Шуҳратбек Курбанов Марказий банк тизимидаги финтех компанияси раҳбари этиб тайинланди
Simple Smart Systems компаниясига Шуҳратбек Курбанов директор этиб тайинланди. Компания 2026 йил 22 апрелда Марказий банкнинг Ахборотлаштириш бош маркази ҳамда Гаров реестри МЧЖ томонидан ташкил этилган. Курбанов бунга қадар HUMO тўлов тизими операторига раҳбарлик қилган ва TBC Bank Uzbekistan’да фаолият юритган.

Шуҳратбек Курбанов Simple Smart Systems МЧЖ финтех компаниясининг директори этиб тайинланди.
Simple Smart Systems компанияси 2026 йил 22 апрель куни Марказий банкнинг Ахборотлаштириш бош маркази ҳамда Гаров реестри давлат унитар корхонаси томонидан ташкил этилган. Устав капиталида Ахборотлаштириш бош маркази 95 фоиз, Гаров реестри эса 5 фоиз улушга эга.
Курбанов бунга қадар молиявий технологиялар ва тўлов тизимлари соҳасида ишлаган. У 2018 йил декабридан бошлаб HUMO тўлов тизими оператори — Миллий банклараро процессинг марказига раҳбарлик қилган. У мазкур лавозимни 2025 йил мартида тарк этган.
Шундан сўнг, 2025 йил май ойида Курбанов TBC Bank Uzbekistan бошқаруви раисининг маслаҳатчиси этиб тайинланган. У ерда тадбиркорлар учун тўлов хизматларини ривожлантириш ва уларга хизмат кўрсатиш йўналиши билан шуғулланган.
2026 йил апрелида у TBC Uzbekistan’даги фаолиятини якунлаганини маълум қилган.









