Тошкентда уй-жой нархлари туманлар кесимида қандай фарқ қилмоқда?
Тошкентда кўп қаватли уйлар бўйича энг қиммат ҳудуд Шайхонтоҳур тумани бўлди. Бу ерда 1 квадрат метр уй-жойнинг ўртача нархи 25,3 млн сўмни ташкил этди. Энг арзон нарх Янгиҳаёт туманида қайд этилиб, 1 квадрат метр ўртача 11 млн сўмга баҳоланган. Якка тартибдаги уй-жойларда эса энг юқори нарх Мирзо Улуғбек туманида, энг паст нарх Бектемир туманида шаклланган.

Тошкент шаҳрида кўчмас мулк нархлари туманлар кесимида сезиларли фарқ қилмоқда. Кўчмас мулкни оммавий баҳолаш миллий маркази электрон савдо платформаларида эълон қилинган маълумотлар асосида пойтахтдаги турар ва нотурар объектларнинг ўртача бозор нархларини таҳлил қилди.
1 июль ҳолатига кўра, Тошкентда кўп қаватли уйлардаги хонадонларнинг ўртача нархи 1 квадрат метр учун 16,5 млн сўмни ташкил этган.
Бу йўналишда энг қиммат ҳудуд Шайхонтоҳур тумани бўлди — 1 квадрат метр учун 25,3 млн сўм. Кейинги ўринларда Миробод тумани — 23,2 млн сўм, Яккасарой тумани — 20,5 млн сўм ва Мирзо Улуғбек тумани — 19,6 млн сўм билан келган.
Энг арзон кўрсаткич эса Янгиҳаёт туманида қайд этилган — 1 квадрат метр учун 11 млн сўм. Шунингдек, Сергели туманида 11,45 млн сўм, Бектемир туманида 11,5 млн сўм, Учтепада эса 13,7 млн сўм атрофида шаклланган.
Якка тартибдаги уй-жойлар бўйича нархлар янада кескин фарқланади. Тошкент шаҳрида 1 сотих учун ўртача нарх 916,9 млн сўмни ташкил этган.
Бу сегментда энг юқори нарх Мирзо Улуғбек туманида қайд этилган — 1 сотих учун 1,72 млрд сўм. Ундан кейин Яккасарой тумани — 1,64 млрд сўм, Юнусобод тумани — 1,44 млрд сўм ва Миробод тумани — 1,08 млрд сўм билан турибди.
Энг паст нархлар Бектемир, Янгиҳаёт ва Сергели туманларида кузатилган. Бектемирда 1 сотих ўртача 394 млн сўм, Янгиҳаётда 404,7 млн сўм, Сергелида эса 494,7 млн сўмга баҳоланган.
Нотурар объектлар бўйича эса энг қиммат ҳудуд Мирзо Улуғбек тумани бўлди. Бу ерда 1 квадрат метр нотурар объектнинг ўртача нархи 24,4 млн сўмни ташкил этган. Кейинги ўринларда Миробод — 23 млн сўм, Яккасарой — 19,8 млн сўм, Шайхонтоҳур ва Юнусобод туманлари — 18,6 млн сўмдан кўрсаткич билан келган.
Нотурар объектлар бўйича энг паст нарх Бектемир туманида қайд этилган — 1 квадрат метр учун 8,3 млн сўм. Сергелида бу кўрсаткич 9,9 млн сўм, Янгиҳаётда 9,8 млн сўмни ташкил қилган.
Марказ маълумотларига кўра, Тошкентда кўп қаватли уйлар бўйича энг қиммат ва энг арзон туман ўртасидаги фарқ қарийб 2,3 бараварга тенг. Якка тартибдаги уй-жойларда эса бу тафовут 4 баравардан ошади.









