Smartbank ўз номини Open bank деб ўзгартирмоқда
Ребрендинг орқали банк ўзининг мавжуд хизматларини кенгайтириш ҳамда Open Card, Open Market ва Open Biznes каби лойиҳаларни ягона экотизим остида бирлаштиришни мақсад қилган бўлиши мумкин.

2022 йил декабрида фаолиятини бошлаган Smartbank АЖ ребрендингни амалга оширмоқда. Корпоратив маълумотлар ягона порталида эълон қилинган хабарга кўра, банк ўз номини расмий равишда Open Bank деб ўзгартирмоқда.
Ушбу ўзгариш 2025 йил 17 июнь куни бўлиб ўтган банк акциядорларининг навбатдан ташқари умумий йиғилишида тасдиқланган.
Банкнинг асосий таъсисчиси — Future Open Technology Group ҳисобланади. Компания акцияларнинг 90 фоизига эгалик қилади.
Future Open Technology Group дастлаб Open Card — муддатли тўлов картаси билан бозорга кирган бўлса-да, ҳозирда у янада кенгроқ молиявий экотизимни шакллантириб улгурган.
Бугунги кунга келиб, ушбу экотизим таркибига B2B электрон савдо майдончаси — Open Market, ҳамда кўп банкли хизматларни бирлаштирувчи платформа — Open Biznes киради.
Иқтисодчи Темурмалик Элмуродов ушбу ўзгаришни банкнинг асосий инвесторига боғлиқ деб ҳисоблайди.
Ушбу ребрендинг Future Open Technology Group томонидан яратилган барча маҳсулот ва хизматларни ягона бренд остида бирлаштириш, яъни молиявий экотизим яратишга қаратилган ҳаракат бўлиши мумкин.
Маълумот учун, Smartbank’нинг соф фойдаси 2025 йил биринчи чорагида 76,4 фоизга камайиб, 628,5 млн сўмни ташкил этган эди.