12 014.480 so‘m

decrease

-39.550

13 858.700 so‘m

decrease

-73.350

166.610 so‘m

decrease

-0.440

12 014.480 so‘m

decrease

-39.550

9 соат аввал
Технология
66

Telegram смарт соатлар учун иловаларни ва ўнлаб янги функсияларни тақдим этди

Янгиланиш билан Telegram Apple Watch ва Wear OS’ларда ишлай бошлади. Шунингдек, ботлар учун кенгайтирилган матн формати, гуруҳларга қўшилиш сўровларини текширувчи AI ботлар, сўровномаларга ҳавола қўшиш ва браузерни бошқариш имкониятлари тақдим этилди. 

Telegram смарт соатлар учун иловаларни ва ўнлаб янги функсияларни тақдим этди

Telegram ўзининг навбатдаги янгиланишларини тақдим этди

Янгиланиш доирасида мессенжернинг Apple Watch ва Wear OS учун иловалари ишга туширилди. Шунингдек, ботлар учун кенгайтирилган матн формати, гуруҳларга қўшилиш сўровларини текширувчи AI ботлар ҳамда браузер билан боғлиқ янги имкониятлар тақдим этилди.

Telegram смарт соатларда ишлайди

Telegram Apple Watch ва Wear OS операцион тизимида ишловчи смарт соатлар учун алоҳида иловаларни тақдим этди.

Улар орқали матнли ва овозли хабарлар юбориш, овозли хабарларни тинглаш, фото ва видеоларни кўриш, узун хабарларни ўқиш ҳамда чатларни бошқариш мумкин.

Android smart соатларида чатларни овозсиз режимга ўтказиш, юқорига қадаш ва хабарларни ўчириш функциялари мавжуд. Apple Watch иловасида эса жойлашувларни кўриш ва стикерлар юбориш имконияти қўшилган.

Telegram ушбу функциялар кейинги янгиланишларда иккала платформада ҳам бир хил кўринишда тақдим этилишини билдирди.

Ботлар учун кенгайтирилган формат

Telegram ботлари энди мураккаб форматланган хабарларни юбориши мумкин.

Хусусан, ботлар жавобларида жадваллар, сарлавҳалар, ичма-ич иқтибослар, назорат рўйхатлари, медиа каруселлар, математик формулалар, юқори ва қуйи индекслардан фойдаланиш мумкин.

Битта хабар ҳажми 32 768 тагача белгини ташкил этади. Дастлабки 8 минг белгидан кейин хабарнинг қолган қисмини очиш учун “Кўпроқ кўрсатиш” тугмаси пайдо бўлади.

Гуруҳлар учун AI қўриқчилар

Гуруҳ администраторлари қўшилиш сўровларини кўриб чиқиш учун AI ботларни администратор сифатида тайинлаши мумкин.

Бундай ботлар янги фойдаланувчиларни мини-иловалар орқали текширади ҳамда белгиланган мезонлар асосида уларни гуруҳга қабул қилади ёки сўровни рад этади.

AI ботлар гуруҳ қоидаларини бузган фойдаланувчиларга нисбатан ҳам автоматик чоралар қўллаши мумкин.

Сўровнома вариантларига ҳаволалар қўшилади

Telegram сўровномаларидаги жавоб вариантларига ҳавола жойлаштириш имконини ҳам қўшди.

Бу орқали жавоб вариантларига қўшимча маълумот, изоҳ ёки ташқи манба бириктириш мумкин бўлади.

Markdown файллари браузерда очилади

Телеграмънинг ички браузери энди .md форматидаги Markdown файлларини қўллаб-қувватлайди.

Файллар илованинг ўзида форматланган кўринишда очилади ва уларни кўриш учун алоҳида дастур талаб этилмайди.

Браузерни танлаш имконияти кенгайди

Ҳаволаларни Telegram браузерида ёки қурилмадаги бошқа браузерда очиш имконияти пайдо бўлди.

Ҳаволани босиб туриш орқали керакли браузерни танлаш мумкин. Бундан ташқари, айрим сайтларни доимо Telegram браузерида ёки фақат ташқи браузерда очиладиган қилиб созлаш мумкин.

Telegram ички браузерда кўрилган саҳифалар тарихини сақламаслигини қайд этди.

Браузер созламаларини бошқариш учун:

Android: Созламалар → Чат созламалари → Илова ичидаги браузер

iOS: Созламалар → Махфийлик ва хавфсизлик → Ҳаволаларни очиш

Android интерфейси ҳам янгиланди

Android иловасида чатларнинг юқори қисмидаги сарлавҳа панеллари қайта ишланган.

Янги дизайн чат мазмуни учун экранда кўпроқ жой ажратиши ва навигацияни ихчамлаштириши айтилмоқда.

Pinkod.uz сайтида эълон қилинган материаллардан нусха кўчириш, тарқатиш ва бошқа шаклларда фойдаланиш фақат таҳририят ёзма розилиги билан амалга оширилиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 15.10.2024 санасида №440126 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.

© 2026 Pinkod.uz.
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.

18+