Ўзбекистонга 2024 йилда хориждан кириб келган пул ўтказмалари қарийб 15 млрд долларга етди
Россия ҳали ҳам пул ўтказмаларида катта улушни эгаллаётганига қарамасдан, янги очилган меҳнат бозорлари – Буюк Британия ва Европа Иттифоқи мамлакатларидан келаётган ўтказмалар ҳажми сезиларли кўпайди.
2024 йилда Ўзбекистон иқтисодиётига кирган трансчегаравий пул ўтказмалари ҳажми 14,8 миллиард долларни ташкил этди. Бу, ўтган йилга нисбатан 30 фоизга ёки 3,4 миллиард долларга кўпроқ деганидир.
2024 йилда ўтказмаларнинг сезиларли ўсишига қуйидаги омиллар сабаб бўлди:
- миграция қабул қилувчи давлатларда иқтисодий фаолликнинг ошиши;
- ишчи кучига талаб ва иш ҳақларининг кўтарилиши;
- юқори даромадли давлатлардан келган ўтказмалар улушининг кўпайиши.
Шунингдек, одамлар онлайн пул ўтказмаларидан доимий равишда фойдаланишни бошлашмоқда. Ўтган йили P2P (онлайн) ўтказмаларнинг улуши 40 фоизгача кўпайиб, транзаксиялар сони 71 миллионга етди.
Янги меҳнат бозорларининг фаоллиги юқориламоқда
Ўтказмаларнинг давлатлар бўйича тақсимотида Россия ҳали ҳам 77 фоиз($11,5 млрд) билан олдинда бормоқда. Россиядан ўтказмалар 2024 йилда 29 фоизга кўпайган. Бироқ вазият бир жойда туриб қолгани йўқ. Ўзбекистон ўзи учун очган янги меҳнат бозорларининг фаоллиги юқориламоқда. Маблағларнинг қолган қисми Қозоғистон (795 млн), АҚШ (577 млн), Жанубий Корея (534 млн), Туркия (405 млн), Буюк Британия (135 млн) ва бошқа давлатлардан амалга оширилди.
2024 йилда Ўзбекистонга келиб тушган трансчегаравий пул ўтказмалари ҳажмида Буюк Британиядан ўтказмалар 83 фоизга ошди. Бу ўсиш Ўзбекистонликларнинг йил давомида фаол равишда мавсумий ишларга жалб қилиниши билан боғлиқ. Буюк Британия ва бошқа мамлакатлардан миграция фаолиятининг ортиши, ишчи кучига талабнинг ошиши, ҳамда янги меҳнат бозорлари очилишининг натижасида ушбу давлатларда ўтказмалар ҳажми сезиларли даражада кўпайди.
Шунингдек, 2024 йилда Жанубий Корея, АҚШ ва Европа Иттифоқи давлатларидан ҳам пул ўтказмалари сезиларли даражада ошди. Жанубий Кореядан 56 фоизга, АҚШдан 35 фоизга, Европа Иттифоқи мамлакатларидан эса 32 фоизга ўзиш кузатилди.
Валюта операциялари
2024 йилда Ўзбекистонда валюта олди-сотди операциялари ҳажми 19 фоизга кўпайиб, 25,5 миллиард долларни ташкил этди. Аҳоли ўз қўлидаги валютани ички бозорда фаол сотиб унга нисбатан камроқ доллар сотиб олмоқда. Жумладан, жисмоний шахслар томонидан:
- 16,1 миллиард доллар сотилган (31% ўсиш);
- 9,4 миллиард доллар сотиб олинган (3% ўсиш).
Сотилган валюта ҳажми харид қилинганидан 6,7 миллиард долларга кўп бўлди. Бунинг натижасида эса ички бозор валютани сотиш ҳисобидан қўшимча таклиф манбаига эга бўлди.
Шунингдек, валюта айирбошлаш пунктлари тармоғи 20 фоизга кенгайиб, уларнинг сони бутун республика бўйлаб 6,2 мингтага етди. Бундан ташқари, 24/7 режимида ишловчи автоматлаштирилган банкоматлар сони 3,4 мингдан ошди. Бу эса аҳолига қўшимча қулайлик яратиб, валютани алмаштиришни янада осонлаштирди. Шунингдек, валюта айирбошлаш пунктлари тармоғи 20 фоизга кенгайиб, уларнинг сони бутун республика бўйлаб 6,2 мингтага етди. Бундан ташқари, 24/7 режимида ишловчи автоматлаштирилган банкоматлар сони 3,4 мингдан ошди.