Uzbekistan Airways 2025 йил биринчи ярмида соф фойдасини деярли 45 фоизга оширди
Uzbekistan Airways 2025 йилнинг январь–июнь ойларида 389,9 миллиард сўм соф фойда кўрди. Бу 2024 йилнинг шу давридаги кўрсаткичга нисбатан 44,9 фоизга юқори.

Uzbekistan Airways 2025 йилнинг январь–июнь ойларида 389,9 миллиард сўм соф фойда кўрди. Мазкур кўрсаткич 2024 йилнинг шу давридагига нисбатан 44,9 фоизга юқори. Бу ҳақда компания томонидан эълон қилинган молиявий ҳисоботда маълум қилинган.
Ҳисоботга кўра, авиабилетлар ва бошқа хизматлар савдоси 8,71 триллион сўмни ташкил этиб, 2024 йилнинг шу даврига нисбатан 14,6 фоизга ошган (2024 йилда 7,6 триллион сўм эди).
Хизматлар таннархи эса фақат 11,4 фоизга кўпайиб, 7,64 триллион сўмни ташкил этди. Натижада компаниянинг ялпи фойдаси 1,07 триллион сўмни ташкил этди, бу ўтган йилга нисбатан 43,3 фоизга кўпдир.
Шу билан бирга, Uzbekistan Airways’нинг операцион харажатлари 504,99 миллиард сўмни ташкил қилган. Ҳисобот даврида компания фойда солиғи сифатида 72,1 миллиард сўм тўлаган.
Молиявий ҳолатга доир яна бир муҳим кўрсаткич - бу компания активлари 16,3 фоизга ошиб, 20,86 триллион сўмга етганидир.
Бундан ташқари, компаниянинг тақсимланмаган фойдасида ҳам сезиларли ўсиш қайд этилган. Ушбу кўрсаткич ҳисобот даври бошига нисбатан 290 миллиард сўмга ёки 98,9 фоизга ошиб, 583,2 миллиард сўмни ташкил қилган.