Трамп инаугурацияси олдидан Bitcoin ўзининг янги энг юқори миқдорига эришди
Президентлик курсисига ўтириши олдидан Трамп ва унинг рафиқаси Меланиа Трамп ўзининг мемкоинларини тақдим этишди. Мемкоинлар ўзи нима ва улар қанчалик рискли?
Доналд Трамп президентлик курсисига ўтириши яқинлашар экан, криптовалюталар бозори катта эътиборни тортмоқда. Bitcoin нархи барча даврлардаги энг юқори кўрсаткичга етиб, ҳозирда $108,570 ни ташкил этмоқда. Сўнгги маълумотларга кўра, кун давомида Bitcoin нархи $109 мингача етиб, тарихий рекордни янгилади. Кейинчалик нарх қисқа муддат ичида $99 мингача пасайган бўлса-да, ҳозирда нарх стабил ҳолатда сақланмоқда.
Трампнинг крипто сиёсати
Экспертларнинг фикрича, ушбу нархларнинг ўсиши Доналд Трампнинг криптовалюталарга бўлган илиқ муносабати ва ушбу соҳани ривожлантиришга қаратилган сиёсатлари сабаб бўлган. Bloomberg хабарига кўра, Трамп криптовалюталарни миллий устувор йўналиш сифатида белгилашни режалаштирган. У, шунингдек, крипто маслаҳат кенгашини ташкил этиш ва миллий Bitcoin захирасини яратишни кўзда тутувчи ижроий фармонни имзолашни мўлжалламоқда. Федерал ҳукумат Bitcoin сотиб олиш ва сотиш имкониятини кўриб чиқмоқда.
$TRUMP ва $MELANIA мемкоинлари
Доналд Трамп ва унинг рафиқаси Мелания Трамп ўзининг иккинчи президентлик муддати олдидан $TRUMP ва $MELANIA номли мемкоинларни ишга туширди. Ушбу криптовалюталар бозорга чиққанидан буён катта қизиқиш уйғотмоқда. CoinGecko маълумотларига кўра, $TRUMP бозорда $11 миллиардлик капиталга эга бўлиб, 21-ўринни эгаллаган. $MELANIA эса $1,19 миллиардлик капитал билан 94-ўринда жойлашган.
Криптовалюталарни фаол қўллаб-қувватловчи Трамп яқинда бўлиб ўтган митингда янги мемкоинларни “инвестиция” деб атади. Унинг рафиқаси Мелания Трамп эса 2025 йил 20 январда $MELANIA криптовалютасини ишга туширди. Бироқ Х’нинг Community Notes функцияси мазкур крипто активни 89% битта ҳамёнда тўпланганлиги учун жуда ҳам катта рискли деб атади.
Мемкоинлар нима?
Мемкоинлар интернетдаги тренд ва мемлардан илҳомланган рақамли активлардир. Улар одатда аниқ мақсадга эга эмас ва кўпинча қизиқарли ёки сатирик лойиҳа сифатида яратилади. Блокчейн технологияси асосида қурилган мемкоинлар маълумотларни марказлашмаган тармоқ орқали ёзади ва улашади.
Машҳур мемкоинлар:
- Dogecoin (DOGE)
- Shiba Inu ($SHIB)
Улар дастлаб ҳазил сифатида яратилган бўлса-да, кейинчалик катта миқдорда мухлислар тўплашга муваффақ бўлди. Ўзбекистон ҳудудида мемкоинлар Telegram мессенжери орқали оммалашмоқда. $NOT ва $DOGS мемкоинлари бунга яққол мисол бўла олади.
Мемкоинларнинг афзалликлари:
- Арзонлиги сабабли янги инвесторлар учун жозибадор.
- Криптовалюталарни ўрганишни бошлаш учун қулай вариант.
Камчиликлари ва рисклари:
- Юқори ўзгарувчанлик ва хавф даражаси.
- Асосан онлайн трендлар ва шов-шувларга боғлиқ.
- Тартибга солинмаганлиги сабабли инвестиция учун хатарли.
- Тўловлар амалга ошириш учун мос эмас.
Бундан кўриш мумкинки, мемкоинларга инвестиция киритиш катта рискли бўлиб, айрим ҳолларда кўп пул йўқотишга олиб келади.