан биометрик идентификация ва OTP-кодлардан фойдаланишнинг қатъий мезонлари жорий этилиб, маълумотлар мос келмаган ҳолатларда тизим амалиётларни автоматик равишда тўхтатади.

22 апрелдан бошлаб Ўзбекистонда кредит ва тўлов ташкилотларининг мобил иловалари орқали рўйхатдан ўтиш ва банк карталарини улаш тартиби янгиланади. Марказий банк қарорига мувофиқ, фойдаланувчиларни аниқлаш ва хавфсизликни кучайтиришга қаратилган қатор қўшимча талаблар жорий этилмоқда.
Янги қоидаларга кўра, мобил иловага уланган телефон рақами фойдаланувчининг ўз номида бўлиши шарт. Агар рақам шахснинг ЖШШИР маълумотлари билан мос келмаса, фойдаланувчини рўйхатдан ўтказиш ёки банк картасини иловага улашга рухсат берилмайди. Бундай ҳолатда тизим жараённи автоматик равишда тўхтатади ва фойдаланувчига SMS орқали хабар юборилади.
Шунингдек, иловага киришда ҳам қўшимча текширувлар жорий этилади. Фойдаланувчилар логин ва паролни қайта киритиши, шунингдек телефонга келган бир марталик код (OTP) орқали тасдиқдан ўтиши керак бўлади.
Банк картасини иловага улашда ҳам алоҳида текширув босқичи бўлади. Фойдаланувчи операцияни OTP код орқали тасдиқлаши ва биометрик текширувдан — масалан, юзни аниқлаш орқали — ўтиши талаб этилади.
Яна бир талабга кўра, агар иловага уланмоқчи бўлган банк картасига боғланган телефон рақами бошқа бўлса, тизим картани қўшишга рухсат бермайди. Бу ҳақда фойдаланувчига илова орқали push-хабар юборилади.
Марказий банк, шунингдек, бир марталик кодлардан фойдаланиш тартибини ҳам аниқ белгилаб берди. OTP камида олти белгидан иборат бўлиши, 59 сония давомида амал қилиши ва уч марта нотўғри киритилганда автоматик бекор қилиниши керак. Агар код кетма-кет уч марта нотўғри киритилса, фойдаланувчининг тизимдаги амаллари 15 дақиқага вақтинча чекланади.
Янги тартибга кўра, масофадан биометрик аниқлаш жараёнида “liveness detection” технологияси қўлланилади. У фойдаланувчи камера олдида ҳақиқий инсон эканини текшириш имконини беради ва текширув реал вақтда амалга оширилади.
Шу билан бирга, агар биометрик текширув бошқа ташкилотларга топширилса, улар билан тузиладиган шартномаларда фойдаланувчиларга етказилиши мумкин бўлган зарар учун жавобгарлик масаласи ҳам белгиланиши керак.









