Трамп BRICS’нинг “Анти-Америка” сиёсатини қўллаган давлатларга 10 фоизлик тариф билан таҳдид қилмоқда
Маълумот учун, 6 июль куни BRICS ташкилоти Ўзбекистон, Қозоғистон ва яна саккизта давлатни расмий равишда ҳамкор давлатлар сифатида тан олди.

АҚШ президенти Доналд Трамп BRICS ташкилоти билан яқинлашаётган давлатларга огоҳлантирувчи баёнот берди. Унга кўра, ташкилотнинг “Анти-Америка сиёсатини” қўллаб-қувватлаган ҳар қандай давлатга қўшимча 10 фоизлик бож солиғи жорий этилади.
“BRICS’нинг Анти-Америка сиёсатларини қўллаётган ҳар қандай давлатга қўшимча 10 фоиз бож солинади. Бу сиёсатга ҳеч қандай истисно бўлмайди”,— деб ёзди Трамп Truth Social’даги саҳифасида.
Мазкур баёнот BRICS ташкилотининг 6 июль куни Бразилиянинг Рио-де-Жанейро шаҳрида бўлиб ўтган иккинчи ялпи мажлисидан сўнг эълон қилинди.
Ушбу саммит давомида Ўзбекистон Республикаси расман БРИCСънинг ҳамкор давлати сифатида тан олинди. Шунингдек, Беларус, Боливия, Қозоғистон, Куба, Нигерия, Малайзия, Таиланд, Ветнам ва Уганда ҳам BRICS ҳамкорлари сифатида қабул қилинди.
Саммитда BRICS етакчилари АҚШ ва Исроилнинг Эрон ҳудудидаги ҳарбий ҳаракатларини кескин қоралаган. Давлатлар Исроил ҳукуматини Ғазо секторидан қўшинларни олиб чиқишга чақириб, Яқин Шарқдаги можароларни тинч йўл билан ҳал этиш зарурлигини таъкидлаган.
BRICS – бу Бразилия, Россия, Ҳиндистон, ХХР, ЖАР, БАА, Эрон, Миср, Эфиопия ва Индонезия каби ўнта давлатнинг бирлашмаси бўлиб, ривожланаётган давлатлар ўртасида иқтисодий, молиявий ва сиёсий ҳамкорликни кучайтиришга қаратилган. Ташкилот глобал куч мувозанатини Ғарб мамлакатлари томонига оғиб кетмаслигига қарши туришни мақсад қилган.
Трамп аввалроқ BRICS давлатлари ўзаро савдода АҚШ долларидан воз кечса, уларга 100 фоизли бож жорий қилиш билан таҳдид қилган эди. Бу эса ўз навбатида, BRICS мамлакатлари ўртасида миллий валюталарда ҳисоб-китоб қилиш имконини берадиган тўлов тизимлари ва молиявий механизмларга қизиқишни оширди.
Якшанба кунги саммитда BRICS етакчилари савдо ва инвестициялар учун трансчегаравий тўлов тизимини яратиш бўйича музокараларни давом эттиришга келишиб олди. Ушбу лойиҳа ўн йилдан бери муҳокама қилиниб келмоқда, бироқ ҳозиргача сезиларли натижаларга эришилмаган.