Саёҳат чекидан мобил банкинггача: Ўзбекистон молия тизими 30 йилда қандай ўзгарди?
Кейинги 30 йил ичида Ўзбекистон молия тизими нақд пул тақчиллиги, 15–20 фоизлик “обнал” ва қора валюта бозори каби даврларни ҳам бошдан кечирди. Pinkod мамлакатнинг пул, банк ва валюта тизими бир авлод ичида қандай ўзгарганини таҳлил қилди.

Ижтимоий тармоқларда 1995 йилда Ўзбекистонда суратга олинган архив видео машҳур бўлди. Унда британиялик сайёҳ ва телебошловчи Иэн Райтнинг мамлакат бўйлаб сафари, жумладан, “Ўзсаноатқурилишбанк”да саёҳат чекини нақдлаштиришга уринаётгани акс этган.
Бугунги кундан қараганда тил муаммоси, қоғоз ҳужжатлар, узоқ банк амалиётлари ва нақд пулга етиб боришдаги қийинчиликлар ғалати кўринади. Аммо видео аслида Ўзбекистон молия тизимининг бундан 30 йил олдинги ҳолатини жуда аниқ кўрсатиб беради.
Ўша пайтда миллий валюта эндигина жорий этилган, электрон банклараро тўловлар илк босқичда, валюта бозори эса қатъий назорат остида эди. Кейинги йигирма йил ичида эса бошқа муаммолар пайдо бўлди. Маош картага тушиб, уни нақдлаштириш учун айрим ҳолларда 15–20 фоизгача “обнал” ҳақи тўланарди, доллар эса расмий курсдан ташқари қора бозорда мутлақо бошқа нархда сотилар эди.
2017 йилги валюта либерализацияси ана шу тизимдаги энг катта бурилишлардан бирига айланди. Орадан қарийб ўн йил ўтиб, Ўзбекистонда ўнлаб миллион банк карталари муомалада, тўловлар сониялар ичида амалга оширилади, валютани эса банк иловасининг ўзида сотиб олиш мумкин.
Биргина архив видеоси шу тариқа Ўзбекистоннинг пул, банк ва валюта тизими бир авлод ичида қанчалик ўзгарганини кўрсатадиган тарихий ҳужжатга айланади.
Янги пул, эски тизим
Райт Ўзбекистонга келганида сўмнинг ўзи ҳам атиги бир ёшдан ошган эди.
Миллий валюта 1994 йил 1 июлда муомалага киритилди. Мустақил пул-кредит тизими, валюта бозори, банклараро ҳисоб-китоб ва замонавий банк инфратузилмаси эса ҳали шаклланиш жараёнида эди.
Ҳатто банклар ўртасида пул ўтказиш ҳам бугунгидек бир неча сониялик амалиёт эмасди. Марказий банк тарихий маълумотларига кўра, 1990 йиллар бошида тўлов ҳужжатлари почта орқали юборилган ва айрим ҳисоб-китоблар бир ойдан икки ойгача чўзилиши мумкин эди.
1995 йилда эса Ўзбекистонда электрон банклараро тўлов тизими жорий этила бошлади. 1997 йилга келиб ҳудудлараро тўловларни амалга ошириш вақти 15 дақиқагача қисқарди.
Яъни Райт банк кассаси олдида саёҳат чекини нақдлаштиришга уринаётган бир вақтда мамлакатнинг ўзи қоғозга асосланган молия тизимидан электрон ҳисоб-китобларга ўтишни эндигина бошлаётган эди.
Кейинги йигирма йил эса бир қарашда зиддиятли тарихни яратди. Технология олдинга юрди, бироқ пулдан эркин фойдаланиш муаммоси узоқ вақт сақланиб қолди.
Одамлар банкларда деярли пул сақламаган
1995 йилдаги яна бир муҳим кўрсаткич аҳолининг банк тизимига муносабатидир.
Жаҳон банки ҳисоб-китобига кўра, ўша йили сўмдаги банк депозитлари ялпи ички маҳсулотнинг атиги 7 фоизига тенг бўлган. Энг эътиборлиси, жисмоний шахсларнинг жамғармалари жами банк депозитларининг атиги 8 фоизини ташкил этган.
