12 092.870 so‘m

increase

16.890

13 824.570 so‘m

increase

24.140

157.130 so‘m

decrease

-0.190

12 092.870 so‘m

increase

16.890

26 дақиқа аввал
Иқтисодиёт
44

Ўзбекистонда хусусий ва корпоратив пенсия тизимлари жорий этилиши мумкин

Президентга тақдим этилган таклифларда Ўзбекистонда жамғариб бориладиган пенсия тизимини кенгайтириш, хусусий ва корпоратив пенсия механизмларини яратиш кўзда тутилмоқда. 

Мутасаддиларга тегишли қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш топширилди. Хусусий пенсия фондларини 2030 йилгача ташкил этиш режаси аввалроқ ҳам эълон қилинган эди.

Ўзбекистонда хусусий ва корпоратив пенсия тизимлари жорий этилиши мумкин
Фото: AI/Pinkod.uz

Президент Шавкат Мирзиёев пенсия тизимини ислоҳ қилиш бўйича таклифлар тақдимоти билан танишди. Унда жамғариб бориладиган пенсия тизимини ривожлантириш билан бирга, Ўзбекистонда хусусий ва корпоратив пенсия механизмларини яратиш таклиф қилинди.

Тақдимотда ривожланган мамлакатларда пенсия жамғармаларидаги маблағлар иқтисодиёт учун узоқ муддатли молиявий ресурс вазифасини бажариши қайд этилди. Ҳисоб-китобларга кўра, Ўзбекистонда ҳам тизим тўғри йўлга қўйилса, пенсия маблағларини иқтисодиётга узоқ муддатли инвестиция сифатида жалб қилиш мумкин.

Мазкур ёндашув Халқаро валюта жамғармаси, Жаҳон банки, Осиё тараққиёт банки ва Халқаро меҳнат ташкилоти экспертлари томонидан ҳам қўллаб-қувватланаётгани билдирилди.

Президент мутасаддиларга хорижий тажрибани ўрганиб, хусусий ва корпоратив пенсия тизимларини яратиш бўйича қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш вазифасини топширди.

Ҳозирча хусусий пенсия жамғармалари қандай шаклда ишлаши, уларни ким бошқариши, бадаллар миқдори ва маблағларни инвестиция қилиш тартиби маълум қилинмаган. Таклифлар жамоатчилик, оммавий ахборот воситалари ва блогерлар иштирокида муҳокама қилиниши режалаштирилган.

Ҳозирги тизим қандай ишлайди?

Ўзбекистонда давлат пенсияси билан бирга жамғариб бориладиган пенсия тизими ҳам мавжуд. У 2005 йилдан бошлаб ишлайди ва фуқароларнинг шахсий ҳисобварақлари Халқ банкида юритилади. Тизим “Фуқароларнинг жамғариб бориладиган пенсия таъминоти тўғрисида”ги қонун асосида жорий этилган.

Ҳозирда фуқаролар иш ҳақининг 0,1 фоизи жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварағига ўтказилади. Ушбу маблағларга йилига 10 фоиз даромад ҳисобланади. Тақдимотда бу кўрсаткич банк омонатлари даромадидан қарийб икки баробар кам экани қайд этилди.

Шу сабабли ойлик иш ҳақи 7,6 млн сўмгача бўлган фуқаро ҳисобварағига иш ҳақининг 5 фоизини ўтказса, давлат унинг ҳисобига қўшимча 2,5 фоиз миқдорида маблағ ажратиши таклиф қилинди.

Масалан, ойлиги 6 млн сўм бўлган фуқаро ҳар ой пенсия ҳисобварағига 300 минг сўм йўналтирса, давлат яна 150 минг сўм қўшиши мумкин.

Ойлиги 7,6 млн сўмдан юқори бўлган фуқаролар учун эса мазкур чегарадан ошган даромад бўйича тўланган ижтимоий солиқнинг 1 фоизини шахсий пенсия ҳисобварағига ўтказиш таклиф этилмоқда.

Хусусий пенсия фондлари аввал ҳам режалаштирилган

Хусусий пенсия жамғармаларини ташкил этиш масаласи илк бор кўтарилаётгани йўқ.

2018 йилда давлат пенсия таъминоти тизимини ислоҳ қилиш концепцияси лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига қўйилганди. Унда пенсия тизимининг молиявий барқарорлигини мустаҳкамлаш, фуқароларнинг тизимдаги иштирокини кенгайтириш ва жамғариб бориладиган механизмларни такомиллаштириш масалалари кўриб чиқилган.

2020 йилда пенсия ислоҳотининг янгиланган концепцияси устида иш олиб борилгани маълум қилинди. Ўша пайтда энг кўп муҳокама қилинган масалалар пенсия ёши, минимал иш стажи ва тизимнинг узоқ муддатли молиявий барқарорлиги билан боғлиқ эди.

2025 йил сентабрида Пенсия жамғармаси ижрочи директори Муродбек Атаджанов Ўзбекистонда хусусий пенсия жамғармаларини 2030 йилгача ташкил этиш режалаштирилаётганини маълум қилганди.

Ўша режага кўра, 2027–2028 йилларда хусусий пенсия жамғармалари фаолияти учун норматив-ҳуқуқий база ишлаб чиқилиши, кейинги икки йилда эса фондларни амалда ташкил этиш кўзда тутилган. Уларда фуқароларнинг ихтиёрий бадаллари асосида қўшимча пенсия жамғариш имконияти яратилиши айтилган.

Хусусий пенсия тизими нимани ўзгартириши мумкин?

Амалдаги тизимда фуқаронинг асосий пенсияси давлат томонидан тайинланади, жамғариб бориладиган ҳисобварақ эса қўшимча тўлов манбаи ҳисобланади.

Хусусий пенсия тизими жорий этилса, фуқаролар давлат пенсиясидан ташқари, алоҳида фондларга ихтиёрий бадаллар киритиб бориши мумкин. Фондлар ушбу маблағларни қонунчиликда рухсат этилган активларга инвестиция қилади, олинган даромад эса фуқаронинг шахсий жамғармасига қўшилади.

Корпоратив пенсия тизимида эса бадаллар ходимнинг ўзи билан бирга иш берувчи томонидан ҳам тўланиши мумкин. Бу компаниялар учун малакали ходимларни жалб қилиш ва узоқ муддат ушлаб қолиш воситаларидан бирига айланиши мумкин.

Pinkod.uz сайтида эълон қилинган материаллардан нусха кўчириш, тарқатиш ва бошқа шаклларда фойдаланиш фақат таҳририят ёзма розилиги билан амалга оширилиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 15.10.2024 санасида №440126 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.

© 2026 Pinkod.uz.
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.

18+