Янги iPhone 17 моделларини Ўзбекистонга олиб кириш қанчага тушади?
Божхона қўмитаси мобил қурилмаларни мамлакатга олиб кириш тартибини iPhone 17 моделлари мисолида тушунтирди.

Божхона қўмитаси жисмоний шахслар томонидан мобил қурилмаларни олиб киришда божхона тўловлари бўйича энг кўп берилаётган саволларга расмий изоҳ берди.
Ҳукумат қарорига кўра, шахсий эҳтиёж учун Ўзбекистонга олиб кириладиган товарларнинг божсиз олиб кириш нормалари қуйидагича белгиланган:
- Ҳаво транспортида — 1000 АҚШ доллари,
- Темир йўл ва дарё транспортида — 500 АҚШ доллари,
- Автомобил (пиёда) ўтказиш пунктлари орқали — 300 АҚШ доллари.
Божсиз норма миқдоридан ошган қисмга 30 фоиз миқдорида божхона тўлови ундирилади.
Бундан ташқари, Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 31 январдаги қарорига асосан божхона органлари томонидан божхона кирим ордерини расмийлаштириш учун БҲМнинг 25 фоизи (103 минг сўм) миқдорида йиғим олинади.
Божхона қийматини аниқлаш тартиби
Мобил қурилманинг божхона қиймати харид чеклари, квитанциялар ёки бошқа тижорат ҳужжатлари асосида белгиланади. Агар бундай ҳужжатлар тақдим этилмаса, божхона органлари қийматни мустақил равишда аниқлайди. Бунда улар:
- электрон базалардаги божхона декларациялари маълумотлари,
- ишлаб чиқарувчиларнинг расмий сайтлари ва прайс-варағлари,
- бошқа ишончли манбалардан олинган нархлардан фойдаланади.
iPhone 17 мисолида тушунтириш
Қўмита бу тартибни кўпчилик қизиқаётган iPhone 17 мисолида тушунтирди. Мобил қурилманинг божхона қиймати харид ҳужжатларига асосланади. Агар харид чеки бўлмаса, нарх Apple компаниясининг фуқаро келаётган давлатдаги расмий веб-сайтида кўрсатилган қийматга мувофиқ белгиланади.
Масалан, БААдaн олиб кирилаётган iPhone 17 Pro Max (256 GB) нархи мамлакатда 5 099 дирҳамни ташкил этади. Бу тахминан — 1388,2 АҚШ долларни ташкил қилади. Шунингдек, божхона қиймати ҳам шу сумма асосида ҳисобланади.
Қўмита маълум қилишича, телефонларнинг божхона қиймати улар олиб кирилаётган давлатлардаги нархлар бўйича белгиланади. Шу боис, iPhone 17’ни АҚШ, БАА, Жанубий Корея ёки Хитойдан олиб киришда тўловлар миқдори фарқ қилади. Қўмита энг кўп олиб кирилаётган давлатлар кесимида божхона қиймати бўйича маълумотларни мунтазам эълон қилиб боради.

Қурилмаларни олиб кириш тартиби
Ҳаво транспорти орқали келаётган жисмоний шахслар шахсий эҳтиёж учун 2 дона мобил қурилмани олиб кириш ҳуқуқига эга. Бу қурилмалар йўловчи божхона декларациясида кўрсатилиши шарт. Мазкур декларация кейинчалик мобил қурилмаларни UzIMEI тизимида рўйхатдан ўтказишда асос бўлади.
Эслатиб ўтамиз, 2025 йил сентябрь ойи бошида Apple компанияси янги iPhone 17 смартфонларини тақдим этди. Расмий нархлар қуйидагича:
- iPhone 17 — 799 $,
- iPhone Air — 999 $,
- iPhone 17 Pro — 1099 $,
- iPhone 17 Pro Max — 1199 $.