Сунъий интеллект ривожланишида юқори чегара йўқ ва у хавфли мақсадларда ишлатилиши мумкин — Билл Гейтс
Билл Гейтс сунъий интеллект инсон имкониятларидан ошиб кетишини айтмоқда.
Унингча, AI яқин йилларда иш бозори, соғлиқни сақлаш ва таълимни тубдан ўзгартиради, бироқ бу жараён қатъий бошқарувсиз жиддий хавфларни ҳам келтириб чиқаради.
Шунингдек, у сунъий интеллект терроризм, хусусан биологик ҳужумлар учун ишлатилиши мумкинлигини таъкидлади.

Microsoft асосчиси Билл Гейтс сунъий интеллект бўйича навбатдаги йиллик мактубини эълон қилди. Ундаги асосий фикрларни Geekwire нашри келтириб ўтди.
Унда у AI’нинг ривожланиш тезлиги ҳақида кескин ва очиқ огоҳлантиришлар берди. Гейтснинг фикрича, сунъий интеллект ва роботлар имкониятининг “юқори чегараси йўқ” ва бу технологиялар вақт ўтиб инсон даражасидан ҳам устун бўлади.
У бу вазиятни COVID-19 пандемиясидан олдинги давр билан қиёслайди. Ўшанда ҳам хавф олдиндан маълум бўлган, аммо дунё етарлича тайёрланмаган эди. Энди эса шунга ўхшаш ҳолат AI билан юз бериши мумкин. Агар ҳозирдан чоралар кўрилмаса, сунъий интеллект келтириб чиқарадиган ўзгаришлар бошқариб бўлмайдиган даражага етиши мумкин.
Шу билан бирга, Гейтс оптимизмни ҳам йўқотмаган. У яқин 10 йил ичида инсоният янги, мисли кўрилмаган тараққиёт босқичига чиқишига ишонади. Сунъий интеллект соғлиқни сақлашни арзон ва сифатли қилади, таълимни шахсийлаштиради, иқлим ўзгаришига мослашишда муҳим воситага айланади.
Аммо бу фақат битта шарт билан мумкин: AI қандай ишлаб чиқилиши, ким томонидан бошқарилиши ва қаерда қўлланиши аниқ қоидаларга асосланиши керак. Гейтснинг таъкидлашича, бу жараёнда фақат бозор эмас, балки давлатлар ҳам етакчи роль ўйнаши шарт.
Гейтс алоҳида тўхталган масалалардан бири — иш ўринлари. Унинг айтишича, сунъий интеллект аллақачон дастурчиларни камида икки баравар самаралироқ қилган. Кейинги босқичда омборхона ходимлари ва cалл-марказлар каби соҳалар жиддий ўзгаришга учрайди. Шу сабабли у 2026 йилни глобал тайёргарлик даври сифатида кўришни таклиф қилади. Жумладан, қисқароқ иш ҳафтаси каби ғоялар муҳокамага чиқиши мумкин.
Энг катта хавф сифатида эса Гейтс биотерроризмни тилга олди. Унинг фикрича, очиқ манбали AI воситалари ёрдамида нодавлат гуруҳлар биологик қурол яратиши табиий пандемиядан ҳам хавфлироқ бўлиши мумкин.
Иқлим масаласида ҳам огоҳлантиришлар жиддий. Агар глобал исиш чекланмаса, энг катта зарбани камбағал давлатлар олади. Қашшоқлик ва юқумли касалликлар қаторига иқлим инқирози ҳам қўшилади. Ҳатто энг яхши сценарийда ҳам ҳарорат ошишда давом этади.
Гейтсни энг кўп ташвишга солган фактлардан бири — 2025 йилда болалар ўлимининг ошгани. 5 ёшгача бўлган болалар ўлими бир йил ичида 4,6 млндан 4,8 млнга етган. Бу ҳолат у бой давлатлар томонидан халқаро ёрдам қисқартирилгани билан боғлиқ эканини айтади.
Шу билан бирга, сунъий интеллект қишлоқ хўжалигида янги имкониятлар очмоқда. Гейтснинг айтишича, AI камбағал фермерларга об-ҳаво, нархлар ва экин касалликлари бўйича энг бой фермерлардан ҳам яхшироқ маслаҳат бера олади. Gates Foundation бу йўналишга 1,4 млрд доллар ажратган.
Гейтс сунъий интеллектдан шахсий ҳаётида ҳам фойдаланаётганини яширмайди. У AI ёрдамида ўз соғлиғини яхшироқ тушунаётганини ва келажакда ҳар бир инсон кеча-кундуз сифатли тиббий маслаҳат олиши мумкин бўлишига ишонади.
Таълим соҳасида эса AI ҳозирда Gates Foundation’нинг энг йирик устувор йўналишига айланган. Шахсийлаштирилган таълим тизимлари аллақачон амалда синовдан ўтмоқда ва Гейтс уларни кенг миқёсда жорий этиш “ўйин қоидаларини ўзгартиради”, деб ҳисоблайди.
Билл Гейтс сунъий интеллектни нафақат имконият, балки жиддий синов деб билади. Унга кўра, янги технология янги меҳнат бозорларини очади, лекин фақат онгли ва масъулиятли ёндашув билангина.









