12 123.380 so‘m

increase

51.350

14 094.640 so‘m

increase

77.810

149.190 so‘m

increase

1.180

12 123.380 so‘m

increase

51.350

2 кун аввал
Технология

Тим Кук Appleʼдаги CEO лавозимидан кетиши мумкин

Apple’ни 14 йилдан бери бошқариб келаётган Тим Кук 65 ёш арафасида CEO лавозимини топшириши мумкин. Манбаларга кўра, Apple’даги асосий номзод сифатида муҳандислик бўйича катта вице-президент Жон Тернус тилга олинмоқда.

Тим Кук Appleʼдаги CEO лавозимидан кетиши мумкин
Фото: AI / Pinkod.uz

Жаҳоннинг энг йирик технология гигантларидан бири Apple компаниясида раҳбарият даражасида ўзгариш бўлиши мумкин. Бу ҳақда Daily Mail хабар берди.

Apple бош директори Тим Кук сўнгги 14 йил давомида 4 триллион долларлик компанияни барқарор ва қатъий бошқариб келмоқда. Аммо унинг 65 ёшга тўлишига бир ойдан ҳам кам вақт қолган бир пайтда, узоқ йиллик раҳбар лавозимини топширишга тайёрланаётгани ҳақидаги миш-мишлар тобора кучаймоқда.

2011 йилда Стив Жобс компанияни тарк этганидан бери Apple раҳбариятида деярли ҳеч қандай катта ўзгариш бўлмаган. Шунга қарамай, жаноб Кукнинг кутилатаётган истеъфоси компания ичида сезиларли ўзгаришларга сабаб бўлиши мумкинлиги айтилаётгани қайд этилган.

Расмий ворислик режаси ҳақида ҳозирча маълумот берилмаган, бироқ компания ичида бир нечта номзодлар аллақачон потенциал CEO сифатида тилга олинмоқда.

Узоқ вақт давомида бу лавозимга энг асосий даъвогар сифатида Apple’нинг бош операцион директори Жефф Уилямс қаралган эди. У 10 йил давомида Тим Кукнинг энг яқин ўринбосари бўлиб ишлаган ҳамда Apple Watch’нинг муваффақиятли чиқишида муҳим роль ўйнаган. 62 ёшли Уилямс табиий ўринбосар сифатида кўрилган бўлса-да, июль ойида у ўз лавозимини тарк этишини ва келаси йили компанияни бутунлай тарк этишини маълум қилган.

Шундан сўнг, Apple’нинг кейинги раҳбари ким бўлиши мумкинлиги ҳақидаги тахминлар янада кучайди.

Bloomberg’нинг Apple бўйича энг ишончли манбаларидан бири, журналист Марк Гурман маълумотига кўра, бош директор лавозимига энг яқин номзод — компаниянинг аппарат муҳандислиги бўйича катта вице-президенти Жон Тернусдир.

Тернус 2001 йилдан бери Apple муҳандислик жамоасида фаолият юритиб келади. У компаниянинг энг муҳим маҳсулотлари — iPhone’нинг сўнгги авлодлари ва AirPods каби дунё бўйлаб муваффақият қозонган қурилмалар яратилишида бевосита иштирок этган. 2013 йилда вице-президент лавозимига кўтарилган Тернус, шунингдек, Apple’нинг ўз чипларини ишлаб чиқиш жараёнида ҳам асосий роль ўйнаган.

Ҳозирда 50 ёшда бўлган Жон Тернус айнан шу ёшда Тим Кук раҳбарликка тайинланган пайтдаги ҳолатни эслатади. Шу боис, кўплаб таҳлилчилар уни Apple’нинг келгуси ўн йилликдаги изчил ривожланишини таъминлай оладиган энг муқобил номзод сифатида кўришмоқда.

Pinkod.uz сайтида эълон қилинган материаллардан нусха кўчириш, тарқатиш ва бошқа шаклларда фойдаланиш фақат таҳририят ёзма розилиги билан амалга оширилиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 15.10.2024 санасида №440126 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.

© 2025 Pinkod.uz.
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.

18+