11 952.730 so‘m

increase

15.130

14 021.750 so‘m

increase

60.730

159.480 so‘m

increase

0.010

11 952.730 so‘m

increase

15.130

4 соат аввал
Банк
37

UZCARD ёки HUMO: I чоракда ким кўпроқ соф фойда олди?

UZCARD 2026 йилнинг I чорагида 437,41 млрд сўм соф фойда олиб, ҲУМЎдан қарийб 2,1 баравар кўпроқ фойда кўрди. HUMO’нинг соф фойда кўрсаткичи 205,95 млрд сўмни ташкил этган. Шунга қарамай, HUMO’нинг соф фойдаси UZCARD’никига нисбатан тезроқ ўсмоқда. HUMO’да бу кўрсаткич ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 328,95 фоизга, UZCARD’да эса 42,21 фоизга ошган.

UZCARD ёки HUMO: I чоракда ким кўпроқ соф фойда олди?
Фото: AI/Pinkod.uz

Ўзбекистондаги икки йирик тўлов тизими — “Ягона умумреспублика процессинг маркази” АЖ (UZCARD) ва “Миллий банклараро процессинг маркази” АЖ (HUMO) 2026 йилнинг I чораги якунлари бўйича молиявий ҳисоботларини эълон қилди. Ҳисоботларга кўра, январь–март ойларида UZCARD 437,41 млрд сўм, HUMO эса 205,95 млрд сўм соф фойда олган.

UZCARD I чоракда 437 млрд сўмдан ортиқ соф фойда олди

“Ягона умумреспублика процессинг маркази” АЖ 2026 йилнинг I чорагида 437,41 млрд сўм соф фойда кўрди. Бу 2025 йилнинг мос даврига нисбатан 129,83 млрд сўмга ёки 42,21 фоизга кўп. Компаниянинг тегишли ҳисоботи Корпоратив ахборот ягона порталида эълон қилинган.

Ҳисоботга кўра, UZCARD’нинг чораклик даромадлари 621,70 млрд сўмга етган. Бу ўтган йилнинг I чорагига нисбатан 38,30 фоизга ёки 172,17 млрд сўмга кўп. Компания харажатлари эса 41,35 фоизга ошиб, 199,95 млрд сўмни ташкил қилган.

2026 йилнинг I чораги якунида UZCARD активлари 1,39 трлн сўмга етган. Устав капитали эса ўзгаришсиз — 50 млрд сўм даражасида қолган.

UZCARD I чоракда 18,67 млрд сўм даромад солиғи тўлаган. Бу 2025 йилнинг мос давридаги кўрсаткичга нисбатан 13,5 баравар кўп. Ўтган йилнинг I чорагида компания 1,28 млрд сўм даромад солиғи тўлаган эди.

Ҳисоботга кўра, UZCARD’нинг 1,19 трлн сўмлик фойдаси тақсимланмай турибди.

Аввалроқ UZCARD 2025 йилда 1,3 трлн сўм соф фойда олгани хабар қилинганди.

HUMO соф фойдаси 3 баравардан кўпроққа ошди

“Миллий банклараро процессинг маркази” АЖ 2026 йилнинг I чорагида 205,95 млрд сўм соф фойда кўрди. Бу 2025 йилнинг мос даврига нисбатан 157,94 млрд сўмга ёки 328,95 фоизга кўп. Компаниянинг тегишли ҳисоботи Корпоратив ахборот ягона порталида эълон қилинган.

Ҳисоботга кўра, HUMO’нинг чораклик даромадлари 308,62 млрд сўмни ташкил этган. Бу ўтган йилнинг I чорагига нисбатан 211,17 фоизга ёки 209,44 млрд сўмга юқори. Компания харажатлари эса нисбатан пастроқ суръатда, 66,36 фоизга ошиб, 55,23 млрд сўмга етган.

2026 йилнинг январь–март ойларида HUMO активлари 714,36 млрд сўмдан 946,19 млрд сўмгача ошган. Устав капитали эса ўзгаришсиз — 155,4 млрд сўм даражасида қолган.

Соф фойда 3 баравардан кўпроққа ошганига қарамай, HUMO I чоракда атиги 11,2 млн сўм даромад солиғи тўлаган. Бу ҳолат компаниянинг 2025 йил 30 апрель куни IT Park резидентлари қаторига қўшилгани ва солиқ имтиёзларидан фойдалангани билан изоҳланади. Шу билан бирга, 2026 йил 1 апрелдан бошлаб тўлов ташкилотлари ва тўлов тизими операторлари IT Park резидентлари рўйхатидан чиқарилган.

Ҳисоботда HUMO’нинг 658,61 млрд сўмлик фойдаси тақсимланмай тургани қайд этилган.

Аввалроқ HUMO’нинг 2025 йилдаги соф фойдаси 312 млрд сўмдан ошгани хабар қилинганди.

Pinkod.uz сайтида эълон қилинган материаллардан нусха кўчириш, тарқатиш ва бошқа шаклларда фойдаланиш фақат таҳририят ёзма розилиги билан амалга оширилиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 15.10.2024 санасида №440126 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.

© 2026 Pinkod.uz.
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.

18+