Ягона QR-код ва нақд тўловларга чекловлар: яширин иқтисодиётга қарши янги чоралар
2026 йил 1 апрелдан айрим тўловлар фақат банк карталари ва электрон тизимлар орқали амалга оширилади. 1 июлдан эса барча савдо ва хизмат кўрсатиш объектларида ягона QR-код орқали тўлов қабул қилиш мажбурий бўлади. Бу чоралар яширин иқтисодиёт улушини сезиларли қисқартиришни мақсад қилади.

Президент нақдсиз ҳисоб-китобларни оммалаштириш ҳамда яширин иқтисодиёт улушини қисқартиришга қаратилган фармонни имзолади. Бу ҳақда Адлия вазирлигининг Ҳуқуқий ахборот канали хабар берди.
Ҳужжатда 2030 йилгача яширин иқтисодиёт улушини камайтириш бўйича асосий мақсадли кўрсаткичлар белгиланган.
Хусусан, ялпи ички маҳсулотга нисбатан кузатилмайдиган иқтисодиёт улуши 1,3 бараварга қисқартирилиши кўзда тутилган. Шунингдек, савдо ва хизмат кўрсатиш соҳаларида аҳоли томонидан нақд пулсиз тўловлар улуши 75 фоизга етказилади.
2026 йил 1 апрелдан бошлаб айрим тўловлар фақат банк карталари ёки электрон тўлов тизимлари орқали амалга оширилади. Уларга қуйидагилар киради:
- давлат органлари томонидан кўрсатиладиган хизматлар;
- электр энергияси, табиий газ ва ичимлик суви учун тўловлар;
- алкоголь ва тамаки маҳсулотлари савдоси;
- ёқилғи қуйиш шохобчаларида аҳолига нефть-газ маҳсулотларини сотиш ва электромобилларни зарядлаш хизматлари;
- қиймати 25 миллион сўмдан юқори бўлган товар ва хизматлар;
- кўчмас мулк объектлари, ишлаб чиқарилганига 10 йилдан ошмаган М, Н, О ва Г тоифадаги транспорт воситалари ҳамда махсус автотранспортларни сотиш ва харид қилиш.
Шунингдек, ҳужжат билан Марказий банкка 2026 йилгача барча савдо ва хизмат кўрсатувчи юридик шахслар учун электрон тўловларни қабул қилишда ягона QR-код тизимини жорий этиш топширилди.
Солиқ қўмитаси эса регулятор билан ҳамкорликда 1 январдан бошлаб тадбиркорлар банклар томонидан генерация қилинадиган ягона QR-код орқали электрон тўловларни қабул қилишини таъминлаш чораларини кўради.
2026 йил 1 июлдан бошлаб савдо ва хизмат кўрсатиш соҳасида ягона ҚР-код орқали тўловларни қабул қилиш мажбурий бўлади. Ягона ҚР-коддан фойдаланмаслик савдо қоидаларини бузиш сифатида баҳоланади.









