12 097.330 so‘m

decrease

-31.130

14 233.720 so‘m

decrease

-70.590

160.530 so‘m

increase

1.490

12 097.330 so‘m

decrease

-31.130

9 соат аввал
Иқтисодиёт
47

Тошкент тунги иқтисодиёти: пойтахт 24/7 ҳаётга қанчалик тайёр?

Дунёнинг йирик пойтахтлари тунги вақтда миллиардлаб доллар даромад кўраётган бир пайтда, Тошкентда соат 00:00 дан кейин очиқ масканлар сони 31 фоизгача тушиб кетади. 

Учтепа ва Сергели каби туманларда эса тунги фаоллик даражаси бошқа туманларга нисбатан жуда паст бўлиб, мазкур ҳудудлар фақат ухлаш учун мўлжалланган туманларга айланиб қолган.

Хўш, Тошкентни тўхтовсиз ишлайдиган шахарга айлантириш учун нималар қилиш керак?

Тошкент тунги иқтисодиёти: пойтахт 24/7 ҳаётга қанчалик тайёр?

Жаҳоннинг йирик мегаполислари аллақачон тунги вақтни шунчаки дам олиш эмас, балки даромад, бандлик ва иқтисодий ўсишнинг муҳим драйверига айлантириб улгурди. Глобал урбанизация ва хизматлар соҳасининг ўсиши фонида “тунги иқтисодиёт” (night-time economy) тушунчаси шаҳарсозлик ва иқтисодий таҳлилнинг марказига чиқмоқда.

Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти (IMRS) томонидан Тошкент шаҳри мисолида ўтказилган таҳлиллар пойтахтнинг бу борадаги имкониятлари ва мавжуд тўсиқларни очиб берди.

Тунги Тошкентнинг иқтисодий харитаси

Тошкентда тунги хизматлар ва кўнгилочар масканлар тармоғи шаклланиб улгурган, бироқ уларнинг фаоллик даражаси вақт ўтиши билан кескин пасайиб боради. OpenStreetMap маълумотлари асосида 1587 та кўнгилочар маскан ўрганилганда қуйидаги тенденция аниқланди:

  • Кечки соат 20:00 дан кейин объектларнинг 75 фоизи (1185 таси) ўз фаолиятини давом эттиради.
  • Соат 22:00 га келиб бу кўрсаткич 65 фоизга (1029 тага) тушади.
  • Тунги соат 00:00 да эса бор-йўғи 31 фоиз (501 та) объект очиқ қолади.
  • Тунги 22:00 дан кейин ишлайдиган масканларнинг ярмидан кўпини гастрономик объектлар — кафелар (20,6%), ресторанлар (17,3%) ва фаст-фудлар (14,6%) ташкил этади.

“Ётоқ туманлар” феномени ва марказлашув

Тошкентнинг тунги иқтисодиётида кескин ҳудудий номутаносиблик мавжуд. Соат 22:00 дан кейинги фаоллик асосан шаҳар марказида — Яккасарой (131 та объект) ва Миробод (112 та объект) туманларида жамланган.

Бунинг акси ўлароқ, Учтепа (52 та), Сергели (36 та), Бектемир (26 та) ва Янгиҳаёт (15 та) каби чекка туманларда тунги фаоллик жуда паст. Бу ҳолат ушбу ҳудудларнинг фақат ухлаш учун мўлжалланган “ётоқ туманларга” (dormitory districts) айланиб қолишига олиб келмоқда. Оқибатда чекка туман аҳолиси кечки ҳордиқ учун марказга интилади, бу эса ўз навбатида транспорт тизимига юкламани ва йўллардаги тирбандликни оширади.

Ривожланишга тўсқинлик қилаётган асосий омиллар

Тунги бизнеснинг кенгайиши фақатгина талабга эмас, балки шаҳар инфратузилмасига бевосита боғлиқ.

1. Жамоат транспортидаги чекловлар

Пойтахтдаги 164 та автобус йўналишидан 108 таси фақат соат 23:00 гача ишлайди. Тошкент метрополитени эса соат 00:00 да ўз фаолиятини тўхтатади.Бу чекловлар аҳолини қимматроқ такси хизматларидан ёки шахсий автомобилдан фойдаланишга мажбур қилмоқда. 

