Ўзбекистонликлар пулларини тобора камроқ долларда сақламоқда
Сўнгги йилларда аҳоли ва бизнеснинг муддатли депозитларидаги доллар улуши кескин пасаймоқда. Масалан, 2019 йилда жисмоний шахслар омонатларида 32,6 фоизни ташкил этган доллар улуши 2025 йилга келиб 22,5 фоизга тушган.

Ўзбекистонда аҳоли ва бизнес субъектлари орасидаги долларлашув даражаси сезиларли даражада пасайди. Бу ҳақда Марказий банк таҳлилчиси ўтказган тадқиқотдан маълум бўлди.
Аҳоли омонатларида долларнинг улуши кескин камайди
Тадқиқотдаги энг асосий натижаларидан бири жисмоний шахсларнинг муддатли депозитларида доллар улушининг барқарор пасайишидир.
Рақамларга юзланадиган бўлсак, 2019 йил якунида жисмоний шахслар омонатларидаги долларлашув даражаси 32,6% бўлган. 2024 йил майидан бошлаб ушбу кўрсаткич 30% дан пастга тушиши кузатилди. 2025 йил 1 ноябрь ҳолатига келиб эса долларлашув даржаси 22,5% гача пасайди. Демак, аҳоли ўз жамғармаларини узоқ муддатга сақлашда тобора кўпроқ миллий валюта, сўмга ишонч билдирмоқда.
Бизнес сегментидаги пасайиш янада кескинроқ
Юридик шахсларнинг муддатли депозитлари бўйича долларлашув даражаси сўнгги йилларда кескин қисқарган. Буни қуйдаги рақамлардан билиш мумкин:
- 2019 йил охирида: Юридик шахсларнинг муддатли депозитларида хорижий валюта улуши деярли ярмини — 48,2 фоизни ташкил қилган .
- 2025 йил ноябрь: Ушбу кўрсаткич кескин пасайиб, 20,5 фоизга тушган.
Бу атиги беш йил ичида деярли 2,5 баробар қисқариш дегани.
Умумий ҳисобда, Ўзбекистонда муддатли депозитлар бўйича долларлашув даражаси 15,9 фоизни ташкил этмоқда. Аммо "талаб қилиб олингунча" депозитларда бу кўрсаткич ҳамон юқори — 40 фоиздан баландлигича қолмоқда.
“Табиий долларлашув” нима ва у қандай ўзгарди?
Тадқиқотда MVP (Минимум Variance Portfolio) модели асосида долларлашувнинг табиий даражаси ҳисоблаб чиқилган. Бу даража инфляция ва валюта курсининг тебранишлари (рисклар) ҳисобга олинганда иқтисодий агентлар учун энг мақбул деб ҳисобланган даражадир.
Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, Ўзбекистон учун долларлашувнинг табиий даражаси йилдан-йилга пасайиб бормоқда. Мисол учун, 2020 йил бошида қисқа муддатли давр учун ҳисобланган табиий даража 24,5 фоиз эди. 2025 йил октябрга келиб эса бу кўрсаткич 17,8 фоизгача пасайди. Сўнгги 3 йиллик даврни инобатга олганда эса табиий долларлашув даражаси 19,3 фоизга тенглиги аниқланди.
Ҳозирги вақтда бозордаги ҳақиқий долларлашув даражаси ҳисобланган "табиий даража"дан бироз юқори (қисқа муддатли ҳисоб-китобга нисбатан 3,5 фоиз бандга фарқ қилади).









