Тошкентда уй-жой сотиб олиш учун деярли 15 йил вақт кетади — ИТИМ
Нисбатан энг арзон уй-жой бозори Сирдарё, Фарғона ва Қорақалпоғистонда кузатилган.
Тошкент шаҳри (14,9 йил), Самарқанд (13,9 йил) ва Навоий (11,3 йил) вилоятларида эса уй-жой харид қилиш учун кўпроқ вақт талаб этилади.
Шунингдек, 2025 йил январь ҳолатига кўра, тижорат ипотека кредитлари бўйича ўртача фоиз ставкаси 25,3% га тенг бўлди.

Ўзбекистонда уй-жой бозори сўнгги йилларда сезиларли ўзгаришларга дуч келди. Қурилиш суръатларининг ошиши, ипотека кредитлари ҳажмининг кўпайиши ва талабнинг нисбатан барқарорлашуви натижасида бозорнинг умумий кўриниши шаклланмоқда. Бунга оид маълумотлар Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази шарҳида келтириб ўтилган.
Уй-жой таклифи ва қурилиш ҳажми
2017 йилдан бошлаб мамлакатда уй-жой қурилиши жадал ривожланди. 2010-2016 йилларда 400 минг дона янги квартира ва хонадонлар қурилган бўлса, 2017-2024 йилларда бу кўрсаткич 1,65 миллионга етди. Фақатгина 2024 йилда 100 мингдан ортиқ квартирага эга кўп қаватли уйлар қурилиб, умумий уй-жойлар сони 7,6 миллионга етди. Шу билан бирга, фойдаланишга топширилган турар-жой майдони йилига ўртача 14 миллион кв.м. ни ташкил этди. Бу ўзгаришлар натижасида аҳоли жон бошига уй-жой майдони 2017 йилдаги 15,7 кв.м.дан 2024-йилда 19 кв.м.га етди.
Харид қобилияти
2021-2024 йилларда Ўзбекистонда уй-жой харид қилиш қобилияти яхшиланди. 2021-2024 йилларда аҳоли даромадлари 87%га ошган бўлса, уй-жой нархлари 44% га ошди. Нисбатан энг арзон уй-жой бозори Қорақалпоғистон, Сирдарё ва Қашқадарё вилоятларида кузатилиб, ушбу ҳудудларда ўртача 7,3 – 8,4 йил давомида даромад ҳисобидан уй сотиб олиш мумкин.

Тошкент шаҳри (14,9 йил), Самарқанд (13,9 йил) ва Навоий (11,3 йил) вилоятларида эса уй-жой харид қилиш учун кўпроқ вақт талаб этилади. Ушбу кўрсаткич аҳоли даромадлари ва уй-жой нархлари ўртасидаги мувозанатни ифодалайди.
Ипотека кредитлари
Ипотека кредитлари уй-жойга бўлган талабни қўллаб-қувватлайдиган асосий омил бўлиб, сўнгги етти йил ичида сезиларли ўсиш кузатилди. 2017-2024 йилларда ипотека кредитлари ҳажми 4,3 бараварга, кредитлар қолдиғи эса 7 бараварга кўпайган. Бироқ, 2023-2024 йилларда ипотека кредитлари ўсиш суръати секинлашди. 2022 йилда ипотека кредитлаш ҳажми кескин ошган бўлса, 2023 йилда ўсиш 12%, 2024 йилда эса 6% га тушди. 2019-2022 йилларда ажратилган ипотека кредитларининг 90% бирламчи бозорга тўғри келган бўлса, 2023-2024 йилларда бу кўрсаткич 60%га тушди.
2025 йил январь ҳолатига кўра, тижорат ипотека кредитлари бўйича ўртача фоиз ставкаси 25,3% га тенг бўлди. 2025 йилда ҳам уй-жой бозорида талаб ва таклифни қўллаб-қувватлаш давом этиши кутилмоқда. Шу мақсадда, 120 минг квартирали кўп қаватли уйлар қурилиши режалаштирилган. Давлат бюджетидан уй-жой дастурларини молиялаштириш учун 15,5 трлн сўм ажратилиши, тижорат банклари томонидан эса қўшимча 10 трлн сўм ипотека кредитлари ажратилиши мўлжалланмоқда.
Нархлар динамикаси
Сўнгги йилларда уй-жой нархлари барқарорлашиш тенденциясига эга бўлди. 2023 йилда уй-жой нархлари ўртача 23,6% га ошган бўлса, 2024 йилда бу ўсиш 6,2%ни ташкил этди. 2024 йилда энг катта нарх ўсиши Тошкент вилояти (67%), Бухоро вилояти (65%), Фарғона вилояти (54%) ва Хоразм вилояти (52%) да кузатилди. 2024 йил якунида уй-жой нархлари ўсиши пасайишдан тўхтаб, барқарорлик кузатилмоқда.
Уй-жойга бўлган талаб ва олди-сотди
Уй-жой бозоридаги талаб ҳам сезиларли даражада ўзгарди. 2019-2021 йилларда уй-жой бозорида йиллик ўсиш 10% дан юқори бўлган. 2022 йилдан бошлаб эса ўсиш суръати секинлашиб, 2022 йилда 3,8%, 2023 йилда 5,7% ни ташкил қилди. 2024 йилда эса олди-сотди битимлари сони ўтган йилга нисбатан 5,8% га пасайиб, жами 256,6 мингта битим қайд этилди.

Бунда битимларнинг камайиши февраль-сентябрь ойларида кузатилиб, йил охирига келиб бироз ўсиш кузатилди.
Пойтахт ижара бозори
Тошкент шаҳрида ижара бозори ҳам ўзгаришларга дуч келди. 2024 йил декабрь ҳолатига кўра, Тошкентда ўртача ижара нархи 1 кв.м. учун 8,2 долларни ташкил этди, бу ўтган йилга нисбатан 11,5% га кам. 2022 йилда ижара нархлари 25%га ошган бўлса, 2023 йилдан бошлаб пасайиш тенденцияси қайд этилди. Шу билан бирга, 2025 йил бошига келиб, Тошкент шаҳрида уй сотиб олиш ижара нархига нисбатан мақбулроқ бўлиб қолмоқда. Бунга уй-жой нархларининг секин ўсиши, ипотека кредитларининг барқарорлашуви ва ижара бозоридаги талабнинг пасайиши сабаб бўлмоқда.