Тошкентда уй-жой ва ер нархлари пасайишда давом этмоқда
Марказий банкка кўра, Тошкентда иккиламчи уй-жой бозори нархи 1 квадрат метр учун 15,4 миллион сўмдан 14,9 миллион сўмгача тушган.
Ижара бозорида ҳам тушиш кузатилиб, июнь ойида нархлар йиллик ҳисобда 6,1 фоизга арзонлашган.
Шунингдек, ер участкалари сегментида ҳам нархлар пасайишда давом этмоқда.

Тошкентда кўчмас мулк бозоридаги нархлар пасайиш тенденсиясини давом эттирмоқда. Бу ҳақда Марказий банкнинг 2025 йилнинг иккинчи чораги якунларига бағишланган кўчмас мулк бозори бўйича ҳисоботида айтилади.
Кўчмас мулк нархларининг ўсиш суръатлари ҳудудларга қараб ҳануз турлича бўлиб қолмоқда. Тошкент шаҳрида иккиламчи бозорда 1 кв. м учун ўртача нарх 15,4 млн сўмдан 14,9 млн сўмгача пасайди.
Худди шундай тенденсия Тошкент вилоятида ҳам кузатилган. Ушбу ҳудудда 1 кв. м учун ўртача нарх 8,4 млн сўмдан 8,2 млн сўмгача тушган.
Республиканинг бошқа ҳудудларда эса нархлар ўсишда давом этмоқда. Ҳудудлар кесимидаги нархлар билан қуйида таниш мумкин:

Ижара бозори
Уй-жой ижараси бозорида апрель–июнь ойларида мувозанатли вазият сақланиб қолган. Таклиф ҳажмининг ошиши ва мавсумий талабнинг пасайиши натижасида нархлар барқарорлашган. Республика бўйича ўртача ўсиш суръати нолга яқин бўлиб, июнь ойида йиллик ҳисобда атиги 0,3 фоизга ошган.
Тошкентда эса уй-жой ижараси арзонлашишда давом этмоқда. Июн ойида пойтахтдаги ижара нархлари ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 6,1 фоизга камайди.
Тошкент шаҳрида 2025-йил июнь ҳолатига кўра, 100 кв. м (яъни 1 сотих) ер майдонининг ўртача нархи 334 миллион сўмни ташкил этди. Бу кўрсаткич 2024-йилнинг июнь ойига нисбатан 2,5 фоизга камроқдир.