12 931.940 so‘m

decrease

-8.170

14 107.450 so‘m

increase

51.900

150.180 so‘m

increase

4.560

12 931.940 so‘m

decrease

-8.170

04 март, 18:31
Иқтисодиёт

Ўзбекистонда йиллик инфляция 10 фоиздан ошди

Февралдаги ойлик нархлар ошишида энг кўп нарх кўтарилиши авиачипта, мевa-сабзавот ва пропан ҳисобига тўғри келди.


Йиллик инфляцияда эса, энг кўп электр, газ ва ёқилғининг бошқа турларида ўсиш кузатилган.

Ўзбекистонда йиллик инфляция 10 фоиздан ошди
Фото: AI / Pinkod.uz

Статистика агентлиги маълумотларига кўра, истеъмол нархлари индекси (ИНИ) жорий йил февраль ойида 0,5 фоизга ошган. Йиллик инфляция эса 10,1 фоизга етган. Февраль ойидаги нархлар ўсиши 2023-йилдан бери энг юқори даражага етди.

Мазкур ойда озиқ-овқат нархлари 0,6 фоизга, йил бошидан бери эса 1,4 фоизга ошди. Йиллик инфляция эса сўнгги беш йилликдаги энг паст кўрсаткич – 2,9 фоизга етди.

Ўтган ойда сабзавот маҳсулотлари нархи 5,4 фоизга, гўшт маҳсулотлари эса 2,1 фоизга кўтарилди. Мол гўшти ўтган йил февралидан бери 18,5 фоизга (ойлик 2,8 фоиз) ошган бўлса, шу даврда қўй гўшти нархи 19,4 фоизга (ойлик 2,4 фоиз) юқорилади. Шу билан биргаликда, тухум нархи 12 фоизга, буғдой уни 5 фоизга, гуруч маҳсулоти 3,9 фоизга ва шакар нархи 1 фоизга арзонлади.

Мева-сабзавот маҳсулотлари орасида помидор нархи 30,1 фоизга, карам 17,8 фоизга ва бодринг нархи 17,3 фоизга юқорилади. Бу тоифада фақат банан нархи 3,6 фоизга арзонлагани кузатилди.

Кийим ва поябзал нархлари мос равишда 0,2 ва 0,3 фоизга қимматлашди. Йиллик инфляция кийим нархларида 5,3 фоизни, поябзалда эса 4,8 фоизни ташкил этди.

Ижара нархлари ой давомида 0,5 фоизга ошиб, йиллик нарх ошиши 13,5 фоизга етди. Электр, газ ва ёқилғининг бошқа турлари нархи 0,1 фоизга юқорилади. Бир йил ичида эса нархлар 68,5 фоизга кўтарилган. Жумладан:

  • тармоқ газ нархи 129 фоизга,
  • электр энергияси нархи 67 фоизга,
  • марказий иситиш хизмати нархи 36,7 фоизга,
  • иссиқ сув таъминоти нархи 32,7 фоизга ошди.

Пропан нархи февраль ойида 4,3 фоизга ошиб, йиллик қимматлашиш 11,3 фоизга етган. Бензин эса 0,4 фоизга ошиб, йиллик 2,9 фоизга етди.

Авиачипта нархлари февраль ойида кескин 22,4 фоизга ошди. Поезд хизматлари эса 4,5 фоизга қимматлаб, йиллик инфляция 18,6 фоизга етди.

Умумий ҳолатда пуллик хизматларга бўлган нархларнинг ойлик ўсиш суръати 2021-йилдан бери энг юқори даражага – 0,8 фоизга етди. Йиллик ўсиш суръати эса февраль ойида 27,1 фоизга етди.

Pinkod.uz сайтида эълон қилинган материаллардан нусха кўчириш, тарқатиш ва бошқа шаклларда фойдаланиш фақат таҳририят ёзма розилиги билан амалга оширилиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 15.10.2024 санасида №440126 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.

© 2025 Pinkod.uz.
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.

18+