Ўзбекистонда йиллик инфляция 7,2 фоизгача тушди
2026 йил январь ойида Ўзбекистонда инфляция 0,7 фоизни ташкил этди, йиллик ҳисобда эса 7,2 фоизгача пасайди. Бу инфляция статистикаси эълон қилина бошлагандан буён қайд этилган энг паст даража бўлди. Шу билан бирга, январь ойида гўшт, лимон, булғор қалампири ва OSAGO суғуртаси каби маҳсулот ва хизматлар сезиларли қимматлашди.

Ўзбекистонда 2026 йил январь ойида инфляция 0,7 фоизни ташкил этди. Бу ҳақда Миллий статистика қўмитаси маълум қилди.
Ойлик инфляция даражаси 2025 йилнинг январь ойига нисбатан ўзгаришсиз қолди. Йиллик ҳисобда эса инфляция 9,9 фоиздан 7,2 фоизгача пасайди. Бу кўрсаткич инфляция статистикаси эълон қилина бошлагандан буён қайд этилган энг паст даража ҳисобланади.
Мева ва сабзавот маҳсулотларидаги мавсумий тебранишлар ҳисобга олинмаганда, 2026 йил январь ҳолатига кўра йиллик инфляция 8,1 фоизни ташкил этди.
Маълумот учун, 2026 йил якунига бориб йиллик инфляция 6,5 фоизгача пасайиши кутилмоқда. Марказий банкнинг инфляцион таргетлаш сиёсатига мувофиқ, 5 фоизлик мақсадли даражага 2027 йилда эришиш режалаштирилган. Инфляциянинг барқарор пасайишини таъминлаш мақсадида январь ойида асосий ставка ўзгаришсиз – йиллик 14 фоиз даражасида қолдирилган.
2026 йил январида нималар қимматлашди?
2026 йил январь ойида Ўзбекистонда истеъмол нархлари ўсди. Озиқ-овқат маҳсулотлари бир ойда 0,8 фоизга, 2025 йил январига нисбатан 5,5 фоизга қимматлашди. Саноат товарлари нархлари ойлик 0,4 фоиз, йиллик 5,2 фоиз ўсди. Пуллик хизматлар эса ой давомида 0,8%га, йиллик ҳисобда 13,5 фоизга ошди.
Озиқ-овқат маҳсулотлари
2026 йил январида асосий озиқ-овқат маҳсулотлари орасида қўй гўшти энг кўп қимматлашди — 1,6 фоиз. Парранда гўшти 1,4–1,5 фоиз, мол гўшти эса 1–1,1 фоизга ошди. Шунингдек, шакар ва сут (1%), тухум (0,6%) ҳамда ўсимлик ёғи (0,4%) нархи кўтарилди. Мол гўштининг ўртача нархи республика бўйича 500–1000 сўмга ошди.
Мева-сабзавотлар орасида булғор қалампири нархи кескин — 18,5 фоизга кўтарилди. Январь ойида, шунингдек, банан (6,3%), лимон (4,9%), карам (3,8%), картошка (1,9%), сабзи (1,8%) ва пиёз (1,2%) қимматлашди. Айни пайтда мандарин (−2,4%), апельсин (−2,3%), помидор (−2,1%) ва гуруч (−1,1%) арзонлашди.
Йиллик ҳисобда лимон нархи 90%дан кўпроққа, қўй гўшти 27 фоизга, суяксиз мол гўшти 25 фоизга, суякли мол гўшти 23,8 фоизга ошди. Ўсимлик ёғи (12,8%) ва карам (деярли 28%) ҳам сезиларли қимматлашди.
Хизматлар
2026 йил январида айрим ҳудудларда коммунал хизматлар тарифлари оширилди. Чиқинди ташиш нархи ўртача 0,2 фоиз, иситиш 0,3 фоиз, иссиқ сув 0,9 фоизга кўтарилди. Мобил алоқа хизматлари бир ойда 2,4 фоизга, йиллик 18 фоизга яқин қимматлашди.
Инфляцияга энг кучли таъсир кўрсатган омиллардан бири — OSAGO суғуртаси бўлиб, унинг нархи 281,8 фоизга ошди ва умумий инфляцияни 0,11 фоиз бандга кўтарди. Автомактабларда ўқиш нархи ўртача 5 фоизга ошди.
Тиббий хизматлар нархлари ҳам кўтарилди: диагностик хизматлар 1,5 фоиз, амбулатор даволаниш 1 фоиз, стационар, стоматология ва лаборатория хизматлари 0,7 фоизга қимматлашди.
Саноат маҳсулотлари
Январь ойида АИ-92 бензини 0,6 фоизга, AI-95 0,4 фоизга, AI-98 ва AI-100 0,3 фоизга қимматлашди. Пропан нархи бир ойда 8,9 фоизга, йиллик 12,3 фоизга ошди. Нархлар ўсишини чеклаш мақсадида пропаннинг бир тоннаси учун 8,25 млн сўмлик нарх чегараси белгиланди.
Қимматбаҳо металлардан ясалган узуклар январь ойида 7 фоизга, йиллик ҳисобда 32,6 фоизга қимматлашди. Айрим тоифаларда, жумладан аёллар гигиена воситаларида нархлар 0,6 фоизга пасайди.









