Тошкент–Самарқанд, Тошкент–Ангрен–Қамчиқ ва Тошкент–Чорвоқ йўналишларида пулли йўл лойиҳалари тақдим этилди
Тошкент–Самарқанд йўналишида 282 километр узунликдаги, олтита ҳаракат тасмасига эга пулли йўллар барпо этилиши режалаштирилмоқда.
Йўл цемент-бетон қопламали бўлиб, унда ҳаракатнинг лойиҳавий тезлиги соатига 150 километр этиб белгиланган.
Шунингдек, Тошкент–Ангрен–Қамчиқ йўналишида 171 километрли муқобил йўл, жумладан 33 километр узунликдаги тоннеллар қурилиши кўзда тутилган.

Шавкат Мирзиёев 5 март куни транспорт инфратузилмасини модернизация қилишга қаратилган йирик лойиҳалар доирасида амалга оширилаётган ишлар юзасидан тақдимот билан танишди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Тақдимотда Тошкент–Самарқанд йўналишида янги автомагистраль қуриш лойиҳаси кўриб чиқилди. Режага кўра, йўлнинг умумий узунлиги 282 километрни ташкил этади. Шундан 140 километрлик қисмида тупроқни мустаҳкамлаш ишлари амалга оширилади. Лойиҳа доирасида 12 та транспорт ечими, 91 та кўприк ва 16 та йўл ўтказгич барпо этилиши режалаштирилган.

Мазкур автомагистраль беш йил давомида қурилиши кўзда тутилган бўлиб, Ia тоифали йўл сифатида бунёд этилади. Бу автомобиль йўллари учун энг юқори техник ва хавфсизлик стандартларига мос магистраль ҳисобланади. Унда ҳар бири 3,75 метр кенгликдаги цемент-бетон қопламали олтита ҳаракат тасмаси бўлади. Йўлнинг лойиҳавий тезлиги эса соатига 150 километр этиб белгиланган.
Шунингдек, Тошкент–Ангрен–Қамчиқ довони йўналишида 171 километрлик муқобил автомобиль йўлини барпо этиш лойиҳаси ҳам амалга оширилади. Ушбу йўлда умумий узунлиги 33 километр бўлган тоннеллар ҳамда қатор йирик муҳандислик иншоотларини қуриш режалаштирилган.

Давлат раҳбарига мазкур лойиҳаларни молиялаштириш манбалари ҳамда хорижий инвесторларни жалб этиш бўйича олиб борилаётган музокаралар ҳақида ҳам маълумот берилди.
Автомагистралларни лойиҳалашда замонавий транспорт муҳандислиги ечимларидан фойдаланиш, интеллектуал бошқарув ва мониторинг тизимларини жорий этиш, шунингдек, ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратиш лозимлиги таъкидланди.
Бундан ташқари, тақдимотда Тошкент–Чорвоқ ҳамда Урганч–Хива йўлларини қуриш лойиҳаларининг бориши ҳақида ҳам ахборот берилди.