Юқори инфляция ва миллий валютага ишончнинг пастлиги сабаб доллар, айирбошлаш ҳамда товар билан ҳисоб-китоб қилиш кенг тарқалган эди.
2026 йил 1 август ҳолатига эса Ўзбекистон банкларидаги жами депозитлар 482,7 трлн сўмга етган. Шундан 185,2 трлн сўми жисмоний шахсларга тегишли. Бу жами депозитларнинг қарийб 38 фоизи дегани.
Демак, 30 йил аввал банклардаги ҳар 100 сўмлик депозитнинг тахминан 8 сўми аҳолига тегишли бўлган бўлса, бугун қарийб 38 сўми жисмоний шахслар ҳиссасига тўғри келади.
Пластик карта бор эди. Нақд пул эса йўқ эди
2000 йилларда банк карталарининг оммалашиши Ўзбекистон молия тизимини замонавийлаштириш воситаси сифатида кўрилган.
Маошлар, пенсиялар ва бошқа тўловларнинг тобора катта қисми пластик карталарга ўтказила бошлади. Марказий банкнинг 2015 йилда тарқалган маълумотларида ўша вақтда иш ҳақи ва ижтимоий тўловларнинг ўртача 50 фоизи карталарга тушаётгани қайд этилган.
Аммо муаммо картанинг ўзида эмасди. Муаммо картадаги пул билан кўчадаги пул бир хил қийматга эга бўлмай қолганида эди.
Нақд пул тақчиллиги сабаб одам ўз ҳисобидаги маблағни хоҳлаган пайтида банкдан нақд шаклда ололмасди. Бозорларда, транспортда ва кичик савдода эса нақд пулга эҳтиёж сақланиб қолган.
Натижада норасмий “обнал” бозори пайдо бўлди.
2009 йилдаёқ Уруш ва тинчликни ёритиш институти Ўзбекистонда картадаги пулни нақдлаштириб берадиган воситачилар хизмат ҳақи сифатида 15–20 фоиз олаётгани ҳақида ёзган.
2016 йилга келиб ҳам муаммо сақланиб қолган. “Евразианет” билан суҳбатлашган тадбиркорлар банк картасидаги маблағни нақдлаштириш учун 18–20 фоизгача воситачилик ҳақи тўлаётганини айтган. Ўша даврдаги бошқа хабарларда дўконлар орқали “обнал” қилиш 13–18 фоиз, айрим банк амалиётларида эса 20 фоизгача тушиши қайд этилган. Бу расмий тариф эмас, ўша даврдаги норасмий амалиёт ҳақидаги журналистик кузатув ва суҳбатларга асосланган маълумотлар эди.
Амалда бу жуда оддий иқтисодий ҳисоб-китобга айланарди.
Картангизда 1 млн сўм маош турибди. Аммо сизга бозор, транспорт ёки бошқа харажат учун нақд пул керак. 20 фоизлик “обнал”да ўша 1 млн сўм қўлингизга 800 минг сўм бўлиб етиб келарди.
Шу тариқа банк картаси замонавий молиявий восита бўлиш билан бирга, айрим одамлар учун ўз пулидан эркин фойдалана олмаслик рамзига ҳам айланганди.
Долларнинг ҳам икки нархи бор эди
Нақд пул муаммосидан ҳам каттароқ бузилиш валюта бозорида кузатиларди.
Узоқ вақт давомида Ўзбекистонда доллар учун амалда иккита нарх мавжуд бўлди. Булар Марказий банк белгилайдиган расмий курс ва талаб ҳамда таклиф асосида шаклланадиган параллел қора бозор курси эди.
Расмий курс қоғозда мавжуд эди. Аммо бизнес ёки аҳоли ўша курс бўйича керакли миқдорда доллар сотиб олиш имконига ҳар доим ҳам эга эмасди.
Халқаро валюта жамғармаси кейинчалик ўша тизимни шундай тавсифлаган.
Хорижий валюта расмий курс бўйича имтиёзли мижозлар ва айрим фаолият турларига тақсимланган, қолган талаб эса қора бозорга чиқиб кетган.
2014 йилдан кейин ташқи иқтисодий шароит ёмонлашгани сари параллел бозордаги доллар нархи расмий курсдан 100 фоиздан ҳам кўпроқ юқорилаган даврлар бўлган.
