Tesla Илон Маскка $29 млрдлик акциялар пакетини тақдим этмоқда
Tesla компанияси ўз раҳбари Илон Маск учун тахминан $29 млрд қийматидаги акциялар тақдим этишни маъқуллади.
Бу қарор аввал суд томонидан бекор қилинган мукофотни қисман қоплаш ва Маскни компанияда сақлаб қолиш мақсадини кўзлайди.
Маск акцияларни олиш учун 2027 йилгача Tesla’да асосий раҳбар сифатида ишлашда давом этиши лозим.

Tesla дунёга машҳур раҳбари Илон Маск учун тахминан $29 млрд қийматидаги акциялар тақдим этишни маъқуллади. Бу ҳақда New York Times хабар берди.
Компания унга 96 миллионта акция ажратиш ҳақида қарор қабул қилди. Маск бу акцияларни фақатгина Tesla’да Бош директор лавозимида камида икки йил фаолият юритганидан сўнг қўлга киритиши мумкин.
Бу пакет 2018 йилда берилган, аммо 2024 йил бошида суд томонидан бекор қилинган рекорд даражадаги мукофот режасининг қисман ўрнини босади. Ўшанда директорлар кенгаши $50 млрддан ортиқ мукофотни тасдиқлаган эди. Бироқ 2024 йил бошида суд бу битимни ҳақиқий эмас деб топди. Суд қарорининг асосий сабаблари сифатида манфаатлар тўқнашуви ва акциядорлар овоз беришдан аввал барча маълумотга эга бўлмагани кўрсатилган.
Янги акциялар пакети Маскнинг компаниядаги овоз беришдаги улушини босқичма-босқич оширишни кўзда тутади. Директорлар кенгаши бу қарорни Маскнинг мотивациясини сақлаб қолиш ва унинг Tesla’га бўлган диққатини мустаҳкамлаш учун муҳим, деб ҳисобламоқда.
Маск акцияларни олиш учун 2027 йилгача Tesla’да асосий раҳбар сифатида ишлашда давом этиши лозим. Бундан ташқари, тақдим этиладиган акциялар беш йил мобайнида сотилиши мумкин эмас. Фақат солиқ тўловларини амалга ошириш ёки уларни $23,34 нархда қайта сотиб олиш учун айрим истиснолар мавжуд.
Tesla инвесторларининг аксарияти ушбу қарорни ижобий қабул қилди ва натижада компания акциялари premarket савдосида 2 фоиздан ортиқка кўтарилди. Айрим таҳлилчилар бу қарор Маскнинг Tesla’даги келажаги борасидаги ноаниқликларни бартараф этганини таъкидламоқда.
"Бизнингча, бу мукофот энди Маскни камида 2030 йилгача Тесла бош директори сифатида олиб қолади ва акцияларга босим бўлаётган ноаниқликни йўқотади", – деди WedBush Securities таҳлилчиси Ден Ивес ўзининг тадқиқот хулосасида.
Шу билан бирга, 2025 йил бошидан буён Tesla акциялари 25 фоизга арзонлашди. Бунинг асосий сабаби сифатида Маскнинг АҚШнинг собиқ президенти Дональд Трамп билан алоқалари, шунингдек, компаниянинг Детройтдаги йирик автомобилсозлар ва Хитойдаги рақобатчилар билан кучли рақобатга дуч келаётгани кўрсатилади.