Ўзбекистонга пул ўтказмалари олти ойда 27 фоизга ошди
Марказий банк маълумотларига кўра, 2025 йилнинг январь-июнь ойларида Ўзбекистонга хориждан юборилган пул ўтказмалари ҳажми $8,2 миллиардни ташкил этиб, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 27 фоизга ошган. Бу маблағларнинг катта қисми анъанавий равишда Россиядан юборилган.

Жорий йилнинг биринчи ярмида Ўзбекистонга хориждан амалга оширилган пул ўтказмалари ҳажми 27 фоизга ошиб, 8,2 миллиард АҚШ долларини ташкил этди. Бу ҳақда Марказий банкнинг шарҳида маълумот берилган.
Ушбу маблағларнинг 78 фоизи Россиядан юборилган. Январь-июнь ойларида ушбу давлатдан Ўзбекистонга 6,4 миллиард доллар миқдорида пул ўтказмалари амалга оширилган. Қолган қисми эса Қозоғистон, АҚШ, Жанубий Корея, Туркия, Буюк Британия, Қирғизистон, Литва ва бошқа мамлакатлардан юборилган.

Марказий банк изоҳига кўра, ўсишнинг асосий омиллари сифатида Ўзбекистон фуқаролари анъанавий тарзда меҳнат қилаётган мамлакатларда ишчи кучига талаб ва иш ҳақларининг юқори даражада сақланиб қолаётгани, шунингдек, миллий валюталар курсининг мустаҳкамлиги кўрсатиб ўтилган.
Шунингдек, ташқи меҳнат миграцияси географиясида диверсификация жараёнлари давом этмоқда. Бу эса ривожланган мамлакатлардан Ўзбекистонга келиб тушаётган трансчегаравий пул ўтказмалари ҳажмининг ортишига сабаб бўлмоқда.
Хусусан, қуйидаги давлатлардан юборилган пул ўтказмаларида сезиларли ўсиш кузатилди:
- Буюк Британиядан — 2 баробар,
- Европа Иттифоқи мамлакатларидан — 41% (Ирландиядан — 2,8 баробар, Литвадан — 79%, Нидерландиядан — 44%, Полшадан — 20%),
- АҚШдан — 15%.

Биринчи ярим йилликда жисмоний шахсларга тушган маблағларнинг тақсимоти қуйидагича бўлди:
- 4,3 млрд доллар (53%) — халқаро пул ўтказма тизимлари орқали (2023 йилга нисбатан ўсиш 22%),
- 3,6 млрд доллар (44%) — банк карталари орқали P2P-ўтказмалар (ўсиш 40%),
- 251 млн доллар (3%) — банк ўтказмалари (SWIFT) орқали амалга оширилган (ўтган йилга нисбатан пасайиш — 22%).
Шу даврда Ўзбекистондан хорижга юборилган пул ўтказмалари ҳажми ўзгаришсиз қолиб, 1,2 миллиард долларни ташкил этди.