Ўзбекистоннинг ташқи қарзи олти ойда 1,9 млрд долларга ошиб, 84,1 млрд долларга етди
2026 йилнинг биринчи ярим йиллигида ташқи қарз 2,3 фоизга кўпайди. Ўсишнинг қарийб учдан икки қисми давлат ташқи қарзи ҳиссасига тўғри келган. Корпоратив қарз эса давлатникидан юқорилигича қолмоқда, бироқ улар ўртасидаги фарқ қисқарган.

Марказий банкнинг 2026 йил биринчи ярим йиллиги бўйича шарҳига кўра, 1 июль ҳолатида Ўзбекистоннинг умумий ташқи қарзи 84,1 млрд долларни ташкил этди. Шундан 41,7 млрд доллари давлат, 42,4 млрд доллари корпоратив ташқи қарз ҳиссасига тўғри келади.
Йил бошида жами ташқи қарз 82,2 млрд доллар бўлган. Дастлабки уч ойда кўрсаткич деярли ўзгармаганини ҳисобга олсак, олти ойлик ўсиш асосан иккинчи чоракка тўғри келган. Яхлитланган рақамлар бўйича қарз апрель–июнь ойларида 1,9 млрд долларга ёки 2,3 фоизга ошган.
Ўсишнинг асосий қисми давлат қарзи ҳисобига шаклланди
Давлат ташқи қарзи йил бошидаги 40,5 млрд доллардан 41,7 млрд долларга етган. Бу қарийб 1,2 млрд доллар ёки 3 фоизлик ўсишни англатади.
Корпоратив ташқи қарз эса шу даврда 41,7 млрд доллардан 42,4 млрд долларга кўпайган. Ўсиш қарийб 700 млн доллар ёки 1,7 фоизни ташкил этган. Шу тариқа, жами ташқи қарздаги ўсишнинг тахминан 63 фоизи давлат, 37 фоизи корпоратив сектор ҳиссасига тўғри келган
Бу аввалги йилдаги ҳолатдан фарқ қилади. Пинкод аввал ёзганидек, 2025 йилда ташқи қарз 18,1 млрд долларга ошган ва ўсишнинг асосий қисми корхоналар ҳамда банклар жалб қилган маблағлар ҳисобига шаклланган. Ўшанда корпоратив қарз 11,5 млрд долларга, давлат ташқи қарзи эса 6,6 млрд долларга кўпайган эди.
Корпоратив ва давлат қарзи ўртасидаги фарқ қисқарди
Корпоратив ташқи қарз давлатникидан энди ошгани йўқ, йил бошида ҳам у 1,2 млрд долларга юқори бўлган. Биринчи ярим йиллик якунида бу фарқ 700 млн долларгача қисқарган.
Натижада корпоратив секторнинг жами ташқи қарздаги улуши қарийб 50,7 фоиздан 50,4 фоизга тушган. Давлат ташқи қарзининг улуши эса мос равишда 49,3 фоиздан 49,6 фоизга кўтарилган.
Марказий банк изоҳига кўра, корпоратив қарз таркибида банклар ва тадбиркорлик субъектларининг давлат кафолатисиз жалб қилган ташқи қарзлари акс этади. Бундай мажбуриятлар бўйича тўловлар тегишли банк ва корхоналарнинг ўз маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.









