12 009.290 so‘m

decrease

-4.230

13 699.000 so‘m

increase

49.240

154.740 so‘m

decrease

-5.210

12 009.290 so‘m

decrease

-4.230

5 соат аввал
Банк
112

Uzum Bank, “Ипотека-банк”, SQB ва “Агробанк” истеъмолчилар ҳуқуқларини бузгани учун жаримага тортилди

Марказий банк Uzum Bank’ни мижозлар мурожаатлари ва кредит маълумотларини юборишдаги камчиликлар учун 215,5 млн сўм жаримага тортди. 

“Ипотека-банк” мижозлар картасидан маблағларни муддатидан олдин ва розиликсиз ечгани учун 105 млн сўм жарима олди.

“Агробанк” ва SQB эса ахборот беришдаги қоидабузарликлар учун мос равишда 255 млн ва 119,5 млн сўм жаримага тортилди.

Uzum Bank, “Ипотека-банк”, SQB ва “Агробанк” истеъмолчилар ҳуқуқларини бузгани учун жаримага тортилди
Фото: AI/Pinkod.uz

Марказий банк жорий йилнинг биринчи чорагида банклар ва микромолия ташкилотларида молиявий хизматлар истеъмолчиларининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларига риоя этилиши бўйича текширувлар ўтказди.

Текширувлар давомида “Шаффоф-молия” ва Tezcoin микромолия ташкилотлари ҳамда Uzum Bank фаолиятида қонунчилик талаблари бузилгани аниқланди.

Микромолия ташкилотларида микроқарз ажратишда қарз юки бўйича белгиланган талабларга риоя қилинмаган. Шунингдек, мижозлар мурожаатларини кўриб чиқиш, микроқарз шартномаларини расмийлаштириш ва кредит тарихига оид маълумотларни кредит бюроларига ўз вақтида юбориш билан боғлиқ камчиликлар аниқланган.

Uzum Bank’да эса расмий веб-сайтда истеъмолчиларга тақдим этилиши шарт бўлган ахборотнинг минимал ҳажмига оид талаблар бажарилмаган.

Бундан ташқари, банк мижозлар мурожаатларини кўриб чиқишда қонунчилик талабларига риоя қилмаган, истеъмолчиларнинг кредит тарихига оид маълумотларни кредит бюросига кечиктириб юборган ҳамда шартномаларга қонунчиликда назарда тутилган айрим талабларни киритмаган.

Аниқланган қоидабузарликлар учун:

  • “Шаффоф-молия” микромолия ташкилотига — 201 млн сўм;
  • Tezcoin микромолия ташкилотига — 156 млн сўм;
  • Uzum Bank’га — 215,5 млн сўм жарима қўлланилди.

“Ипотека-банк” мижозлар картасидан розиликсиз пул ечган

Марказий банк “Ипотека-банк” фаолияти юзасидан кредит муносабатларига доир истеъмолчилар мурожаатларини ҳам ўрганди.

Ўрганиш давомида банк айрим кредит қарздорликлари учун маблағларни қарз олувчиларнинг банк карталаридан тўлов жадвалида белгиланган санадан олдин ечиб олгани аниқланди.

Шунингдек, кредит шартномасида қарз олувчи ёки биргаликда қарз олувчининг картасидан маблағларни розилигисиз ечиб олиш назарда тутилмаган бўлса-да, банк томонидан пуллар акцептсиз ечиб олинган.

Бундан ташқари, кредит бўйича гаров мулкига нисбатан банк ҳуқуқлари ҳақидаги ёзув гаров реестридан қонунчиликда белгиланган муддатдан кечиктириб чиқарилган. Шартномаларни расмийлаштиришда ҳам қонунчилик талабларига риоя қилинмаган.

Ушбу қоидабузарликлар учун “Ипотека-банк”ка 105 млн сўм жарима қўлланилди.

“Агробанк” ва SQB ҳам жаримага тортилди

Жорий йилнинг биринчи чорагида тижорат банкларининг ҳудудий филиаллари ва алоҳида бўлинмаларида “сирли мижоз” усулидаги назорат тадбирлари ҳам ўтказилди.

Назорат давомида банклар истеъмолчилар билан ишлашда ошкоралик ва шаффофлик, шунингдек, тақдим этилаётган ахборотларнинг тўлиқлиги ҳамда тўғрилигига оид талабларни бузган.

Аниқланган қоидабузарликларнинг хусусияти, миқёси ва давомийлигини ҳисобга олган ҳолда 14 та банкка жами 681,5 млн сўм жарима қўлланилди.

Шундан “Агробанк”ка 255 млн сўм, “Ўзсаноатқурилишбанк”ка эса 119,5 млн сўм жарима белгиланди.

Марказий банк қолган 12 та банкнинг номи ва уларга қўлланган жарималар миқдорини очиқламади.

Шу тариқа, биринчи чоракда банклар ва микромолия ташкилотларига қўлланган ҳамда Марказий банк томонидан очиқланган жарималарнинг умумий миқдори 1 млрд 359 млн сўмни ташкил этди.

Pinkod.uz сайтида эълон қилинган материаллардан нусха кўчириш, тарқатиш ва бошқа шаклларда фойдаланиш фақат таҳририят ёзма розилиги билан амалга оширилиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 15.10.2024 санасида №440126 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.

© 2026 Pinkod.uz.
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.

18+