11 903.150 so‘m

decrease

-62.360

13 329.150 so‘m

decrease

-108.120

146.750 so‘m

increase

0.790

11 903.150 so‘m

decrease

-62.360

Якин 21 дақиқа ичида
Иқтисодиёт
47

Пишлоқ, йогурт ва бошқа озиқ-овқатларга 15–30 фоизлик импорт божларини қайтариш таклифи қўллаб-қувватланмади

Ўзбекистонда 12 турдаги озиқ-овқат маҳсулотларига импорт божларини қайта жорий этиш бўйича таклиф рад этилди. Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги 2027 йилдан айрим маҳсулотлар учун амалдаги божхона имтиёзларини узайтирмасликни таклиф қилган эди. Жамоатчилик кенгаши ҳисоб-китоблар етарли эмаслигини билдириб, лойиҳани қайта ишлашга юборди.

Пишлоқ, йогурт ва бошқа озиқ-овқатларга 15–30 фоизлик импорт божларини қайтариш таклифи қўллаб-қувватланмади

Президент ҳузуридаги Тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш бўйича жамоатчилик кенгаши пишлоқ, йогурт, шоколад ва бошқа озиқ-овқат маҳсулотларига 15–30 фоизлик импорт божларини қайта жорий этишни назарда тутувчи ҳужжат лойиҳасини қўллаб-қувватламади.

29 октябрь куни ўтказилган йиғилишда Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги вакили Сарвархўжа Хонхўжаев президент фармони лойиҳасини тақдим этди. Унда 2027 йил 1 январда муддати тугайдиган айрим божхона имтиёзларини қайта кўриб чиқиш таклиф этилган.

Ҳозирда 56 турдаги асосий озиқ-овқат ва истеъмол маҳсулотларига ноль ставкали импорт божлари амал қилади. Вазирлик уларнинг 45 таси учун имтиёзларни тўлиқ, яна иккита товар позицияси бўйича қисман 2028 йилгача узайтиришни таклиф қилган.

Бироқ қуюлтирилган сут ва қаймоқ, йогурт, пишлоқ ва творог, олма, нок, беҳи, шоколад, қандолат маҳсулотлари, макарон, минерал сув ва алкоголсиз ичимликлар каби маҳсулотлар учун имтиёзларни узайтириш режалаштирилмаган.

Натижада амалдаги имтиёзлар муддати тугагач, айрим маҳсулотларга импорт божлари қайта қўлланилиши мумкин эди. Жумладан, пишлоқ ва творог учун 15 фоиз, йогурт, олма ва нок учун 20 фоизлик бож ставкалари тилга олинган.

Вазирлик ушбу таклифни маҳаллий ишлаб чиқариш имкониятлари ва ички бозорни маҳаллий маҳсулотлар билан таъминлаш даражаси асосида ишлаб чиққанини билдирган.

Маълумотларга кўра, 2026 йилнинг январь–август ойларида Ўзбекистонда 84 та корхона томонидан 84 минг тонна сут ва қаймоқ ишлаб чиқарилган. Ушбу маҳсулотлар импорти эса 15 минг тоннани ташкил этган.

Шунингдек, мамлакатда 77 та корхона йогурт ишлаб чиқаради. Саккиз ойда 9,8 минг тонна йогурт ҳамда 10,3 минг тонна пишлоқ ва творог импорт қилинган.

Бироқ кенгаш аъзолари ишлаб чиқариш ҳажмининг ўзи ички талаб тўлиқ қондирилаётганини англатмаслигини таъкидлади. Маҳсулотларнинг истеъмол меъёрлари, аҳолининг харид қобилияти ва импорт божлари нархларга қандай таъсир қилиши бўйича қўшимча ҳисоб-китоблар сўралди.

Иқтисодчи Отабек Бакиров айрим озиқ-овқат маҳсулотлари нархи умумий инфляциядан тезроқ ошаётган бир пайтда божхона имтиёзларини қисқартиришга қарши чиқди. Унинг фикрича, маҳаллий ишлаб чиқариш етарли экани ҳақидаги хулоса иқтисодий ҳисоб-китоблар билан асосланмаган.

“Korzinka” супермаркетлар тармоғи асосчиси Зафар Ҳошимов ҳам таклифга эътироз билдирди. Унинг маълумотларига кўра, 2026 йил бошидан пишлоқ нархлари 18 фоиздан кўпроққа ошган.

Ҳошимов маҳаллий ишлаб чиқариш ҳажми етарли бўлган тақдирда ҳам маҳсулотларнинг бир қисми қайта ишланиши ёки сақлаш жараёнида йўқотилиши мумкинлигини таъкидлаган. Шунингдек, божхона имтиёзларининг ҳар йили қисқа муддатга узайтирилиши импортчилар учун ноаниқлик яратиб, нархларга қўшимча босим ўтказиши мумкинлигини билдирган.

Муҳокамада амалдаги ноль ставкали божларни камида уч йилга узайтириш таклифи ҳам илгари сурилди.

Йиғилиш якунида Жамоатчилик кенгаши лойиҳа етарли иқтисодий ҳисоб-китоблар билан асосланмаганини қайд этди. Ҳужжатни Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлигига қайтариш, қўшимча таҳлиллар ўтказиш ва тадбиркорлар билан қайта муҳокама қилиш тавсия этилди.

Шу тариқа, импорт божларини қайта жорий этиш бўйича таклиф ҳозирча қўллаб-қувватланмади. Бироқ бу тегишли маҳсулотлар учун ноль ставкали божлар 2027 йилдан кейин ҳам автоматик сақланиб қолишини англатмайди. Амалдаги имтиёзлар муддати узайтирилиши учун тегишли қарор қабул қилиниши керак.

Pinkod.uz сайтида эълон қилинган материаллардан нусха кўчириш, тарқатиш ва бошқа шаклларда фойдаланиш фақат таҳририят ёзма розилиги билан амалга оширилиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 15.10.2024 санасида №440126 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.

© 2026 Pinkod.uz.
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.

18+