Wolt етказиб бериш хизмати Ўзбекистондаги фаолиятини тўхтатади
Компания 2026 йил 5 мартдан бошлаб илова ва расмий сайт орқали буюртмаларни қабул қилишни тўлиқ тўхтатишини маълум қилди. Қарор бозор шароитлари ва барқарор бизнес юритиш билан боғлиқ қийинчиликлар билан изоҳланган.

Wolt етказиб бериш хизмати Ўзбекистондаги фаолиятини тўхтатади. Бу ҳақда компания ўзининг мобил иловаси ва расмий сайтида маълум қилди.
Компания баёнотида қайд этилишича, 2026 йил 5 мартдан бошлаб илова ёки сайт орқали буюртма бериш имкони бўлмайди.
“Биз Ўзбекистонда хизматимиз фаолиятини тўлиқ тўхтатиш ҳақида қарор қабул қилдик. Бу хабар сиз учун нохуш ёки ноқулай бўлиши мумкинлигини тушунамиз. Кундалик ҳаётингизнинг бир қисми бўлиш биз учун муҳим эди ва Wolt’ни танлаганингиз учун сиздан миннатдормиз”, — дейилади хабарда.
Маълум қилинишича, 2026 йил 4 мартга қадар сервис одатдаги тартибда ишлайди. Фойдаланувчилар илова ва сайт орқали буюртма беришда давом этиши мумкин. 5 мартдан бошлаб эса янги буюртмаларни қабул қилиш тўлиқ тўхтатилади.
Шу билан бирга, фаолият ёпилгандан кейин ҳам мижозларни қўллаб-қувватлаш хизмати ишлашда давом этади. У қайтаримлар, бонус ва кредитлар, шунингдек аввал расмийлаштирилган етказиб беришлар бўйича масалаларни ҳал қилади.
Компания қарорининг асосий сабаби сифатида бозор шароитлари барқарор ривожланиш стандартларига мос келмаётгани кўрсатилган. Бизнес-модель қатор операцион ва иқтисодий қийинчиликларга дуч келган.
Хусусан, компания инвестиция сиёсатини қайта кўриб чиқиб, узоқ муддатли барқарор ўсиш салоҳияти юқори бўлган бозорларга эътибор қаратишга қарор қилган.









