Шимолий кореялик хакерлар 2024 йилда 1,3 миллиард долларлик криптовалюталарни ўғирлаган — BBC
Ҳисоботга кўра, ўғирланган криптовалюталарнинг умумий миқдори жорий йилда 21 фоизга ошган. Буларнинг ярмидан кўпи эса изоляциялашган давлат ҳисобига тўғри келмоқда.
Chainalysis тадқиқот фирмасининг маълум қилишича, Шимолий Кореяга алоқадор хакерлар 1,3 миллиард долларлик рақамли валюталарни ўғирлаган. Бу ўз навбатида мамлакат томонидан ўғирланган ўтган йилги ҳажмдан икки баробар кўпдир.
Баъзи ўғирликлар крипто ва бошқа технология компанияларига кириб олиш учун ўзини масофавий IT ходимлари сифатида кўрсатган Шимолий Корея хакерлари билан боғлиқ.
Мазкур статистикалар, АҚШ президенти Доналд Трамп ўзидан олдинги президент Жо Байденга қараганда криптога нисбатан дўстона муносабатда бўлиши кутилаётгани сабабли биткоин нархи икки баробардан кўпроқ ошган даврга тўғри келди.
Умуман олганда, 2024 йилда хакерлар томонидан ўғирланган криптовалюталар миқдори ўтган йилга нисбатан 21 фоизга ошган, аммо рақамлар 2021 ва 2022 йилларда содир этилган крипто ўғирликларга нисбатан камроқдир.
2024 йилда ўғирланган криптолар миқдорининг ўсиши, криптовалюта бозорининг тобора мураккаблашиб, ривожланиб бораётган таҳдид манзарасини бартараф этиш зарурлигини кўрсатмоқда.
Бу йил ўғирланган криптонинг аксарияти крипто-платформалардаги фойдаланувчиларнинг активларига киришни текшириш учун ишлатиладиган махфий кодларнинг бузилиши билан боғлиқ бўлган.
“Марказлашган биржалар фойдаланувчиларнинг катта миқдордаги маблағларини бошқаришини ҳисобга олсак, шахсий паролларнинг бузилиши оқибатлари жуда жиддий бўлиши мумкин”, дея қўшимча қилинади тадқиқотда.
Бу йилги энг жиддий кибержиноятлардан бири бу япон криптовалюта биржаси DMM Bitcoin’дан 300 миллион долларлик биткоин ўғирланиши ва Ҳиндистонда жойлашган криптовалюта биржаси ВазирХ’дан қарийб 235 миллион долларлик криптовалюталар йўқолиши бўлди.
АҚШ ҳукумати Шимолий Корея режими халқаро санкцияларни четлаб ўтиш ва пул йиғиш учун криптовалюта ўғирлаш ва кибержиноятнинг бошқа шаклларига мурожаат қилишини айтди.
Ўтган ҳафта Сент-Луис’даги федерал суд 14 нафар Шимолий кореяликни АҚШ компанияларидан пул ўғирлаш ва Пхенян ҳарбий дастурларига пул ўтказишга қаратилган узоқ давом этган жиноий схеманинг бир қисми сифатида айблов қўйди.
АҚШ Давлат департаменти, шунингдек, тахмин қилинаётган схема ҳақида батафсил маълумот бера олган ҳар бир кишига 5 миллион долларгача мукофот таклиф қилишини эълон қилди