“Ўзбектелеком” I чоракда рекорд даражада соф фойда олди
“Ўзбектелеком” АК 2026 йилнинг I чорагида 412,25 млрд сўм соф фойда кўрди. Бу ўтган йилнинг мос давридаги кўрсаткичдан қарийб 16 баравар кўпроқдир.

“Ўзбектелеком” АК 2026 йилнинг I чорагида 412,25 млрд сўм соф фойда кўрди. Бу ўтган йилнинг мос давридаги 25,73 млрд сўмлик кўрсаткичдан қарийб 16 баравар кўп. Компаниянинг соф тушуми эса 12,5 фоизга ошиб, 2,84 трлн сўмга етган.
Компания эълон қилган чораклик ҳисоботга кўра, 2026 йилнинг I чорагида хизмат ва маҳсулот реализациядан соф тушум 2,84 трлн сўмни ташкил қилган. Ўтган йилнинг мос даврида бу кўрсаткич 2,52 трлн сўм бўлган. Яъни даромад бир йил ичида 315,65 млрд сўмга ошган.
Шу билан бирга, сотилган маҳсулот, иш ва хизматлар таннархи деярли ўзгармаган — 1,68 трлн сўм атрофида қолган. Натижада ялпи фойда сезиларли ошиб, 852,64 млрд сўмдан 1,16 трлн сўмга етган. Бу 36 фоизлик ўсишни англатади.
Компаниянинг асосий фаолиятдан олган фойдаси ҳам кескин кўпайган. 2025 йилнинг мос даврида бу кўрсаткич 402,96 млрд сўм бўлган бўлса, 2026 йил I чорагида 631,93 млрд сўмни ташкил қилган. Бошқача айтганда, асосий фаолиятдан фойда 56,8 фоизга ошган.
Соф фойданинг кескин ошишида молиявий фаолиятдан олинган даромадлар ҳам муҳим роль ўйнаган. Хусусан, молиявий фаолиятдан даромадлар 261,01 млрд сўмгача етган (2025 йил I чоракда 34,8 млрд сўм). Бунда валюта курси фарқидан олинган даромадлар 244,23 млрд сўмни ташкил қилган. Шу билан бирга, молиявий харажатлар ҳам юқорилигича қолган — 422,94 млрд сўм.
Ҳисобот даврида компаниянинг солиққача фойдаси 470 млрд сўмга етган. Даромад солиғи 57,75 млрд сўмни ташкил қилганидан сўнг, соф фойда 412,25 млрд сўм бўлган. Таққослаш учун, ўтган йилнинг мос даврида ташкилот соф фойдаси 25,73 млрд сўмни ташкил этган эди.









