Уоррен Баффет тавсия қилган 5 та китоб
Дунёнинг энг муваффақиятли инвесторларидан бири ҳисобланган Уоррен Баффет ўз муваффақиятларини доимий ўрганиш ва китоб ўқишга боғлайди. Pinkod.uz Баффет тавсия қилган китобларни жамлади.
Уоррен Баффет — дунёнинг энг машҳур инвесторларидан бири. У ўз муваффақиятларини доимий ўрганиш ва китоб ўқишга боғлайди. Қуйида айнан у томонидан тавсия қилинган бешта китобга тўхталиб ўтамиз.
“Ақлли инвестор” (“The Intelligent Investor”) – Бенжамин Грэм
Бу китоб инвестиция ҳақида ёзилган энг муҳим асарлардан бири ҳисобланади. Унда Бенжамин Грэм узоқ муддатли инвестиция стратегиялари ва рискни бошқариш тамойилларини ўргатади. Китоб асосан инвестиция қилишда хатолардан қочиш ва акциялар қийматини тўғри баҳолашга эътибор қаратади.
“Бизнес cаргузаштлари” (“Business Adventures”) – Жон Брукс
Китобда йирик компанияларнинг тарихий воқеалари ва қийин қарорлар қабул қилишдаги тажрибалар батафсил таҳлил қилинган. Уоррен Баффет бу китобни бизнес стратегиялари ва инсоний хатолардан сабоқ олиш учун муҳим деб ҳисоблайди. Китоб Билл Гейтс томонидан ҳам юқори баҳоланган.
“Оддий акциялар ва ноёб фойда” (“Common Stocks and Uncommon Profits”) – Филип Фишер
Бу китоб компанияларни таҳлил қилишнинг ўзига хос усулларини ўргатади. Фишер китобида компанияларнинг узоқ муддатли ўсиш имкониятларини баҳолаш ва сифатли менежментни танлаш бўйича қимматли тавсиялар бериб ўтган.
“Poor Charlie’s Almanack” – Чарльз Мангер
Баффетнинг доимий ҳамкори бўлган Чарльз Мангернинг қарашлари, қарор қабул қилиш жараёнлари ва фалсафаси бу китобда жамланган. Бу асар нафақат сармоя, балки ҳаётий қарорлар қабул қилишга оид кўплаб дарсларни ҳам ўз ичига олади.
“Энг муҳим нарса” (“The Most Important Thing”) – Ховард Маркс
Китоб инвестиция хатарларини бошқариш ва бозорлардаги эҳтимолий имкониятларни кўра олиш ҳақидаги тушунчаларни оширишга ёрдам беради. Маркснинг фалсафаси Баффет томонидан юқори баҳоланган ва бу китоб инвесторлар учун қимматли қўлланма ҳисобланади.
Уоррен Баффетнинг фикрича, ўқиш ва ўрганиш орқали молиявий саводхонликни ошириш муваффақиятнинг калитидир. Ушбу китоблар эса сизга инвестиция, менежмент ва узоқ муддатли муваффақият ҳақида чуқур тушунча беради.