11 795.000 so‘m

decrease

-18.090

13 698.710 so‘m

increase

21.510

135.800 so‘m

increase

0.190

11 795.000 so‘m

decrease

-18.090

25 август, 16:28
Иқтисодиёт
1291

Ўзбекистоннинг давлат қарзи 48,3 млрд долларга етди

2026 йилнинг иккинчи чораги якунида Ўзбекистон давлат қарзи 48,32 млрд долларга етди. Бир йил ичида қарз 4,82 млрд долларга ёки 11,1 фоизга ошган, шундан 1,33 млрд долларлик ўсиш сўнгги уч ой ҳиссасига тўғри келади. Шунга қарамай, давлат қарзининг ЯИМга нисбати 29,6 фоиздан 27 фоизга пасайган.

Ўзбекистоннинг давлат қарзи 48,3 млрд долларга етди

Иқтисодиёт ва молия вазирлиги маълумотларига кўра, 2026 йилнинг иккинчи чораги якунида Ўзбекистоннинг давлат қарзи 48,32 млрд долларга етган. Бу биринчи чоракдаги 46,99 млрд долларга нисбатан 1,33 млрд доллар ёки 2,8 фоизга кўп.

Давлат қарзининг 40,71 млрд доллари ташқи қарз ҳиссасига тўғри келади. Бу жами мажбуриятларнинг 84 фоизига тенг. Ташқи қарз бир чоракда 935 млн долларга ёки 2,4 фоизга кўпайган.

Ички қарз эса 395 млн долларга ошиб, 7,6 млрд долларга етди. Унинг ўсиш суръати 5,5 фоизни ташкил этиб, ташқи қарзга қараганда икки баравардан юқори бўлган. Натижада ички қарзнинг умумий ҳажмдаги улуши 15 фоиздан 16 фоизга кўтарилган.

Қарз ўсиши асосан миллий валютадаги мажбуриятлар ҳисобига юз берган. Сўмда деноминация қилинган давлат қарзи бир чоракда 5,71 млрд доллардан 7,08 млрд долларга ошган. Бу 1,37 млрд доллар ёки 24 фоизлик ўсиш демакдир.

Айни пайтда хорижий валютада деноминация қилинган қарзлар 41,28 млрд доллардан 41,24 млрд долларга тушган. Шу тариқа, уларнинг жами давлат қарзидаги улуши қарийб 88 фоиздан 85 фоизгача камайган. Бироқ қарзнинг асосий қисми ҳамон валюта курси ўзгаришларига боғлиқ.

Таққослаш учун, 2025 йилнинг иккинчи чорагида давлат қарзи 43,5 млрд доллар эди. Бир йил ичида кўрсаткич 4,82 млрд долларга ёки 11,1 фоизга ошган.

Шунга қарамай, қарзнинг ЯИМга нисбати 29,6 фоиздан 27 фоизгача пасайган. Бунга қарзнинг камайиши эмас, ҳисоб-китоб учун олинган номинал ЯИМ ҳажмининг тезроқ ўсиши сабаб бўлган. Вазирлик 2026-йилги нисбатни дастлабки прогноз ЯИМ асосида ҳисоблаган.

Давлат қарзининг 27,56 млрд доллари қатъий, 18,77 млрд доллари ўзгарувчан фоиз ставкасида жалб қилинган. Фоизсиз мажбуриятлар ҳажми эса 1,98 млрд долларни ташкил этган.

Бундан ташқари, қисқа муддатли ҳамда келгуси бир йил ичида тўлиқ сўндирилиши керак бўлган қарзлар ҳажми бир чоракда 2,64 млрд доллардан 3,59 млрд долларга ошган. Яъни яқин бир йилдаги тўловлар ва қайта молиялаштириш талаб қилинадиган мажбуриятлар 945 млн долларга кўпайган.

Pinkod.uz сайтида эълон қилинган материаллардан нусха кўчириш, тарқатиш ва бошқа шаклларда фойдаланиш фақат таҳририят ёзма розилиги билан амалга оширилиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 15.10.2024 санасида №440126 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.

© 2026 Pinkod.uz.
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.

18+