11 973.900 so‘m

increase

64.240

13 700.540 so‘m

increase

111.620

154.820 so‘m

increase

2.540

11 973.900 so‘m

increase

64.240

1 соат аввал
Иқтисодиёт
58

Ўзбекистонда йиллик инфляция 6,4 фоизгача тезлашди

2026 йил июнь ойида Ўзбекистонда истеъмол нархлари индекси ой давомида 0,6 фоизга ошди. Йиллик инфляция май ойидаги 5,5 фоиздан 6,4 фоизгача тезлашди. Нархлар ўсишига асосан электр, газ ва кўмир тарифлари, шунингдек, транспорт харажатларининг ошиши таъсир қилди.

Ўзбекистонда йиллик инфляция 6,4 фоизгача тезлашди

Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, июнда йиғма ИНИ 100,6 фоизни ташкил этди. Йил бошидан буён истеъмол нархлари 3,3 фоизга ошган. Таққослаш учун, 2025 йил июнида йиллик инфляция 8,7 фоиз бўлган эди.

Мева-сабзавот маҳсулотлари нархларидаги мавсумий пасайиш ҳисобга олинмаганда эса, нархлар ой давомида 1,5 фоизга ошган. Бу кўрсаткич йил бошидан буён 4,2 фоиз, йиллик ҳисобда эса 6,9 фоизни ташкил этди.

Нархлар ўсишида энг катта таъсир “Турар жой хизматлари, сув, электр, газ ва бошқа ёнилғи турлари” бўлими ҳиссасига тўғри келди. Ушбу бўлимда нархлар бир ойда 7,8 фоизга, йиллик ҳисобда эса 13,4 фоизга ошди. Транспорт бўлимида нархлар ой давомида 2,4 фоизга қимматлашди.

Июнь ойидан аҳоли учун электр энергияси ва тармоқ газига янгиланган тарифлар жорий этилди. Республика бўйича ўртача ҳисобда электр энергияси 9,6 фоизга, тармоқ гази эса 10,7 фоизга қимматлашди. Электр энергияси нархларининг ошиши ойлик ИНИ ўсишига 0,22 фоиз пункт, тармоқ газидаги ўсиш эса 0,16 фоиз пункт ҳисса қўшган.

Бундан ташқари, илгари аҳолига тартибга солинадиган нархларда сотилган кўмир нархи 2,1 баробарга ошди. Бу омилнинг ўзи июнь ойидаги умумий инфляцияга 0,48 фоиз пункт таъсир кўрсатган. Қўмита изоҳига кўра, 2026 йил июнидан бошлаб кўмир ижтимоий аҳамиятга эга товарларнинг стратегик турлари рўйхатидан чиқарилган ва унинг нархларини давлат томонидан тартибга солиш бекор қилинган.

Транспорт харажатларида ҳам сезиларли ўсиш қайд этилди. Бензин нархлари ой давомида ўртача 3,9 фоизга ошди. Хусусан, АИ-92 бензини 3,6 фоизга, АИ-95 6 фоизга, АИ-98 ва АИ-100 эса 3,9 фоизга қимматлашган. Пропан нархи 11,3 фоизга, метан нархи эса 8,8 фоизга ошди. Такси хизматлари 1,3 фоизга қимматлашган бўлса, темир йўл чипталари 0,3 фоизга, авиақатновлар эса 0,6 фоизга арзонлашди.

Озиқ-овқат маҳсулотлари нархлари эса инфляцияни бироз “ушлаб турган” омил бўлди. Июнь ойида озиқ-овқат ва спиртсиз ичимликлар бўлимида нархлар 1,5 фоизга пасайди. Мева-сабзавотлардаги мавсумий арзонлашув умумий нархлар ўсишини 0,61 фоиз пунктга камайтирган.

Асосий озиқ-овқат маҳсулотлари орасида гуруч ва гуруч оқшоғи 2,3 фоизга, гречка ва пастеризация қилинган сут 1,2 фоизга, шакар, қўй гўшти ва суяксиз мол гўшти 1 фоизга қимматлашди. Тухум нархи 0,8 фоизга, балиқ нархлари эса 0,7 фоизга ошди.

Мева-сабзавотларда эса кескин пасайишлар кузатилди. Бир ой давомида бақлажон 46,6 фоизга, помидор 38,3 фоизга, булғор қалампири 31,4 фоизга, тарвуз 26,3 фоизга, бодринг 25 фоизга арзонлашди. Шу билан бирга, сабзи 6,5 фоизга, пиёз эса 3,6 фоизга қимматлашган.

Ҳудудлар кесимида йиллик инфляция бўйича энг юқори кўрсаткич Самарқанд вилоятида қайд этилди — 6,8 фоиз. Қашқадарёда бу кўрсаткич 6,7 фоиз, Андижон ва Тошкент шаҳрида 6,6 фоизни ташкил қилди. Энг паст йиллик кўрсаткич Сурхондарё вилоятида қайд этилди — 5,7 фоиз.

Умуман олганда, июнь ойидаги инфляциянинг асосий драйвери озиқ-овқат эмас, балки тартибга солинадиган тарифлар ва ёқилғи нархлари бўлди. Мева-сабзавотлардаги мавсумий арзонлашув умумий кўрсаткични пасайтирган бўлса-да, электр, газ, кўмир ва транспортдаги ўсиш йиллик инфляцияни яна юқорига тортди.

Pinkod.uz сайтида эълон қилинган материаллардан нусха кўчириш, тарқатиш ва бошқа шаклларда фойдаланиш фақат таҳририят ёзма розилиги билан амалга оширилиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 15.10.2024 санасида №440126 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.

© 2026 Pinkod.uz.
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.

18+