Тошкент иккиламчи уй-жой бозорида йиллик нархлар деярли барча сегментларда ошди
2026 йил май ойида Тошкентнинг иккиламчи уй-жой бозорида тўлиқ таъмирланган хонадонлар нархи туманлар ва хоналар сони бўйича кўриб чиқилган 40 та йўналишдан 39 тасида ўтган йилга нисбатан ошди. Ойлик динамикада эса энг катта ўсиш бир хонали уйлар сегментида кузатилди.

Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти 2026 йил май ойида Тошкент шаҳридаги кўп қаватли уй-жойларнинг таклиф нархлари ва бозор фаоллигини таҳлил қилди.
Таҳлилга кўра, бирламчи ва иккиламчи бозорда кичик ҳамда ўрта хонали уйлар нархи асосан барқарор ёки ўсувчи динамикани сақлаб қолган. Катта — тўрт ва ундан ортиқ хонали хонадонларда эса ҳар икки бозорда ойлик пасайиш қайд этилган.
Иккиламчи бозорда бир хонали уйлар бир ойда 5,8 фоиз қимматлашди
Апрелдан майга қадар иккиламчи бозорда бир хонали уйларнинг бир квадрат метри ўртача 5,8 фоизга ёки 86 долларга қимматлашди. Икки хонали уйлар нархи 0,6 фоизга, уч хонали уйлар эса 0,5 фоизга ошди.
Тўрт ва ундан ортиқ хонали уйларнинг таклиф нархи эса бир ой ичида 0,4 фоизга ёки бир квадрат метр ҳисобида 5 долларга пасайди.
Бирламчи бозорда энг катта ўсиш уч хонали хонадонларда кузатилиб, нархлар бир ойда 2,7 фоизга ёки 43 долларга кўтарилди. Бир хонали уйлар 1,1 фоизга қимматлашган бўлса, икки хонали уйлар 1,1 фоизга, тўрт ва ундан ортиқ хонали уйлар 1,5 фоизга арзонлашди.
Бу динамика май ойида кичик ва ўрта ҳажмдаги хонадонлар сегменти йирик хонадонларга қараганда барқарорроқ бўлганини кўрсатади.
Иккиламчи бозордаги 40 та йўналишдан 39 тасида йиллик ўсиш
Тўлиқ таъмирланган иккиламчи уйларнинг нархлари туманлар ва хоналар сони бўйича таҳлил қилинганда, 40 та кўрсаткичдан фақат биттасида йиллик пасайиш қайд этилган. Мирзо Улуғбек туманидаги тўрт хонали уйлар нархи 2025 йил майига нисбатан 1,3 фоизга камайган.

Қолган барча туман ва сегментларда нархлар йиллик ҳисобда ошган. Жумладан, бир хонали уйлар нархининг энг катта ўсиши Мирзо Улуғбек туманида — 19,4 фоиз, Сергелида — 18,4 фоиз ва Юнусободда — 15,4 фоизни ташкил этди.
Икки хонали уйлар сегментида Мирзо Улуғбек туманида нархлар 18,3 фоиз, Шайхонтоҳурда 15,6 фоиз ва Яккасаройда 15,4 фоизга ошган.
Уч хонали уйлар бўйича Юнусободда 11,5 фоизлик, Чилонзорда 8,7 фоизлик ва Мирзо Улуғбекда 8,2 фоизлик йиллик ўсиш қайд этилган. Тўрт хонали уйлар орасида энг юқори ўсиш Учтепада — 14 фоиз ва Олмазорда — 12,6 фоизни ташкил қилган.
Мирободдаги уйлар Сергелидан қарийб икки баравар қиммат
Уй-жой нархлари ҳудуд ва таъмир даражасига қараб сезиларли фарқланмоқда. Бирламчи бозордаги тўлиқ таъмирланган уйларнинг бир квадрат метри Миробод туманида ўртача 2 137 долларни, Сергелида эса 1 070 долларни ташкил этди. Фарқ қарийб икки баравар.
Иккиламчи бозорда ҳам энг юқори медиан нарх Мирободда қайд этилган — бир квадрат метр учун 1 853 доллар. Сергелида мазкур кўрсаткич 984 доллар бўлиб, туманлар ўртасидаги тафовут 1,9 бараварни ташкил қилган.
Ўрта таъмирланган уйлар бўйича бирламчи бозорда Мирободдаги нарх 2 122 доллар, Учтепада эса 1 037 долларни ташкил этди. Иккиламчи бозорда Мирободдаги ўрта таъмирланган уйлар бир квадрат метри 1 531 доллардан, Сергелида эса 955 доллардан таклиф этилган.
Марказга яқин Миробод, Яккасарой ва Мирзо Улуғбек туманларида тўлиқ таъмирланган уйларнинг нархи, хоналар сонига қараб, бир квадрат метр учун 1 298 доллардан 2 162 долларгача шаклланган. Учтепа, Олмазор ва Сергели туманларида эса нархлар асосан 909–1 400 доллар оралиғида бўлган.
Нақдсиз ҳисоб-китоблар ҳозирча нархларга кескин таъсир қилмаган
Институт баҳолашича, уй-жой олди-сотдисида нақдсиз ҳисоб-китоб тартибининг жорий этилиши апрель–май ойларида таклиф нархларининг кескин ўзгаришига олиб келмаган.
Бироқ янги тартибнинг бозордаги якуний таъсирини баҳолаш учун 2026 йилнинг иккинчи ва учинчи чоракларидаги динамика муҳим бўлади.