Эътиборлиси, йўл-транспорт ҳодисаларининг энг юқори кўрсаткичлари айнан кечки 18:00 дан 22:00 гача бўлган вақт оралиғига тўғри келади.

2. Тунги ёритилганлик ва хавфсизлик

Тадқиқотлар шуни кўрсатадики, кўчаларнинг ёритилганлик даражаси бизнес фаоллигига тўғридан-тўғри таъсир қилади. 

100x100 метрлик ҳудудда ёритиш интенсивлигининг ошиши (тахминан 2-5 lux) тадбиркорлик субъектининг 22:00 дан кейин ишлаш эҳтимолини ўртача 23 фоизга оширади. 300x300 метрлик зоналарда эса ёритилганлик бизнеснинг тунги фаолият юритиш эҳтимолини 54 фоизгача ошириши мумкин.

Жаҳон тажрибаси: Мегаполислар қандай ишлайди?

Хориж тажрибаси шуни кўрсатадики, тунги иқтисодиёт алоҳида бошқарув ва қонунчиликни талаб қилади.

  • Лондон: Тунги иқтисодиёт ҳажми 2024 йилда 153,9 миллиард фунт стерлингни ташкил этган ва бу соҳада 1,3 миллион киши банд. Шаҳарда махсус “Nightlife Taskforce” экспертлар гуруҳи тунги инфратузилма ва бизнес имкониятларини кенгайтириш устида ишлайди.
  • Амстердам: 2012 йилдаёқ "Тунги мер" мустақил нодавлат лавозими жорий қилинган бўлиб, у бизнес, аҳоли ва ҳукумат ўртасидаги мулоқотни таъминлайди. Тунги объектлар йилига 1,25 миллиард евро даромад келтиради.
  • Шанхай: "Тунги Шанхай" бренди остида фестиваллар ва кечки савдо рағбатлантирилади. Шаҳарнинг 75 фоизи тўлиқ тунги ёритиш билан таъминланган ва жамоат транспорти кечаси 4 миллион йўловчига хизмат кўрсатади.
  • Истанбул:  Истанбул шаҳрида тунги иқтисодиёт Лондон ва Амстердам шаҳарлари тажрибасидан фарқли равишда, алоҳида стратегия ва мустақил институтсионал ёндашувга асосланмаган бўлиб, у умумшаҳар ривожланиш сиёсати доирасида шаклланган. Тунги хизмат кўрсатиш фаолияти асосан туризм, гастрономия ва маданий тадбирлар билан интегратсиялашган ҳолда ривожланади.

Қандай қадамлар ташланиши керак?

Тошкентни 24/7 форматидаги замонавий мегаполисга айлантириш учун IMRS тадқиқотчилари бир қатор стратегик ечимларни таклиф қилмоқда:

  1. Институционал бошқарув: Тунги иқтисодиёт экотизимини мувофиқлаштириш учун "Тунги иқтисодиётни ривожлантириш бўйича ҳоким ўринбосари" лавозимини жорий этиш.
  2. Ҳудудларни тоифалаш: Шаҳарни тунги фаоллигига қараб 3 та тоифага (ядро, ўсиш ҳудудлари ва суст ҳудудлар) ажратиш ва ҳар бири учун алоҳида дастурлар ишлаб чиқиш.
  3. Транспорт инфратузилмаси: Дам олиш кунлари Тошкент метрополитени иш вақтини синов тариқасида соат 01:00 гача узайтириш. Чекка туманларни марказ билан боғловчи махсус тунги автобус йўналишларини (жума-якшанба кунлари) йўлга қўйиш.
  4. Шаҳар муҳитини мослаштириш: Пиёдалар йўлакларини тўлиқ ёритиш, 24 соат ишлайдиган санитария нуқталарини ўрнатиш ва тунги чиқинди йиғиш режимини жорий қилиш.
  5. Маданий ҳаётни жонлантириш: Кечки ярмаркалар, очиқ осмон остидаги кинотеатрлар, "музейлар кечаси" ва ягона тунги тадбирлар тақвимини ишлаб чиқиш.

Pinkod.uz сайтида эълон қилинган материаллардан нусха кўчириш, тарқатиш ва бошқа шаклларда фойдаланиш фақат таҳририят ёзма розилиги билан амалга оширилиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 15.10.2024 санасида №440126 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.

© 2026 Pinkod.uz.
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.

18+