Тошкент халқаро инвестиция форумида умумий қиймати $30,5 млрдлик шартномалар имзоланди
Имзоланган шартномалар умумий қиймати ўтган йилга нисбатан 14,6 фоизга, 2023 йилга нисбатан эса уч баробарга ошган.

2025 йил 9–12 июнь кунлари бўлиб ўтган Тошкент халқаро инвестиция форумида (ТХИФ) умумий қиймати 30,5 миллиард АҚШ долларидан ортиқ инвестицион шартномалар ва савдо битимлари имзоланди. Бу ҳақда Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Жорий йилда ТХИФ-2025 8 мингдан ортиқ иштирокчини, жумладан, 97 та давлатдан ташриф буюрган 3 мингга яқин хорижий меҳмонни қамраб олди. Форумда 450 нафар юқори мартабали меҳмон, шу жумладан 312 нафар ҳукумат вакили қатнашди.
Форум доирасида дунёнинг турли мамлакатларидан келган инвесторлар, иқтисодий экспертлар ва расмийлар иштирокида 36 та панель сессияси ташкил этилди. Унда 150 дан ортиқ спикер ўз фикр-мулоҳазалари билан иштирок этди.
Шунингдек, ТХИФ-2025 доирасида саноат кўргазмаси ҳам ўтказилди. 12 минг квадрат метрдан ортиқ майдонда жойлашган мазкур кўргазмада 100 нафар ўзбек ишлаб чиқарувчиси электротехника, фармацевтика, озиқ-овқат саноати, тўқимачилик, чарм-пойабзал, қурилиш материаллари, машинасозлик, конь саноати, металлургия, энергетика, автомобилсозлик, кимё, молиявий хизматлар, ИТ, туризм каби кўплаб соҳаларда ўз маҳсулотлари ва лойиҳаларини намойиш этди.
Кўргазмага ҳар куни 2 мингдан ортиқ меҳмон ташриф буюрди. Унинг доирасида 500 дан зиёд B2B (бизнесдан-бизнесга) ва B2G (бизнесдан ҳукуматга) форматдаги учрашувлар бўлиб ўтди.
Имзоланган шартномалар умумий қиймати ўтган йилга нисбатан 14,6 фоизга ошган бўлиб ($26,6 млрд), 2023 йилдаги кўрсаткич билан таққослаганда эса қарийб уч баробарга кўпайган ($11 млрд).