12 092.870 so‘m

increase

16.890

13 824.570 so‘m

increase

24.140

157.130 so‘m

decrease

-0.190

12 092.870 so‘m

increase

16.890

3 соат аввал
Иқтисодиёт
69

Ўзбекистонда пенсияни ҳисоблаш даври 5 йилдан 20 йилгача узайтирилиши мумкин

2027 йилдан пенсия ҳисоблашда инобатга олинадиган иш ҳақининг юқори чегарасини 6 млн сўмдан 6,6 млн сўмга ошириш режалаштирилмоқда. Шунингдек, иш ҳақининг 5 фоизини жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварағига ўтказган фуқароларга давлат томонидан қўшимча 2,5 фоиз маблағ ажратиш таклиф қилинди.

Ўзбекистонда пенсияни ҳисоблаш даври 5 йилдан 20 йилгача узайтирилиши мумкин

Президент Шавкат Мирзиёев пенсия тизимини ислоҳ қилиш бўйича таклифлар тақдимоти билан танишди.

Тақдимотда пенсия миқдорини ҳисоблаш тартибини такомиллаштириш, жамғариб бориладиган пенсия тизимининг жозибадорлигини ошириш, шунингдек, хусусий ва корпоратив пенсия механизмларини жорий этиш масалалари кўриб чиқилди.

Қайд этилишича, сўнгги ўн йилда Ўзбекистонда пенсиялар миқдори 3,3 баробар оширилган. 2021 йилгача 1,1 млн нафар фуқаронинг пенсияси 400 минг сўмдан кам бўлган бўлса, ҳозирда энг кам пенсия 878 минг сўмни ташкил этмоқда. Бу минимал истеъмол харажатлари — 715 минг сўмдан юқори.

Пенсия 20 йиллик иш ҳақидан ҳисобланиши мумкин

Амалдаги тартибга кўра, пенсия фуқаронинг охирги ўн йиллик меҳнат фаолиятидаги исталган кетма-кет беш йиллик иш ҳақидан келиб чиқиб ҳисобланади. Шу билан бирга, ойлик иш ҳақининг 6 млн сўмдан юқори қисми ҳисоб-китобга киритилмайди.

Тақдимотда бу айрим ҳолларда фуқароларга тайинланадиган пенсиянинг ўртача миқдори пасайишига олиб келаётгани қайд этилди.

Шу сабабли пенсия ҳисобланадиган иш ҳақи даврини 5 йилдан 20 йилгача узайтириш таклиф қилинди. Бунда фуқаронинг паст даромад олган айрим даврларини умумий ҳисоб-китобдан чиқариш имконияти ҳам кўзда тутилмоқда.

Бундан ташқари, 2027 йилдан пенсия ҳисоблашда инобатга олинадиган ойлик иш ҳақининг юқори чегарасини ҳозирги 6 млн сўмдан 6,6 млн сўмга ошириш режалаштирилмоқда.

Ҳисоб-китобларга кўра, янги тартиб асосида пенсияга чиқадиган фуқароларнинг пенсия миқдори ҳозиргига нисбатан ўртача 8 фоизга ошиши мумкин.

Давлат пенсия жамғармасига қўшимча пул ажратиши мумкин

Ҳозирда фуқаролар иш ҳақининг 0,1 фоизи жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварағига ўтказилади. Ушбу маблағларга йиллик 10 фоиз даромад ҳисобланади. Бу банк омонатлари бўйича даромаддан қарийб икки баробар кам.

Шу сабабли аҳолини жамғариб бориладиган пенсия тизимида фаолроқ иштирок этишга рағбатлантириш учун янги механизмлар таклиф қилинди.

Хусусан, ойлик иш ҳақи 7,6 млн сўмгача бўлган фуқаро пенсия ҳисобварағига иш ҳақининг 5 фоизини ўтказса, давлат томонидан унинг ҳисобига қўшимча 2,5 фоиз миқдорида маблағ ажратилиши мумкин.

Масалан, ойлиги 6 млн сўм бўлган фуқаро ҳар ой 300 минг сўмни пенсия ҳисобварағига ўтказса, давлат унинг ҳисобига яна 150 минг сўм қўшиб бериши мумкин.

Ойлик иш ҳақи 7,6 млн сўмдан юқори бўлган фуқаролар учун эса ушбу миқдордан ошган даромад бўйича тўланган ижтимоий солиқнинг 1 фоизини шахсий пенсия ҳисобварағига ўтказиш таклиф қилинди.

Хусусий пенсия тизими яратилиши мумкин

Тақдимотда ривожланган мамлакатларда жамғариб бориладиган пенсия маблағлари иқтисодиёт учун узоқ муддатли молиявий ресурс вазифасини бажариши таъкидланди.

Ҳисоб-китобларга кўра, Ўзбекистонда ҳам пенсия тизими тўғри йўлга қўйилса, иқтисодиётга узоқ муддатли маблағларни жалб қилиш имконияти пайдо бўлади. Бу Халқаро валюта жамғармаси, Жаҳон банки, Осиё тараққиёт банки ва Халқаро меҳнат ташкилоти экспертлари томонидан ҳам қўллаб-қувватланган.

Шу боис жамғариб бориладиган пенсия тизимини ривожлантириш билан бирга, хусусий ва корпоратив пенсия механизмларини яратиш режалаштирилмоқда.

Мутасаддиларга хорижий тажрибани ўрганиб, хусусий ва корпоратив пенсия тизимларини ташкил этиш бўйича қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш топширилди.

Президент пенсия тизимидаги ўзгаришлар миллионлаб фуқароларнинг ҳаёти ва келажагига дахлдор эканини қайд этиб, ҳар бир таклифнинг ижтимоий ва иқтисодий таъсирини пухта ҳисоблаш зарурлигини таъкидлади.

Таклифларни аҳоли, оммавий ахборот воситалари ва блогерлар иштирокида очиқ муҳокама қилиш, ислоҳотларнинг мақсади ва кутилаётган натижаларини фуқароларга тушунтириш вазифаси қўйилди.

Pinkod.uz сайтида эълон қилинган материаллардан нусха кўчириш, тарқатиш ва бошқа шаклларда фойдаланиш фақат таҳририят ёзма розилиги билан амалга оширилиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 15.10.2024 санасида №440126 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.

© 2026 Pinkod.uz.
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.

18+