Бу шунчаки “валютфурушлар” муаммоси эмасди.
Икки курс деярли бутун иқтисодиётга таъсир қиларди.
Импортчи расмий курс бўйича доллар ололмаса, валютани параллел бозордан қимматроқ сотиб оларди. Бу харажат импорт қилинаётган маҳсулот нархига қўшиларди. Расмий курсда арзон кўринган доллар ҳақиқий иқтисодиётда анча қимматга тушарди.
Натижада расмий статистикадаги курс билан одам ва бизнес дуч келаётган ҳақиқий курс ўртасида тафовут пайдо бўлди.
Халқаро валюта жамғармасининг кейинги тадқиқоти шуни кўрсатадики, 2017 йилда сўм расман кескин қадрсизланганда инфляцияда шунга тенг бир марталик сакраш юз бермаган. Сабаби иқтисодиётдаги кўплаб нархлар аллақачон параллел бозор курсини ҳисобга олган ҳолда шаклланаётган эди.
Бошқача айтганда, 2017 йил сентябрида давлат долларни бирдан икки баравар қимматлаштириб юбормади.
Расмий курс кўп жиҳатдан бозорда аллақачон мавжуд бўлган нархга яқинлаштирилди.
2017 йил 5 сентябрь. Доллар курси 4 210 сўмдан 8 100 сўмгача кўтарилди
Ўзбекистон молия тизимидаги энг муҳим саналардан бири 2017 йил 5 сентябрь ҳисобланади. Бу кун ҳар йили эслаб туришга ҳам арзийди.
Ушбу кундан уч кун олдин Президентнинг ПФ-5177-сон фармони қабул қилинди. Ҳужжатда жисмоний ва юридик шахсларга хорижий валютани эркин сотиб олиш ва сотиш имкониятини таъминлаш, курсни шакллантиришда бозор механизмларига ўтиш ҳамда валюта ресурсларини маъмурий тақсимлашдан воз кечиш асосий йўналишлардан бири сифатида белгиланди.
5 сентябрдан янги тизим ишга тушди.
Марказий банк бир доллар учун расмий курсни 8 100 сўм этиб белгилади. Бунгача курс қарийб 4 200 сўм атрофида эди. Расмий курс шу тариқа деярли икки баравар ўзгарди. Халқаро валюта жамғармаси ҳисоб-китобига кўра, курснинг бир марталик қадрсизланиши қарийб 50 фоизни ташкил этди.
Аммо ислоҳотнинг асосий мазмуни рақамнинг ўзи эмасди.
Юридик шахсларга импорт, кредит тўловлари, фойдани мамлакатдан олиб чиқиш ва бошқа жорий халқаро амалиётлар учун банклардан валюта сотиб олиш имконияти очилди. Фуқаролар эса банклар орқали хорижий валютани сотиш ва конверсия амалиётларини амалга ошириш имконига эга бўлди.
Энг муҳими, расмий ва параллел курс ўртасидаги тафовут кескин қисқарди.
Халқаро валюта жамғармаси 2018 йилдаги баҳосида айнан валюта бозорининг очилиши ҳамда расмий ва параллел курсларнинг бирлаштирилишини Ўзбекистондаги ўша давр иқтисодий ислоҳотларининг энг муҳим қадамларидан бири деб қайд этган.
Бу банк тизимидаги битта техник ўзгариш эмасди.
Корхоналарнинг импорт қилиш усули ўзгарди. Сармоядор учун фойдани мамлакатдан олиб чиқиш имконияти яхшиланди. Экспортчилар учун айрим мажбурий валюта сотиш талаблари бекор қилинди. Доллар курси қанча эканини билиш учун қора бозор нархини қидириш зарурати аста-секин йўқолди.
Ўзбекистон иқтисодиёти учун 2017 йил шу сабаб “курс ўзгарган йил”дан кўра каттароқ воқеа эди.
Бу пулнинг расмий нархи билан ҳақиқий нархини бир-бирига яқинлаштириш бошланган йил эди.
Пул ниҳоят пулга айлана бошлади
Валюта бозорининг очилиши барча муаммоларни бирданига ҳал қилмади.
