Ўзбекистонликлар хорижга 10 минг долларгача рухсатсиз инвестиция киритиши мумкин бўлади
Капитал ҳаракати билан боғлиқ валюта операцияларини амалга ошириш тартиби соддалаштирилмоқда. Янги низом билан операциялар ҳисоби рақамлаштирилиб, резидентларга хорижга маълум миқдоргача олдиндан алоҳида рухсат олмасдан инвестиция киритиш имконияти берилади.

Марказий банк капитал ҳаракати операцияларини амалга ошириш, ҳисобга олиш ва улар бўйича маълумот тақдим этиш тартибини янгиламоқда.
Янги тартибга кўра, капитал ҳаракати операцияларини журнал шаклида ҳисобга олиш амалиётидан воз кечилади. Улар тўғрисидаги маълумотлар “Валюта операциялари ҳисобини юритиш” ахборот тизимида электрон шаклда қайд этилади.
Шунингдек, резидентлар бундай операцияларни фақат асосий ҳисобварағи очилган банк орқали амалга ошириши шарт бўлмайди. Операциялар белгиланган тартибда исталган хизмат кўрсатувчи банк орқали бажарилиши мумкин.
Ҳисоботлар ҳар чоракда тақдим этилади
Янги тартиб айрим миқдордаги хорижий инвестицияларни олдиндан алоҳида рухсат олмасдан амалга ошириш имконини беради.
Бир календарь йили давомида устав капиталида давлат улуши мавжуд корхоналар ва уларнинг шўба ташкилотлари хорижда 100 минг АҚШ долларигача инвестиция киритиши мумкин бўлади.
Давлат улуши мавжуд бўлмаган корхоналар учун эса ушбу лимит 200 минг доллар этиб белгиланади.
Бундан ташқари, давлат улуши мавжуд корхоналар хориждаги филиал ва ваколатхоналарини йилига 50 минг долларгача айланма маблағ билан таъминлаши мумкин. Хусусий корхоналар учун бу миқдор 100 минг долларни ташкил этади.
Жисмоний шахсларга эса бир календарь йилида хорижда 10 минг АҚШ долларигача инвестиция фаолиятини амалга оширишга рухсат берилади.
Ҳисоботлар ҳар чоракда тақдим этилади
Капитал ҳаракати операцияси шартларига ўзгартириш киритилган тақдирда, улар қўшимча келишув билан расмийлаштирилиши ва 10 кун ичида хизмат кўрсатувчи банкка тақдим этилиши керак.
Резидентлар хориждаги инвестиция фаолияти тўғрисидаги маълумотларни ҳар чоракда банкка юборади. Тижорат банклари эса ушбу маълумотларни умумлаштириб, Марказий банкка тақдим этади.
Шу билан бирга, Президентнинг 2025 йил 18 декабрдаги ПФ–254-сон фармонига мувофиқ, жисмоний шахслар хориждаги брокерлик ёки инвестиция ҳисобварақларини фақат лицензияга эга инвестиция воситачилари орқали тўлдириши мумкин.
Марказий банкка кўра, ўзгаришлар капитал ҳаракати операцияларини ҳисобга олиш жараёнини тезлаштириш ва рақамлаштириш, унинг шаффофлигини ошириш ҳамда резидентлар учун хорижга инвестиция киритишда қўшимча қулайликлар яратишга хизмат қилади.









