Харажатларни бошқаришда нолга асосланган бюджетлаш усулидан қандай фойдаланилади?
Мазкур усул ҳар бир пулни аниқ бир тоифага ажратишни назарда тутиб, ортиқча харажатларни камайтиришга ёрдам беради.

Нолга асосланган бюджетлаш (Zero-Based Budgeting – ZBB) — ҳар бир маблағни аниқ бир тоифага тақсимлашни талаб қиладиган бюджет тузиш усули бўлиб, бунда жами даромад ва жами харажатлар ўзаро тенг бўлиши керак. Мақсад — ортиқча ёки режасиз сарф-харажатларнинг олдини олиш ва ҳар бир маблағнинг мақсадли ишлатилишини таъминлашдир.
Нолга асосланган бюджетлаш қуйидаги босқичлардан иборат:
1. Биринчи навбатда, ой давомида олинадиган жами даромад ҳисоблаб чиқилади.
2. Кейинчалик барча харажатлар турли тоифаларга ажратилади: доимий харажатлар, ўзгарувчан харажатлар, жамғарма ва қарз тўловлари ҳамда қўшимча харажатлар.
3. Кейинги босқич – бюджетни мувозанатлаштириш. Бунда харажатлар жами даромадга тенглаштирилади ва ҳар бир маблағ аниқ мақсадга йўналтирилади.
4. Ой давомида бюджет назорат қилиниб, зарурат туғилганда ўзгартиришлар киритилади.
Мисол учун, агар ойлик даромад 11 миллион сўм бўлса, ушбу маблағ қуйидагича тақсимланиши мумкин:
Доимий харажатлар:
- Ижара – 3 000 000 сўм
- Коммунал тўловлар – 800 000 сўм
- Транспорт – 400 000 сўм
Ўзгарувчан харажатлар:
- Озиқ-овқат – 1 500 000 сўм
- Кўчада овқатланиш – 500 000 сўм
- Кўнгилочар харажатлар – 800 000 сўм
Жамғарма ва қарз тўловлари:
- Кредит тўлови – 1 200 000 сўм
- Сақлаб қўйиш – 1 000 000 сўм
Қўшимча харажатлар:
- Совғалар – 300 000 сўм
- Шахсий эҳтиёжлар – 800 000 сўм
- Кутилмаган харажатлар – 700 000 сўм
Агар ҳисоб-китоб натижасида ортиқча маблағ қолса, нолга асосланган бюджетлаш қоидаларига мувофиқ, бу маблағ ҳам аниқ бир тоифага йўналтирилиши лозим. Масалан, уни кредит тўловига қўшимча тарзда ажратиш мумкин.
Ушбу услубдан самарали фойдаланиш учун доимий харажатларга биринчи ўринда маблағ ажратиш, пулларни тўғри бошқаришга ёрдам берувчи иловалар ёки электрон жадваллардан фойдаланиш, кутилмаган харажатлар учун кичик бир захира жамғармасини яратиш, бюджетни ҳафталик текшириб бориш ва реалистик харажат чегараларини белгилаш тавсия этилади.
Мавзуга доир: Пул тежашда конвертлаш усулидан қандай фойдаланилади?