Январь ойида банклардаги муаммоли кредитлар 2,6 трлн сўмга ошди
Марказий банк маълумотларига кўра, банклардаги жами кредит портфели қарийб 534 трлн сўмга етган. Энг кўп муаммоли кредитлар (NPL) ошиши эса давлат банкларида кузатилган.

Марказий банк ҳисоботига кўра, 2024-йил 1-февраль ҳолатида банкларнинг жами кредит портфели 868 миллиард сўмга ошиб, қарийб 534 триллион сўмга етган. Шу билан бирга, муаммоли кредитлар (NPL) ҳажми 2,6 триллион сўмга кўпайиб, жами 23,8 триллион сўмни ташкил қилган.
Давлат банкларидаги ҳолат
Давлат улуши мавжуд банклар орасида энг катта кредит портфелига ва NPL миқдорига эга бўлган банк Ўзмиллийбанк ҳисобланади. Унга тегишли жами кредит портфели 107,49 триллион сўмни, NPL миқдори эса 3,77 триллион сўмни ташкил этмоқда. Шунга қарамай, банкнинг жами кредит портфели 515 миллиард сўмга камайган.
Бундан ташқари, қуйидаги давлат банкларининг кредит портфельларида ҳам пасайиш кузатилган:
- Ўзсаноатқурилишбанк – 144 млрд сўмга камайиш
- Халқ банки – 861 млрд сўмга камайиш
- Туронбанк – 100 млрд сўмга камайиш
Давлат банклари орасида энг кам NPL улушига эга банк Алоқабанк бўлиб, муаммоли кредитлари 343 миллиард сўмни (умумий кредит портфелининг 2,5 фоизи) ташкил қилмоқда. Энг кам кредит портфелига эга банк эса Туронбанк бўлиб, унинг умумий кредит портфели 12,45 триллион сўмни ташкил қилади.
Давлат банклари орасида жами кредит портфелида NPL улуши энг юқори бўлган банк – Бизнесни Ривожлантириш Банки (6,9%), энг кам NPL улушига эга банк эса яна Алоқабанк (2,5%) бўлди. Умуман олганда, январь ойида давлат банкларининг кредит портфели 129 миллиард сўмга ошган, муаммоли кредитлар эса 2,5 триллион сўмга кўпайган.
Хусусий банклардаги ҳолат
Давлат улушига эга бўлмаган банкларда январ ойида кредит портфели 738 миллиард сўмга ошган бўлса, NPL ҳажми 108 миллиард сўмга кўпайган.
Ипотека банк ушбу банклар орасида энг катта кредит портфели ва NPL ҳажмига эга бўлиб, унинг кредит портфели 34,86 триллион сўм, NPL миқдори эса 3,51 триллион сўмни ташкил этган. Шунга қарамай, банкнинг жами кредит портфели ўтган ойга нисбатан 232 миллиард сўмга камайган, NPL ҳажми эса 66 миллиард сўмга пасайган.
Энг катта NPL ўсиши Ориент Финанс Банк да кузатилган – муаммоли кредитлари 82 миллиард сўмга ошган.
9 та банкда NPL умуман мавжуд эмас. Бунга асосий сабаб сифатида ушбу банклар ташкил этилгани ёки кредит бера бошлаганига унчалик ҳам кўп бўлмаганини келтириш мумкин.
Мадад Инвест Банк энг юқори муаммоли кредит улушига эга бўлиб, унинг NPL даражаси 19,5 фоизни ташкил қилмоқда. Бу кўрсаткич ой давомида 4,6 фоизга камайган бўлса ҳам, банк ҳали ҳам энг юқори муаммоли кредитларга эга.
Гарантбанк эса жами кредит портфелидаги муаммоли кредитларнинг энг катта ўсишига эга бўлди – NPL миқдори 31 миллиард сўмга ёки 3,8 фоизга ошди.