Ўша пайтларда инфляция ҳам юқори даражада, банк соҳасида давлатнинг улуши катта эди. Кредит бозорида имтиёзли ва бозор шартларидаги молиялаштириш ўртасидаги тафовут сақланиб қолди. Халқаро валюта жамғармаси ҳам ислоҳотлардан кейинги даврда нархларни эркинлаштириш, давлат корхоналарини ислоҳ қилиш ва банк тизимини бозор тамойилларига яқинлаштириш зарурлигини қайд этган.
Аммо кундалик ҳаёт нуқтаи назаридан янада асосий ўзгариш содир бўлди.
Картадаги 100 минг сўм билан чўнтакдаги 100 минг сўм ўртасидаги фарқ аста-секин йўқолди.
Нақд пул олиш оддий банк хизматига айланди. Банкоматлар кўпайди. Валюта айирбошлаш банк тизимига қайтди. Кейин мобил банкинг, картадан картага пул ўтказмалари, тезкор жавоб рамзи орқали тўловлар ва тўлов иловалари кириб келди.
Бу жараён қанчалик узоққа боргани бугунги рақамларда кўринади.
2026 йил 1 июль ҳолатига Ўзбекистонда 74,6 млн банк картаси, 448 мингдан ортиқ тўлов терминали ҳамда 46,7 мингта банкомат ва ахборот киоски мавжуд эди. Фақат 2026 йилнинг дастлабки олти ойида тўлов терминаллари ва электрон тўлов терминаллари орқали 322,5 трлн сўмлик тўлов амалга оширилган.
2026 йил 1 августга келиб тижорат банкларининг жами активлари 1 016,6 трлн сўм, кредит портфели 644,6 трлн сўм, депозитлар эса 482,7 трлн сўмга етди. Жисмоний шахсларнинг ўзида 185,2 трлн сўмлик депозит мавжуд.
Албатта, 74,6 млн карта 74,6 млн мижоз дегани эмас. Бир одамда бир нечта карта бўлиши мумкин. Лекин кўрсаткич молиявий инфратузилманинг қанчалик ўзгарганини кўрсатади.
Муаммоларнинг ўзи ўзгарди
1995 йилда Ўзбекистонга келган хорижлик сайёҳ оддий қоғоз саёҳат чекини нақдлаштириш учун банкма-банк юришга мажбур эди.
Орадан йигирма йил ўтиб, муаммо бошқа кўринишга келди. 2010 йилларнинг ўрталарида айрим ўзбекистонликлар ўз маошини банк картасидан нақдга айлантириш учун пулининг 15–20 фоизгача қисмини йўқотиши мумкин эди. Доллар масаласи эса ундан ҳам мураккаброқ эди. Банкдаги расмий курс билан кўчадаги ҳақиқий нарх ўртасида катта тафовут мавжуд эди.
Бугун эса банк тизими ҳақидаги баҳсларнинг ўзи ўзгарган. Энди саволлар кўпроқ кредит нега қимматлиги, қайси банк иловаси қулайроқ ишлаши, депозит фоизи қанча экани, пул ўтказмаси неча сонияда етиб бориши ёки мижозни фирибгарликдан қандай ҳимоя қилиш мумкинлиги ҳақида.
Бу, албатта, бугунги банк тизими мукаммал дегани эмас. 2026 йил 1 август ҳолатига давлат улуши мавжуд банклар ҳамон тизим активларининг 62 фоизини назорат қилмоқда. Кредитларнинг қимматлиги, давлат банкларининг ўрни, рақобат даражаси ва муаммоли кредитлар масаласи ҳамон кун тартибида.
Аммо уч ўн йилликдаги энг катта фарқ бошқа жойда.
1995 йилда асосий муаммо пулга қандай етиб бориш эди. 2016 йилда эса одамлар ўз пулини қандай нақдлаштириш ва долларни қаердан топишни ўйларди. Бугун эса савол тобора кўпроқ пулнинг нархи, хизмат тезлиги ва банклар ўртасидаги сифат фарқи ҳақида кетмоқда.
Шу маънода Иэн Райтнинг банкдаги бир неча дақиқалик саргузашти шунчаки 1990 йиллардан қолган кулгили архив лавҳаси эмас. У Ўзбекистон молия тизими бир авлод давомида қаердан қаерга келганини кўрсатадиган жуда аниқ бошланғич нуқтадир.









