TikTok яратувчиси Чжан Имин Хитойнинг энг бой одами деб топилди
Шунингдек, у 57,5 миллиард долларлик бойлиги билан Ҳиндистонлик Мукеш Амбани ва Гаутам Аданидан кейин Осиёдаги учинчи энг бой инсонга айланди.

TikTok иловасининг эгаси бўлган ByteDance компанияси асосчиси, 41 ёшли Чжан Имин Хитойнинг энг бой одами сифатида тан олинди.
Унинг умумий бойлиги 57,5 миллиард долларга етиб, у аввалги етакчилар — шиша сув саноати тадбиркори Чжун Шаньшань ва Tencent Holdings ҳаммуассиси Пони Мани ортда қолдирди.
Bloomberg Миллиардерлар Индексига кўра, Чжан ҳозирда Осиёда учинчи энг бой инсон бўлиб, фақат ҳиндистонлик Мукеш Амбани ва Гаутам Адани ундан олдинда турибди. Унинг бойлиги сўнгги вақтларда 10 миллиард долларга ошди. Бунга BlackRock, Fidelity Investments ва T. Rowe Price Group каби инвесторларнинг ByteDance’ни 365 миллиард долларга баҳолагани сабаб бўлди.
ByteDance’нинг TikTok иловаси АҚШ ҳукумати томонидан тақиқланиш хавфи остида қолган. Доналд Трамп компанияга 5 апрелгача вақт берган, шу муддат ичида ByteDance АҚШдаги операцияларини сотиши ёки тақиқ билан юзлашиши керак. Bloomberg хабарига кўра, Oracle (йирик булутли технология компанияси) TIkTok’нинг АҚШдаги бўлимини сотиб олиш бўйича таклифни кўриб чиқмоқда.
Халқаро миқёсда Tesla бош директори Илон Маск ҳали ҳам 336 миллиард доллар бойлиги билан дунёдаги энг бой инсон ҳисобланади. Ундан кейинги ўринни Amazon асосчиси Жефф Безос $222 млрдлик бойлик билан эгаллаган. Кучли учликни Марк Цукерберг якунлаб берган($213 млрд).
Эслатиб ўтамиз, TikTok ижтимоий тармоғи ҳозирда Ўзбекистон ҳудудида блокланган. Шунга қарамасдан, компания 2024 йилда электрон хизматлар кўрсатувчи хорижий компа ичида топ 10 солиқ тўловчи қаторига кирган.
Компания ушбу даврда жами 7,4 миллиард сўмлик савдо айланмасини амалга ошириб, 903 миллион сўм солиқ тўлаган.