The New York Times Letterboxd’ни 330 млн долларга сотиб олмоқчи
АҚШнинг The New York Times медиа компанияси фильмлар ҳақида шарҳлар ёзиш ва баҳолашга мўлжалланган Letterboxd платформасини сотиб олиш бўйича эксклюзив музокаралар олиб бормоқда. Битим қиймати 330 млн долларга баҳоланмоқда, бироқ томонлар ҳозирча якуний келишувга эришмаган.

Reuters хабарига кўра, The New York Times Company Letterboxd’ни харид қилиш учун асосий номзодга айланган. Илгари платформани сотиб олишга A24 ва Sony Pictures ҳам қизиқиш билдирган. Бироқ нарх ошиши ортидан A24 музокаралардан чиққан.
2011 йилда Янги Зеландияда ташкил этилган Letterboxd фойдаланувчиларга фильмларни баҳолаш, шарҳлар ёзиш, томоша қилинган картиналар рўйхатини юритиш ва бошқа кино ихлосмандлари билан фикр алмашиш имконини беради. Платформа аудиторияси 30 млн кишидан ошган.
Кутилаётган битим қиймати 330 млн доллар бўлиб, бу 2023 йилдаги 50–60 млн долларлик баҳосидан 5,5–6,6 баравар юқори.
Letterboxd’нинг 2026 йилдаги фоизлар, солиқлар ва амортизациядан олдинги фойдаси (EBITDA) тахминан 15 млн доллар бўлиши кутилмоқда. Демак, таклиф қилинаётган харид нархи ушбу кўрсаткичдан 22 баравар юқори.
Ҳозирда Letterboxd’нинг 60 фоизи Канаданинг Tiny компаниясига, қолган 40 фоизи эса асосчилар Matthew Buchanan ва Karl von Randow’га тегишли. Эҳтимолий келишувга кўра, асосчилар платформани бошқаришда давом этиши, Letterboxd эса мустақил хизмат сифатида сақланиб қолиши мумкин.
The New York Times учун бу янгиликлар бизнесидан ташқаридаги навбатдаги йирик харид бўлади. Компания аввалроқ The Athletic спорт нашрини 550 млн долларга сотиб олган, шунингдек, Wirecutter ва Wordle’ни ҳам ўз таркибига қўшган.
9 ноябрь ҳолатига кўра, харид якунлангани тасдиқланмаган. Музокаралар муваффақиятсиз тугаши ҳам мумкин.









