Шахсий бюджетни издан чиқарувчи 3 та хато одат
Бюджетни самарали бошқаришда нафақат даромадни ошириш, балки мавжуд маблағни тўғри тақсимлаш ҳам муҳим аҳамиятга эга.
Pinkod айнан шахсий ва оилавий бюджетни беихтиёр издан чиқарадиган 3 та одат ва улардан қандай қочиш мумкинлиги ҳақида сўз юритади.

Молиявий барқарорлик фақат даромад миқдорига эмас, балки маблағни қандай бошқаришга ҳам боғлиқдир. Кўпчилик бюджетнинг издан чиқишига фақат нархларнинг ошиши сабаб деб ҳисоблайди, лекин аслида баъзи одатлар молиявий режаларга бунданда жиддий путур етказиши мумкин. Қуйида айнан шахсий бюджетни бехосдан емирувчи 3 та одат ҳақида сўз юритамиз:
1. Ҳиссий харажатлар
Стресс, зерикиш ёки муваффақиятни нишонлаш каби ҳолатларда ўзини мукофотлаш учун харидлар қилиш кўпчиликка таниш ҳолат. Ёмон кундан кейин нимадир сотиб олиш ёки шундоқ ҳам мавжуд бўлган нарсанинг янгиси билан ўзингизни сийлаш айнан шулар жумласидандир. Кичик импульсив харидлар дастлаб зарарсиздек туюлса-да, ҳис-туйғулар таъсирида доимий равишда пул сарфлаш бюджетга сезиларли зарар етказади.
Бундай харажатларни қандай олдини олиш мумкин?
- Харид қилишга ундовчи ҳолатларни аниқланг.Ўзингизни қачон ва қандай вазиятларда импульсив харид қилишга моил эканлигингизни кузатинг. Буни англаш харажатларни назорат қилишга ёрдам беради.
- 24 соат қоидаси. Режалаштирилмаган харид қилишдан олдин бир кун кутинг. Масалан, янги телефон кўриб қолсангиз, дарҳол сотиб олмасдан, эртаси куни бу нарсага ҳали ҳам эҳтиёжингиз бор-йўқлигини ўйлаб кўринг.
- Муқобил йўлларни қидиринг. Пул сарфлаш ўрнига бепул ёки арзон йўллар билан ўзингизни хурсанд қилинг. Дўстлар билан суҳбатлашиш, севимли фильмингизни кўриш, табиатда сайр қилиш ёки спорт билан шуғулланиш – буларнинг барчаси ҳис-туйғуларни бошқаришга ёрдам беради.
2. Харажатларни кузатиб бормаслик
Молиявий интизомнинг йўқлиги бюджетнинг издан чиқишига олиб келади. Кичик харажатлар дастлаб сезилмасада, вақт ўтиши билан катта суммага айланиб боради. Масалан, ҳар куни автобус ўрнига таксидан фойдаланиш (25 минг сўм) бир ойда 750 минг сўмлик қўшимча харажатга сабаб бўлади. Шунга ўхшаш бошқа кичик харажатлар жамланиб бюджетингизга катта зарар етказиши мумкин.
Харажатларингизни кузатишни қандай бошлаш мумкин?
- Картадаги транзаксияларни текширинг. Ҳафталик ёки ойлик банк картаси ҳисоботларини кўздан кечириш орқали пул аслида қаерга кетаётганини аниқлаш мумкин.
- Бюджет иловаларидан фойдаланинг. Monefy, Money Manager ва Home Budget каби иловалар орқали харажатларни тартибга солиш мумкин. Агар мобил иловалардан фойдаланиш ноқулай бўлса, оддий дафтар ёки Excel жадвалидан фойдаланиш имконияти ҳам мавжуд.
- Мунтазам текширув одатини шакллантиринг. Агар маошингизни ойига икки марта олсангиз, ҳар икки ҳафтада харажатларингизни таҳлил қилинг. Бу сизга режадан четга чиқаётганингизни тезда аниқлашга ёрдам беради.
Мавзуга доир: Пулларни тўғри бошқаришга ёрдам берувчи ТОП 5 илова
3. Мунтазам бўлмаган харажатларни эътиборсиз қолдириш
Ойлик молиявий режалаштиришда кўпчилик фақат асосий харажатларни (ижара, коммунал тўловлар, озиқ-овқат) ҳисобга олади. Бироқ, автомобиль таъмири, байрам совғалари, йиллик обуналар ёки уй ҳайвонлари парвариши каби ноодатий, аммо олдиндан тахмин қилиниши мумкин бўлган харажатларни эътиборсиз қолдирилади
Бу харажатлар мунтазам равишда рўй бермаслиги мумкин, лекин улар кутилмаганда пайдо бўлиб, бюджетни бутунлай чалкаштириб юбориши ва молиявий фавқулодда вазиятларни келтириб чиқариши эҳтимоли мумкин. Аслида, агар бир оз эътиборли бўлинса, бу харажатларнинг кўпини олдиндан сезиш ва уларга тайёргарлик кўриш мумкин.
Бундай харажатларга қандай тайёрланиш керак?
- Резерв жамғарма яратиш. Мунтазам бўлмаган, аммо муқаррар харажатлар учун ҳар ойда оз миқдорда маблағ ажратинг.
- Ўтмишдаги харажатларни таҳлил қилиш. Совғалар, саёҳат ёки тиббий харажатлар каби нарсаларга қанча маблағ керак бўлишини тахмин қилиш учун ўтган йилги харажатларингизни кўриб чиқинг.
- Харажатлар учун чегара қўйиш. Ҳар бир харажат тури учун энг паст чегарани аниқланг ва шу миқдордан ошмасликка ҳаракат қилинг. Агар керак бўлса, арзон альтернативларни қидиринг.
Ушбу тавсиялар Business Insider нашридан олинган бўлиб, муаллиф томонидан Ўзбекистон шароитига мослаштирилди.