Хитой капитали иштирокидаги корхоналар сони бир йилда 44,7 фоизга кўпайди
2026 йил 1 май ҳолатига кўра, Ўзбекистонда хорижий капитал иштирокидаги корхоналар сони 19 490 тага етди. Уларнинг энг кўпи Хитой инвесторларига тегишли бўлиб, бундай компаниялар сони 5 615 тани ташкил этди. Кейинги ўринларда Россия 3 308 та, Туркия 2 216 та, Қозоғистон 1 259 та ва Жанубий Корея 721 та компания билан қайд этилган.

2026 йил 1 май ҳолатига кўра, Ўзбекистонда хорижий инвестициялар иштирокида фаолият юритаётган корхоналар сони 19 490 тага етди. Бу ҳақда Миллий статистика қўмитаси маълумотларида келтириб ўтилган.
Йил бошидан буён ўтган тўрт ойда уларнинг сони 1 326 тага ёки 7,3 фоизга кўпайган. Йиллик ҳисобда эса ўсиш қарийб 3,5 мингта компания ёки 21,7 фоизни ташкил этди.
Корхоналарнинг асосий қисми тўлиғича хорижий таъсисчиларга тегишли. Май ойи бошида бундай корхоналар сони 15 063 тага етган. Бу ўтган йилга нисбатан қарийб 26 фоизга кўп. Шу билан бирга, қўшма корхоналар сони ҳам босқичма-босқич ошиб, 4 427 тани ташкил қилган.
Давлатлар кесимида Хитой бошқа мамлакатлардан анча олдинда бормоқда. Ҳозирда Ўзбекистонда Хитой капитали иштирокида 5 615 та компания фаолият юритмоқда. Бу йил бошига нисбатан 571 тага, ўтган йилнинг май ойига қараганда эса 1 735 тага ёки 44,7 фоизга кўп.
Таққослаш учун, Россия сармояси иштирокидаги корхоналар сони бир йил ичида 8,4 фоизга ошиб, 3 308 тага етган. Шунга қарамай, Россия қўшма корхоналар сони бўйича етакчиликни сақлаб қолмоқда: Хитой капитали иштирокидаги қўшма корхоналар сони 788 та бўлса, Россия бўйича бу кўрсаткич 909 тани ташкил этади.
Кучли учликдан Туркия ҳам жой олган. Туркия капитали иштирокидаги компаниялар сони 2 216 тага етди. Бу январь ойидаги кўрсаткичдан 79 тага, ўтган йилги даражадан эса 252 тага ёки 12,8 фоизга кўп. Қозоғистон капитали иштирокидаги фирмалар сони ҳам бир йилда 13 фоизга ошиб, 1 259 тага етган.
Жанубий Корея капитали иштирокидаги компаниялар сони 721 тани ташкил этди. Бу ўтган йилнинг май ойига нисбатан 8,4 фоизга, йил бошига қараганда эса 4 фоизга кўп. Олтинчи ўринни 656 та фирма билан Афғонистон эгаллаган бўлса, кейинги поғонада 452 та компания билан Озарбайжон қайд этилган.
Шунингдек, етакчи ўнталикка Тожикистон — 437 та, БАА — 427 та, Ҳиндистон — 405 та компания билан кирган. Аввалроқ ўнинчи ўринда бўлган АҚШ эса 356 та фирма билан 12-поғонага тушган.
Хорижий инвесторларни энг кўп қизиқтираётган йўналиш савдо соҳаси бўлиб қолмоқда. Ушбу соҳада хорижий капитал иштирокидаги қарийб 7 мингта компания фаолият юритмоқда. Бундан ташқари, 3,86 мингта фирма саноат, 1 598 таси қурилиш, 1 536 таси эса ахборот ва алоқа соҳасида ишламоқда.









