“Хонадон харидида шартнома бандларига эътибор беринг” — Рақобат қўмитаси фуқароларни огоҳлантирди
Қўмитанинг таъкидлашича, айрим қурилиш ташкилотлари шартномаларга истеъмолчилар ҳуқуқларини чекловчи бандларни киритмоқда. Шу боис фуқароларга бундай шартларга рози бўлмаслик, зарурат туғилганда эса судга мурожаат қилиш тавсия этилди.

Рақобат қўмитаси фуқароларга янги қурилаётган уй-жойлардан хонадон харид қилишда эҳтиёткор бўлишни тавсия қилди.
Қўмита матбуот хизматининг маълум қилишича, хонадон харид қилишдан олдин тузиладиган шартноманинг барча бандларини диққат билан ўрганиб чиқиш зарур. Агар ҳуқуқий билим етарли бўлмаса, малакали юрист ёки адвокат хизматидан фойдаланиш орқали ҳуқуқий оқибатларни тўлиқ тушуниб олиш тавсия этилади.
Шунингдек, агар шартномада қонунчилик нормаларига зид ёки истеъмолчи ҳуқуқларини чекловчи бандлар мавжуд бўлса, бундай ҳолат юзасидан белгиланган тартибда судга ёки ваколатли давлат органларига мурожаат қилиш мумкинлиги эслатиб ўтилди.
Фуқаролар мурожаатлари кўпаймоқда
Қўмита кўмаги билан 8 нафар фуқаронинг қурилиш ташкилотлари билан тузган шартномалари бекор қилинган, асоссиз жарималар қўлланишига йўл қўйилмаган ва уларга 1,5 млрд сўмдан ортиқ маблағ қайтариб берилган.
Маълумотларга кўра, жорий йилнинг 8 ойи давомида Рақобат қўмитасига кўп қаватли уй-жой қурилиши ва сотиб олиш масалалари бўйича 1000 га яқин мурожаат келиб тушган. Уларда асосан уй-жойларни ўз вақтида топширмаслик, шартномада белгиланган мажбуриятларни бажармаслик, реклама ва эълонларда ваъда қилинган лойиҳаларга амал қилмаслик каби муаммолар кўтарилган.
Айрим қурилиш компаниялари шартномага ноқонуний бандларни киритмоқда
Шунингдек, мурожаатлар таҳлили жараёнида айрим қурилиш компаниялари шартномаларга қонунга зид бандларни киритаётгани аниқланган. Жумладан, кўплаб шартномаларда “агар истеъмолчи шартномани ўз ташаббуси билан бекор қилса, қурилиш ташкилоти истеъмолчи томонидан тўланган маблағнинг ёки шартнома қийматининг 10 фоизини жарима сифатида ушлаб қолади” деган бандлар мавжуд.
Амалда бундай шартлар қонунчиликка зид ҳисобланади. Фуқаролик кодексининг 385-моддасига кўра, шартнома бекор қилинганда фақат иккинчи тарафга аниқ зарар етказилган тақдирдагина компенсация ундирилиши мумкин.
14-моддага мувофиқ, зарар тушунчаси ҳақиқий зарар ва бой берилган фойда сифатида белгиланади. Амалиётда эса истеъмолчи шартномани бекор қилганида қурилиш ташкилотига одатда зарар етмайди. Чунки кўп қаватли уйлар типик лойиҳа асосида қурилиб, бошқа харидорларга бемалол сотилиши мумкин. Бундан ташқари, уй-жойларга талаб юқори ва нархлар мунтазам ошиб бораётгани сабабли қурилиш компаниялари кўпинча фойда олишда давом этади.
Фуқаролик кодексининг 260-моддасида ҳам неустойка (жарима ёки пеня) фақат қарздор мажбуриятини бажармаган ёки лозим даражада бажармаган ҳолларда қўлланиши мумкинлиги белгиланган. Одатда истеъмолчи ўз тўлов мажбуриятларини ўз вақтида бажаради, бироқ қурилиш ташкилоти уй-жойни топширгунга қадар қарздор мақомида қолади. Шу боис истеъмолчи ташаббуси билан шартнома бекор қилинганда ундан жарима ундириш қонунга зид ҳисобланади.
“Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонуннинг 21-моддасига кўра, истеъмолчи ҳуқуқларини чекловчи ва қонунга зид шартлар ҳақиқий эмас, 23-моддасида эса истеъмолчиларнинг устувор ҳуқуқлари кафолатланган. Шунингдек, “Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида”ги қонуннинг 9-моддасида тадбиркорлар рақобат ҳамда истеъмолчилар ҳуқуқларига оид қонунчилик талабларига қатъий амал қилиши шартлиги белгиланган.